Pay. Okt 29th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЯНГИЛАНАЁТГАН БУЛОҚБОШИ

Халқимизнинг муаззам ва мукаррам байрами – истиқлолимизнинг 28  йиллик тантанасига ҳам бир ой муддат қолди. Тўйга тўёна билан келишни одат қилган юртдошларимиз ҳар бир соҳада ўзгача шижоат билан меҳнат қилиб, унга хос ва мос туҳфа тайёрлаш мақсадини дилга жо қилганлар. Жумладан, булоқбошиликлар ҳам бу борада ўзларининг қатор режаларига эга. Шу боис ҳозирда туманимизда кенг миқёсдаги қурилиш  ва ободонлаштириш, яратиш тадбирлари бажариляптики, унинг натижасида туман маркази ва қишлоқларимиз жамоли янгича, кўркам қиёфа касб этаётир.

Бугун Булоқбоши тумани марказидаги биргина Мирзакалон Исмоилий номи билан ааладиган кўчадаги таъмирлаш ишлари натижаси ҳар қандай кишининг завқини келтиради. Йил бошидан бери  йўлнинг икки юзидаги қатор бинолар тўла қайтадан таъмирланди ва у намунали кўчага айланди. Бир текис асфальтланган кўча атрофида давом этаётган ободонлаштириш тадбирлари уни янада кўркам қилади. Аввалдан тор ва илонизи бўлиб чўзилган Саноат маҳалласи кўчаларидаги ноқонуний қурилмалар ўрнида эндиликда бир текисда замонавий сервис ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўп қаватли уйлар барпо этиляпти.

Шунингдек, инвестиция дастури доирасида жойлардаги ижтимоий соҳа объектларида умумий қиймати 15  миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Жумладан, “Анемон элит” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари шу кунгача туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплексида 2 миллиард 354  миллион сўмлик иш бажариб, тиббиёт муассасасини шу кун талабидаги шифо  масканига айлантиришди. Шунингдек, тумандаги 14-умумтаълим мактаби жамоаси ва ўқувчилари байрам арафасида қурувчилар томонидан “Обод қишлоқ” дастури доирасида тўла реконструкциядан чиқарилган янги бинони қабул қилиб олишади. “Бинокор мадад қурилиш” ҳамда “Зиё нур элит” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан барпо этилаётган 1 ва 3-мактабгача таълим муассасалари эса болажонлар, уларнинг ота-оналари учун катта имкониятлар эшигини очади. Бунинг учун 7 миллиард 132  миллион сўм маблағ сарфланмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан жойларда “Обод қишлоқ” дастури доирасида барпо этилаётган қатор муассасалар, намунавий лойиҳадаги янги уйларда ҳам қизғин иш олиб бориляпти. Тумандаги Нефтчилар маҳалла фуқаролар йиғинидаги 12  ва 14 –умумтаълим мактаблари, Баландчек маҳалласидаги 13-умумтаълим мактаби ва туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг ҳудудий бўлими, Нефтчилар, Баландчек ҳамда Саноат маҳаллаларидаги салкам йигирма километрлик ичимлик суви объектлари ҳам юртдошларимиз қувончига қувонч қўшади. Ҳозирда ушбу манзилларда иш олиб бораётган “Қурилиш инвест люкс”, “Анд қурувчи бизнес”, “Андижон ихлос қурилиш” ва “Ойбек меъмор” каби масъулияти чекланган жамиятлар бунёдкорлари ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланиш ҳаракатидалар.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда жойлардаги тиббиёт муассасаларини муқобиллаштириш ҳисобига янги, замонавий ҳамда зарур тиббий жиҳозларга эга бўлган қишлоқ оилавий поликлиникалари барпо этиляпти. Жорий йилда фойдаланишга топшириладиган Найман қишлоғидаги 22 ва Учтепадаги 21-қишлоқ оилавий поликлиникалари ана шулар сирасига киради. Ҳозирда бу ерда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан алоҳида лойиҳа асосидаги бунёдкорлик ишлари бажариляпти.

Сир эмас, бугунги ислоҳотлардан бош мақсад халқ розилигига эришиш. Бу борада аввало юртдошларимизнинг уй-жойга бўлган эхтиёжини қондириши муҳим вазифадир. Истиқлолимизнинг 28  йиллиги нишонланадиган амалдаги йилда туманимизда 154 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли намунавий уй-жойлар барпо этиляпти.  “Қумгузар” ва “Байналмилал” маҳаллаларидаги ушбу уйларнинг қурилишида “Яхшилик сари”, “Радиус сервис”, “Жавлонбек бино қурилиш”, “Қўрғонтепа КМК”  сингари  масъулияти чекланган жамиятлари жамоаси қурувчилари иш олиб боришяпти. Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосидаги янги уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини комплекс равишда ривожлантириш – бу, аввало, одамларимизнинг турмуш тарзи ва менталитетини тубдан ўзгартириш бўйича эзгу мақсадларни кўзлайди. Қишлоқ аҳолиси ҳаётини сифатли ташкил этиш ва яхшилашга доир узоқ муддатли давлат дастурининг асосий маъно-мазмуни   – мамлакатимиз қиёфасини ҳар томонлама обод қилишга қаратилган, истиқболга мўлжалланган муҳим вазифа эканлиги билан аҳамиятлидир.  Шунинг учун ҳам бундай уйларга кўчиб кираётган юртдошларимиз аввало мазкур тадбирларнинг бош      ташаббускори –  Президентимизга ўз  миннатдорчиликларини билдиришмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун Булоқбошида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари  замирида юртдошларимизни ҳақиқий маънодаги бахтли ҳаёт, фаровон турмуш  соҳибларига айлантириш мақсади мужассам. Зеро бу, истиқлолимизнинг 28  йиллиги олдидан янграётган шукуҳли калом- “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл обод!” шиорининг ҳаётий намунаси,  амалий исботидир.

Ўткирбек МАЪМУРОВ,
Булоқбоши тумани ҳокими.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.