Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

БАХТИ БУТУН БУНЁДКОР

Хонобод – бунёдкорлар шаҳри. Вилоятдаги кенжа шаҳарлардан саналган бу кентнинг қурилишида юзлаб фидойи инсонлар иштирок этишган. Улардан бири, умрининг етмиш тўртинчи баҳорида ҳам вужуди ғайрат – шижоатга тўла, яратиш, бунёд этиш ишқи билан ёнаётган замондошларимиздан бири Мамадали Абдураимовдир.

Басавлат, алпкелбат, ҳаракатлари чаққон бу одамни кўрсангиз унга ҳатто олтмиш ёш ҳам бермайсиз. Доимо бирор иш билан машғул, бекорчиликни умр кушандаси деб биладиган Мамадали акани ё иш билан машғул ҳолда ва ёки фарзандлари қуршовида  келгуси фаолият режаларини тузаётган жараёнда учратасиз. У билан кўришмоқ истагида қўнғироқлашганимизда эса Шаҳрихонда – институтда бирга таҳсил олган сабоқдошлари даврасида экан.  

-Бу йил Андижон пахтачилик институтини битирганимизга 50  йил бўлди, – дейди Мамадали ака. – Шу боис курсдошлар бирлашиб ўзига хос юбилей  қилмоқчимиз. Шундоқ ҳам ҳар ойда кўришиб турадиган сабоқдошлар тадбир баҳона ёшлигимизни хотирлаймиз, орамиздан эрта кетган дўстларимизнинг оила аъзоларидан хабар оламиз, ортимиздан ўсиб келаётган авлод, издошларимизга меҳр-оқибат, дўстлик ришталари қандай бўлиши кераклиги хусусида ҳам ўрнак бўлмоқчимиз. Зеро, айнан шулар бизнинг эзгу ишларимиз давомчиларидир.

Ҳа, бу хайрли тадбир. Қолаверса, олийгоҳни битирганларига ярим аср  тўлганлигининг ўзи ҳам катта воқеа. Институтдан кейинги йиллар давомида ҳаёт мактабининг турфа синовларини ҳалол меҳнат, сабот ва матонат билан енгиб ўтган Мамадали Абдураимов нафақат шаҳримиз, балки вилоятнинг кўзга кўринган қурувчиларидан. 1969  йилда Андижон  пахтачилик институтини муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича аъло баҳоларга битирган ёш йигит тўғри ўз шаҳри – Хонободга  ишга юборилди. Даставвал “Андижонсувқурилиш”  бошқармасида қурилиш устаси сифатида фаолият бошлаган Мамадали ўзининг билимдонлиги, тиришқоқлиги билан назарга тушди. Тез орада у бошқарма бош муҳандиси, кейинчалик бошлиғи даражасига кўтарилди.

-Дастлабки фаолиятим шаҳримизнинг барпо этилишига асос бўлган Андижон сув омбори қурилиши билан боғлиқ, – дейди қаҳрамонимиз. – 1970-1980  йилларда шу объектда меҳнат қилдим. Маҳобатли гидротехник иншоот фойдаланишга топширилгач, Хонобод шаҳри  қурилишини давом эттирдик.  Сув омбори ишчилари учун турар-жойлар, уларнинг фарзандларига мактаб  ва боғчалар, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилди. Янги йўллар, маҳалла ва гузарлар қурилди. Хонтоғ бағрида эса аҳоли дам олиш масканлари, бири-биридан сўлим чойхоналар иш бошлади. Жамоамизнинг ҳамжиҳатлиги, мақсад йўлидаги матонати боис шаҳримиз кундан-кунга чирой очиб борди. Андижон сув омборига ҳамоҳанг тарзда унинг ёнида гўзал шаҳар  қад кўтарди. Қурилиш ишлари шунчалик пухта ва дид билан бажарилди-ки, оқибатда у нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёдаги энг сўлим ва кўркам кентга айланди.

Дарҳақиқат, Хонобод барпо этилганидан бери янада чирой очиб боряпти. Хусусан, айни кунларда Хонтоғ бағрида мингдан зиёд меҳмон уйлари, шаҳарнинг бетакрор тароватидан баҳра олишга келадиган сайёҳлар учун хизмат кўрсатувчи сервис шаҳобчалари, Андижон сув омбори соҳилида эса замонавий меҳмонхоналар, пляж ва махсус ов ҳудудлари, Европа ҳамда Осиё андозасида қуриладиган дам олиш ҳамда овқатланиш объектлари қад кўтаради. Албатта, бу ишларда Мамадали Абдураимов каби  соҳада катта тажрибага эга нуронийлар, юксак билим соҳиблари бош – қош бўладилар.

-Бунёдкорлик – шарафли касб, – дейди отахон. – Шу боис мен умримни унга бағишладим. Бугун вилоятимиз бўйлаб кезсам, ҳар қадамда менинг  иштирокимда барпо этилган қатор халқ хўжалиги объектларини кўраман. Биз қурган бинолар халқимизга хизмат қилаётганлигидан дилим ифтихорга тўлади. Энг муҳими, шундай иншоотлар, бинолар қурганмизки, улар  сифат  жиҳатидан асло бенуқсон. Шунинг учун ҳам орадан йиллар ўтса-да охори тўкилмаган.

Қаҳрамонимиз ҳақ гапни айтди. Бугун у ва жамоаси бунёд этган Шаҳрихонсой ирригация тармоғи, Хонобод-Андижон ичимлик суви йўли, Жалақудуқдаги подшипник заводи, “Андижонкабель” ҳиссадорлик  жамияти бино ҳамда иншоотлари,     “Ойимтекстиль” ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда қатор мактаб ва касалхоналар халқ хўжалигинининг турли соҳаларини ривожлантириш орқали юртдошларимиз турмушига файз киритяпти.

Яна бир гап. Мамадали Абдураимов нафақат меҳнат фаолиятида, балки оилада ҳам ҳақиқий бунёдкорларни тарбиялади. Турмуш ўртоғи Дилбархон ҳам қурувчи сифатида 30  йил фаолият кўрсатиб пенсияга чиққан. Ўғиллари Улуғбек, Эркинжон, Отабек ва Бахтиёр ҳам қурувчи бўлиб етишган. Уларнинг ўз қурилиш корхоналари бор ва вилоятдаги қатор объектларда самарали иш олиб боришяпти.  Отанинг ўзи эса ҳозирда “Юксак обод қурилиш” хусусий корхонасининг таъсисчиси сифатида бир он бўлса-да тиним билмайди. Шаҳарни янада обод қилиш  йўлида янги-янги ғоялар, лойиҳалар яратиш билан машғул.

Мамадали Абдураимов мана шундай тиришқоқ, эл назарини топган нуронийларимиздан. Унинг камтаргина, лекин баракали фаолияти бу йил иккинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига муносиб топилди. Аслида гап мукофотда ҳам эмас. Чунки, ота шунча йиллик меҳнатини рағбат учун эмас, эли-юртига бағишлади ва унинг ҳурматига сазовор бўлди. Бу ҳар қандай мукофотдан аъло, ҳар қандай рағбатдан устун туради. Янада муҳими, ҳали қалби завққа тўла қаҳрамонимиз кўплаб бинолар қуради, қатор қурилишлар, янги-янги объектлар барпо этишда бош бўлади. Бу бинолар унинг меҳнатига қўйилган ҳайкал мисол узоқ  йиллар савлат тўкиб туради.

Абдумухтор НОРҚЎЗИЕВ,
“Нуроний” жамғармаси Хонобод шаҳар бўлими раиси.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.