EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТАҲЛИЛЛАР ҲАВОТИР УЙҒОТАДИ

Бугун табиат муҳофазаси, хусусан, атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш инсоният олдида турган глобал муаммо ҳисобланади. Негаки, инсон омили таъсири натижасида бу қатламнинг кун сайин  ифлосланиб бориши курраи заминдаги қатор экологик хатарларни келтириб чиқаряпти. Биргина “иссиқхона эффекти”  муаммоси ер юзидаги ҳароратнинг кўтарилиши, тоғлар, шимолий ва жанубий қутбдаги асрий музликларнинг эришига сабаб бўляпти. Бунинг оқибатидаги иқлим ўзгаришлари турли қитъалардаги кўплаб табиий офатларни келтириб чиқаряпти.

Шу ўринда ушбу муаммога инсонлар қандай таъсир ўтказаётганлиги ҳусусида қизиқиб кўрамиз. Албатта, бунинг бош омили техника тараққиёти, саноатнинг ривожланишидир. Дунёнинг қатор ривожланган давлатларида ишлаб чиқариш жараёнида ҳавони ифлослантирувчи омилларга нисбатан чора кўрилган бўлса-да, бу кутилган натижани бераётгани йўқ. Негаки, бошқа бир ҳудудда бу масала эътиборсиз қоляпти. Масалан, мутахассислар берган маълумотларга кўра, умумий аҳолиси уч миллион нафарга бормайдиган Қатарда йил давомида ҳавога чиқарилган чиқинди миқдори жон бошига 39,7  тоннани ташкил қилади. Шунингдек, бу миқдор Қувайтда 24,4, Бирлашган Араб амирликларида 21,8, Австралияда 18,6  ва Туркманистонда 17,5  тоннага тўғри келади.

Бунда асосан ана шу мамлакатларда ҳавога чиқарилаётган карбонат ангидрид чиқиндиси асосий ўринга қўйилган. Чунки, карбонат ангдрид экология ҳолатига катта таъсир кўрсатади ва таркибида углерод бўлган ёқилғини ёқиш каби бир неча фаолият турлари натижасида юзага келади. Бунга бемалол саноат доирасидаги бошқа чиқиндиларни ҳам қўшиш мумкин. 

Тўғри, Ўзбекистондаги вазият юқорида номи қайд этилган давлатлардагидек катта миқдорларни ташкил этмайди. Аммо, бу хотиржамликка асос бўлмайди. Чунки,  республика Экология қўмитасининг яқинда тарқатган хабарларига кўра мамлакатимиздаги саноат корхоналари томонидан атмосферага  белгиланган нормадан 40 бараваргача кўпроқ заҳарли моддаларни чиқариляпти.

Таъкидланишича, атмосфера ҳавоси, сув, тупроқ қатламини зарарли моддалар билан ифлослантириш бўйича «пешқадамлик» «Навоийазот», «Оҳангарон цемент», «Максам Чирчиқ», «Бекободцемент», «Фарғонаазот», «Ўзбметкомбинат», «Олмалиқ тоғ-кон комбинати» каби йирик саноат корхоналарига тўғри келади. 

Қўмита мутасаддиларининг маълумот беришича, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида йирик саноат корхоналарининг атрофни ифлослантираётгани юзасидан фуқаролардан 175 та мурожат келиб тушган. 2018 йил якунлари бўйича атрофга 2 миллион 449 минг тонна зарарли модда чиқарилган. Бунинг 1 миллион 600 минг тоннаси автомобил воситаларига, 880 минг тоннаси ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Республикада 300 мингдан зиёд хўжалик корхоналари мавжуд бўлиб, улардан 5 мингтаси экологияни зарарлантириш бўйича биринчи ва иккинчи тоифали корхоналар ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгаши раиси Юсуфжон Шодиметов келтирган маълумотларга кўра, атмосферанинг ифлосланганлик даражаси бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон 158 та мамлакат орасида 108 ўринни эгаллаб турибди. 

«Бу ижобий кўрсаткич эмас, албатта. Саноат корхоналари инсон ҳаёти учун энг хавфли бўлган азот оксиди, аммиак, фенол, олтингугурт, чанг, ацетон кабиларни атмосферага ташлаяпти. Булар саратонни келтириб чиқаради. Агар ҳавода қанча зарарли модда борлигини билса, одамлар кўчага чиқмай ҳам қўяди», ─ дейди Юсуфжон Шодиметов. Албатта, саноат ва транспорт одамлар учун ғоят муҳим. Аммо, уларнинг атроф-муҳитга  етказаётган зарарига ҳам эътиборсизлик қилиб бўлмайди. Негаки, бугун атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасидаги таҳлиллар  жиддий ҳавотир уйғотмоқда.