Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ДАШТ БАҒРИДАГИ ДУРЛАР

Ер хазина, туганмас бойлик, инсонларнинг ризқу-рўз манбаи  ҳисобланади. Уни қадрлаган, ҳар қаричидан самарали фойдалана  олган инсон борки  ҳаётда камлик  кўрмайди. Турмуши фаровон, дастурхони тўкин, ҳаёти мазмунли бўлади. Бу ҳаётий ҳақиқат кишилик жамиятида бир неча бор ўз исботини топган ҳамда  яна такрор ва такрор эътироф этилаверади.Мазкур лавҳамиз қаҳрамони, замин билан тиллашиб ундан мўъжиза яратаётган, бу билан нафақат ўз оиласи, балки юртдошларимиз дастурхонига барака киритаётган  отахонларимиздан бири Зоҳиржон Йўлдошевдир.  

Зоҳиржон  Йўлдашев Янгиқўрғон туманидаги Искавот қишлоғининг ҳурматли нуронийларидан бири ҳисобланади. Ҳамқишлоқлар бу йил олтмиш беш баҳорни қарши олган оқсоқолнинг ибратли ҳаёт йўли, намунали оиласи, мазмунли турмуш тарзига ҳавас билан қарашади. Ўз умрини эл хизматига бағишлаган, бир-биридан мўмин –қобил, меҳнаткаш ва тиришқоқ  фарзандларни тарбиялаб элга қўшган бу инсон бугун меҳнатининг  роҳатини кўряпти. Шу ўринда биз уни маза қилиб хордиқ чиқараяпти, дейиш фикридан йироқмиз. Негаки, Зоҳиржон аканинг роҳати ҳам айни иш билан, Искавотнинг чексизликлар узра ястанган қир-адирлари билан боғлиқ. У бундан ўн беш йил муқаддам қишлоқдан беш километр юқорида жойлашган Каттажар ўнқир-чўнқирлари тепасида, атрофи бийдай  дашт бўлган адирнинг чўққисида боғ яратишни ният қилди. Даставвал бунга кўпчилик, ҳатто отанинг ўғиллари ҳам ишонмагандек бўлишди. Негаки, адир тепасини қўятуринг, ҳаттоки унинг қуйи қисмида, сувга яқин бўлган ҳудудларда ҳам кўчат парваришлаш, ундан кўзланган ҳосилни олиш муаммо ҳисобланган бир шароитда бу ҳаракат рўёдек эди гўё. Аммо, отанинг фикри, режаси қатъий эди. Ўғилларини  ёнига олиб астойдил иш бошлади. Кўклам келиши билан сув бўлмайдиган қир чўққисида табиий усулда сув сақланадиган ёпиқ ҳовуз – сардоба барпо қилинди. Унга оиланинг дастёри ҳисобланган “Дамас” автомашинасида тинмай сув ташиб тўлдирилди. Шундан сўнг адир тепасига қатор мева кўчатлари экилди ва ҳар бирининг танасига алоҳида елим идиш маҳкамланиб томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бундан ташқари кўчатлар остига нам сақлаш  ва яхши ривожланиши учун зарур миқдорда маҳаллий ўғит кўмиб чиқилди.   

  –  Бугун ана шу ниҳоллар  катта-катта дарахтга айланган, – дейди отахон. – Табиий  иқлимга  мос ва серҳосил, энг муҳими бозоргир, мазаси барчага бирдек манзур бўладиган олмалар нафақат  Наманган, балки пойтахт-Тошкентнинг  катта-катта бозорларида ҳам ўз харидорларига эга. Ўғилларимнинг иккиси-Шавкатбек ва Абдушукурлар боғдаги тадбирларни маромига етказиб бажаришади. Тўнғич ўғлим Қудратилла ва   кенжамиз    Алишерлар уни  эл дастурхонига етказиш билан машғул бўлади. Ака-укаларнинг ўзаро бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги  баракада бош омил. Шу тариқа кейинги йилларда боғдан олган даромадимизга замонавий уйлар қурдик, қўшалоқ автомашиналар сотиб олдик. Шундай  қилиб  дашт бағридан дур яратиш мумкинлигига нафақат ўзимиз, балки бошқаларни ҳам ишонтира олдик. 

Даставвал Зоҳир ота  ва ўғиллари адир тепасида ярим гектар боғ яратишганди. Мевазор ҳосилга кириб фойда бера бошлагач, қир чўққисидаги ёндош ҳудуддан яна ярим гектар ер ўзлаштирилиб боққа қўшилди. Қарангки, отанинг тажрибаси аввал бу ишга ишонқирамаган ҳамқишлоқлар кўнглига ҳам олов солди. Кейинги ўн йилда Каттажар қирлари исковтликлар томонидан аста-секин мевазорларга айлантириб бориляпти. Бир пайтлар сувсизликдан қақраб ётган, жазирамада оловдек ловуллайдиган қирлар бағри ям-яшил боғларга айланди. Лекин, уларнинг ўртасида ва энг тепасида жойлашган Йўлдашевлар  боғи ўз кўркамлиги, дуркунлиги билан қир ўртасидаги жаннат мисоли   товланади. Дарахтларда битган мевалар ҳам ўз  чиройини кўз-кўз қилади. Ҳосил чўғидан ерга тегиб  турган  шоҳларда  тизилган   неъматлар  эса соҳибкор-боғбонлар  меҳнатига табиатнинг, она заминнинг саҳоватидир. Чунки, ер ўзини қадрлаганни, пешона тери билан ишлаганни яхши билади, унинг меҳнатини бенасиб қўймайди. У хоҳ  даштлик ҳудуд, хоҳ қир ва адирда бўлмасин, аввало меҳрга муҳтож. Унга жавобан кутилганидан ортиқ туҳфа  инъом этади. 

-Бугун боғ нафақат мева беряпти, балки ғоят баҳаво, сўлим масканга ҳам айланган, – дейди Зоҳиржон ота. – Бу ерда ишлаган одам чарчамайди. Қолаверса, боғ атрофида қўшимча даромад сифатида чорвачиликни ҳам ривожлантириш мумкин. Авваллари бу қирларнинг жазирамасидан қочган ҳамқишлоқларимиз эндиликда вақтини шу ерда, мевазорлар орасидаги шаббодагўй манзилда ўтказишади.  Бугун Зоҳир ота Йўлдошев хонадонида янги авлод-бўлғуси боғбонлар, ота ишининг давомчилари  камол топяпти. Ота уларга ер билан тиллашиш, деҳқончилик ва боғдорчилик сабоқлари беришдан чарчамайди.  Боболаридан зироатчилик ва мевачиликнинг сир асрорларини ўзлаштираётган ёшлар эртага унинг ишларини давом эттиришади. Шу билан бирга ота набираларига  ҳалол меҳнатнинг нони ширин бўлишлигини, табиатни севиш, уни асраб-авайлаш зарурлигини қайта қайта таъкидлайди.  Зеро, она замин, бетакрор табиатимиз меҳрга яраша меҳр қайтаради, ўз саҳоватини аямайди.  Бу ўринда  Зоҳиржон Йўлдашев каби инсонларнинг ҳалол ва мазмунли ҳаёти барча юртдошлар учун ибрат мактабига айланган. Мана шундай нуронийлар бор экан, нафақат қишлоқлар, балки, қиру- даштлар ҳам обод,  турмуш янада фаровон бўлиб бораверади.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.