26/02/2021

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТАБИАТГА МУҲАББАТ БОҒЧАДАН ШАКЛЛАНАДИ

Мамлакатимизда таълим, туризм ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан саналади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 йил январ ойида “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори асосида ташкил этилган “Ўзбекистон экологик партияси”нинг майдонга келиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Париянинг Данғара тумани Кенгаши ташаббуси билан ёш авлоднинг экологик маданиятини шакллантириш ва туризмни ривожлантириш мақсадида “Таълим – туризм – экологик маданият” Концепсияси ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга жорий этилмоқда.

Жумладан,  Концепсия тамойилларини таҳлил қилиш мақсадида илк бор Данғара тумани 4- сонли мактабгача таълим муассасасининг 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган тарбияланувчилари орасида экологик маданиятини шакллантиришда сайёҳлик соҳасининг  ўрни таҳлил қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Д. Мелибоева раҳбарлигидаги муассаса тарбиячиларининг ёш авлодни қатъиятли, атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш борасида олиб бораётган машаққатли меҳнати эътирофга лойиқ.   

Инсон умри давомида олиши мумкин бўлган ахборотнинг 80 фоизини бевосита 5 ёшгача бўлган даврда ўзлаштиради. Унинг шахс сифатида комолотга эришиши учун зарур бўлган маданиятнинг барча сигментларининг дастлабки кўринишлари айнан мактабгача таълим муассасасида шаклланишини инобатга олган ҳолда 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган 125 нафар тарбияланувчилар ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Унда 5 ёшдаги респодентлар 48 нафарни ташкил этиб шундан 21 нафари қиз болалар, 6 ёшдаги респодентлар 68 нафарни ташкил этиб  шундан 27 нафари қиз болалар, 7 ёшдаги респодентлар жами 69 нафарни ташкил этиб шундан 33 нафари қиз болалардан иборат эди. Тарбияланувчилар ўртасида оғзаки услубда индивидуал равишда 33 та саволлар орқали саёҳат, табиат, экологик маданият ва ота-оналарнинг фарзандларига муносабати аниқланди.

Ёш ҳусусиятига қараб алоҳида-алоҳида ўтказилган сўровнома натижасига кўра “Саёҳат нима?” тарзида берилган саволга 5 ёшдаги респодентлар табиат қўйнига саёҳат қилишни тушунишларини таъкидлаган бўлса, 6 ёшли респодентлар ўзгачароқ, чўмилиш ҳавзалари ва ҳайвонот боғларига боришни тушунишларини, 7 ёшли респодентлар дунёқараши янада кенг қамровли ҳолатда бўлиб Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро сингари тарихий марказларига ҳамда турли кўнгилочар аттракционларга боришни тушунишини билдирди. Ижимоий сўров таҳлили шуни кўрсатадики, муассасада тарбияланувчилар Ўзбекистон табиати ва диққатга сазовор жойлари ҳақида олган билимлари саёҳат ҳақидаги билим кўникмаларининг кенгайишига сабаб бўлган.

Респодентларга “Ота – онангиз ҳамроҳлигида қаерларга саёҳатга боргансиз?” деган саволга 5 ёшдан 7 ёшгача респодентларнинг 60 фоизи балиқ овига ва тоғли ҳудудларга саёҳатга олиб чиқанлигини айтган бўлса, қолган респодентлар шаҳар ҳудудидаги истироҳат боғларига саёҳатга борганлигини таъкидлади. Бироқ, шуниси ажабланарлики, “Ота-онангиз шанба ва якшанба кунлари саёҳатга олиб чиқадими?” деган саволга 78 фоиз респодентлар “йўқ”, деган жавоб берди. Демак, мурғак кўнгиллар турли байрамлар ва тадбирлар боҳана ота-оналар томонидан саёҳатга олиб чиққанлиги бир умрга хотирасида қолмоқда. “Яқин қариндошарингиз сизни велосипедда ёки автомобилда саёҳатга олиб чиқишини ҳохлайсизми?” деган саволга 100 фоиз қизиқиш билдиришди. Аммо ота – оналар ва бошқа яқин қариндошларни уларни бундай завқли машғулот билан шуғуллантириш учун вақтлари йўқлигини билдириб ўтди.

Фарзандларимиз биздан фақат эътибор сўрамоқда. Табиатнинг тоғли ҳудудларга хаётида хеч бўлмаса бир марта саёҳатга чиққан бўлса-да, чўл ҳудудлари ва қум барҳанларини бир марта ҳам кўрмаганлигини айтиб ўтишди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Данғара туманида Фарғона водийсида ягона Чинобод 2 қишлоғида 56 гектар майдонда ташкил этилиши кутилаётган “Эко парк” лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, натижада ёш авлод табиатнинг бетакрор кўринишларидан баҳраманд бўлиш билан бир қаторда экстремал спорт турлари ва туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.  Ёш респодентларга “Шаҳар ҳудудида дам олишни ҳохлайсизми ёки қишлоқ ҳудудларида?” деган саволга 65 фоиз респодентлар қишлоқ ҳудудларини маъқул кўрган бўлса, 35 фоиз респодентлар шаҳар ҳудларини танлади. Шаҳар ҳудудларида дам олишни ҳохловчиларнинг асосий қисмини қиз болалар ташкил этган бўлса, ўғил болалар асосан қишлоқ ҳудудларида саёҳат қишни ҳохлашларини билдирди. Яқин қариндошларини яъни буви ва буваларини кўриш учун ота – онангиз қанча муддатда сизни олиб боради?” деган саволга эса 5 ёшли респодентларнинг 72 фоизи икки ҳафтада ва ундан ҳам узоқ муддатда деб кўрсатган бўлса, 6 ва 7 ёшли респодентлар бир ҳафтада деган жавобни беришган.  Яна шуни алоҳида эътироф этиш лозимки ёш респодентларимизга “Агар танлаш имкони берилса саёҳатга ота – онангиз билан чиққан бўлармидингиз ёки буви – бувалар биланми?” деган саволга респодентларнинг 82 фоизи буви ва буваларини маъқул кўрди. Бу биз фарзандларимизнинг саволларига етарли даражада жавоб бермаётганлигимиздан, унинг фикрларини эшитмаётганлигимиздан, уларни  қийнаётган муаммоларга биргаликда ечим топмаётганлигимиздан далолат беради.

Бундан ташқари “Экологик тарбия, табиат ҳақидаги билимларни сиз қаердан ўзлаштиряпсиз?” деган саволга 62 фоиз респодентлар муассасада тарбиячилардан, 30 фоизи телевидениядан, фақатгина 8 фоизи ота – онасидан олишини қайд этди. Мана натижа, болаларни ёш авлодни замонавий технологиялардан ажрата олмаётганлигимиз катта фожеа сифатида бонг урилмоқда. Кимнидир айбдор қилиш эмас, аксинча танқид тараққиёт меваси эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз холос. Бироқ айб ёш авлодда эмас балки уларга тарбия бераётган ота – оналардами ёки тезкорлик билан замонавий кўриниш касб этиб  бораётган глобаллашувда? Хулоса сиздан, азиз ҳамюртлар. Асл маънавият, миллий қадриятлар, аҳлоқ мезонлари хеч қачон китобларда ёзилмайди улар шаклантирилади.

Экологик маданият маънавий ҳаётимизнинг чамбарчас қисми экан, ёш авлодни табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашимиз учун аввало ўзимиз табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз лозим. Ёш авлод эшитганига эмас кўрганига ишонади. Сўзимиз ва амалимиз бир – бирига монанд бўлмас экан, келажакда ёш авлодни танқид қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмайди. Биз келажак авлод олдида масъуллигимизни унутмаган холда уларга бахтли болаликни ҳадя этибгина буюк келажакни кутишимиз мумкин.

Музаффарржон МАНСУРОВ,
Ўзбекистон экологик партияси Данғара туман Кенгаши раиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan