EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

СОҲИБКОРЛАР СУЛОЛАСИ САРДОРИ

Бугун орамизда нафақат дуогўйлиги, балки ўзининг самарали фаолияти билан   ислоҳотларнинг чуқурлашувига ҳисса қўшаётган ёши улуғ инсонлар борки, уларнинг ҳар бири ҳақида истаганча сўз айтиш, таъриф боғламоқ мумкин. Ушбу мақоламиз қаҳрамони, ёши тўқсонни тўзғитиб қўйган,  фидокорона меҳнати, солиҳ фарзандлари билан жамиятда ўз ўрнини  топган, 12 нафар фарзанднинг отаси, 44 нафар набиранинг бобоси, 34 нафар чеваранинг катта бобоси, Булоқбоши туманидаги “Даврон агросаноат” масъулияти чекланган жамияти асосчиси – Каримжон бобо Носиров ер билан тиллашиб, табиатга меҳр кўрсатиб кам бўлмади.

Донолар айтадиларки, ҳаёт сўқмоқлари  доимо   равон бўлмаган. Унинг турфа синовлари, яхши ва ёмон лаҳзалари   кишини ИНСОН сифатида шаклланишида муҳим омил бўларкан. Лекин, бу жараёнда ҳамма ҳам бирдек сайқал топа билмас, ҳаёт ҳақиқатини англаб умр аталмиш неъматни қадрини жойига қўя олмаскан. Бошқалардан фарқли равишда ўз умрига тўла мазмун  ва маъно бера олган, бугун тўқсон бир ёшида ҳам элдан қолмаган, даладан бери келмайдиган Каримжон бобо Носиров бу ҳақда кўп ва хўп ўйлайди  ва шунинг асносида бугунги кунларни кўриш насиб этганига минг бора шукрона айтади.

-Болалигимдан оғир кунларни кўрдим, – дейди отахон  суҳбатимиз аввалида. – Айниқса, ота-она меҳрига тўймаганлигим бошимга катта синовларни солди. Эндигина ўн уч ёшга кирганимда иккинчи жаҳон уруши бошланди. Ҳамма ишга яроқли эркаклар  урушга кетди. Қишлоқдаги барча ишлар аёллар ва болалар зиммасига  тушди. Улар қатори мен ҳам қўлимга кетмон олиб деҳқончилик қилдим, ғўзага сув қўйдим, ғалла етиштирдим. Ундан ортиниг от-арава  минардим, турли юкларни таширдим. Илк меҳнат фаолиятим даладан бошлангани сабаб деҳқончиликка меҳр қўйдим. Шу-шу етмиш йилдан бери ер билан тиллашиб, унга меҳримни бериб келаман. Қарангки, она замин ҳам мени ўз неъматларидан бебаҳра қўймади. Бугун эл орасида қандай ҳурмат, эътибор топган бўлсам айнан шу сабабдан, ҳалол меҳнатларим ортидан эришдим.

Каримжон ота  машаққатли болалик майдонида пишди, тобланди. Далада ишлаш билан бирга илм олишга ҳам фурсат топди. Кечки мактабдаги таҳсил давомида зеҳни қўл келди. Натижада ёши улғая боргани сари маъулиятли вазифаларни зиммасига олди. Даставвал ширкатда ҳисобчи, кейинчалик бригадир, ундан сўнг қишлоқ кенгашида,  сўнгра ўн йилдан зиёд вақт давомида жамоа хўжалиги раиси бўлиб ишлади. Барча вазифаларда адолат ва ҳалолликни шиор қилган Каримжон Носиров фаолият давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билимларини ҳам мустаҳкамлаб борди. Деҳқончилик илмининг билимдонлари  қаторидан жой олди. Билганларини ёшларга ўргатди, қатор-қатор шогирдларни тарбиялади. Энг муҳими, ўзи бемалол ўқий олмаган ота 12  фарзанд – 7 ўғил, 5  қизнинг ҳаммасини олий маълумотли қилди. Хусусан, катта ўғил  Ломоносов номидаги Москва давлат университетини тугатган. Ҳозирда физика-математика фанлари доктори. Тошкент ва Москва шаҳарларидаги илмий-тадқиқот университетларида илмий ходим бўлиб ишлайди. Бир қанча чет эл мутахассислари билан биргаликда фанда янги кимёвий элемент кашф қилиш юзасидан илмий изланишлар олиб бормоқда. Иккинчи ўғил Рустамбек Тошкент политехника олийгоҳини битирган. Ҳозирда Булоқбоши туманидаги “Кўҳинур” МЧЖ раҳбари. Учинчи ўғил Равшанбек Томск политехника олийгоҳини тамомлаган. Ҳозирда Ўзбекистон  тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракати – O’zLiDEPнинг туман Кенгаши раиси. Кейинги фарзандлари Улуғбек ва Бахтиёржон Тошкент қишлоқ хўжалик институтини имтиёзли, олтинчи ўғли Илҳомжон Андижон қишлоқ хўжалик институтини  битирган. Еттинчи ўғил Икромжон ҳам олий маълумотли ҳисобчи. Ота изидан борган бу ўғиллар ҳозирда Каримжон ота таъсис этган “Даврон агросаноат” масъулияти чекланган жамиятни ҳар томонлама ривожлантириб боришяпти. Халқимиз дастурхонига мева-сабзавот, гўшт, сут каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб беришяпти.

Шунингдек, қизларнинг барчаси  ҳам зиёли. Мавлудахон Андижон давлат университетининг физика факультетини, Муҳаррамхон тил-адабиёт факультетини имтиёзли тамомлашган. Буробияхон Андижон давлат тиббиёт институини даволаш факультетини тамомлаган.  Муҳайёхон ва Маҳлиёхонлар ҳам олий маълумотли бўлиб ҳозирда ўзларининг тадбиркорлик субъектларига эга. Эндиликда набиралар ҳам илм йўлидан боришяпти. Уларнинг кўпчилиги нуфузли хорижий олий ўқув юртларида таълим олишяпти.

Отахон аслида бундан ўттиз йил пенсияга чиққан. Қаранг, орадан уч йил ўтиб юрт мустақил бўлди, ҳаётимизга тадбиркорлик, мулкдор деган янгиликлар кириб келди. Буни тўғри англаган, нафақадан сўнг уйига сиғмай қолган қаҳрамонимиз ширкат хўжалигидаги қурилиши чала қолиб кетган иссиқхона фаолиятини йўлга қўйди. Ёнига кирган фарзандлари билан уни кенгайтириб боришди. Қишнинг қировли кунларида ҳам бу ерда помидор, бодринг ва бошқа резаворларни етиштириш йўлга қўйилди. Қишлоқдаги юздан зиёд аҳоли доимий иш билан таъминланди. Бугун ана шу иссиқхонадан бошланган фаолият кўп тармоқли  йўналишларга айланди. Ўғилларнинг бири интенсив боғда, бошқаси чорва комплексида, яна бошқаси сабзавот етиштиришда  машғул. Бошқачароқ айтганда ҳар бир фарзанднинг ўз бизнеси бор.

Яна бир масала. Носировлар сулоласи нафақат даромад қилади, балки уни ўрни-ўрнида, хайрли ишларга ҳам сарфлашни билади. Ҳозирда уларнинг ёрдами, ҳомийлиги билан қишлоқдаги болалар боғчаси, мактаб, қатор сервис хизмат кўрсатиш шаҳобчалари халқ хизматини қиляпти. Умумхалқ байрамларида эса жойлардаги якка-ёлғизлар, ўзгалар эътиборига муҳтож беморлар уларнинг саҳоватидан баҳраманд бўлишади.  Пешона тери эвазига ердан хазина яратаётган соҳибкорлар сулоласи сардори Каримжон бобо Носиров билан суҳбатлашар экансиз, ундаги самимият, дил  тўла миннатдорчилик  ва қалб изҳорларини ёзиб тугатишнинг ўзи бўлмайди. Ҳар бир фикр, ҳар бир сўзда бир олам маъно борки, кишига алоҳида ўрнак бўлишга арзийди.