Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ҚУЁШ ХОНОБОДДАН ЧИҚАДИ

Одатда юртдошларимиз Японияни кунчиқар мамлакат дейишади. Тўрт томони денгиз билан қопланган, иқтисодиёти, саноат ва маданияти ривожланган ушбу диёрнинг табиати ҳам бетакрор. Аммо, бу таъриф билан мен уни ўзимизнинг Хонободдан устун қўймоқчи эмасман. Аксинча, жонажон шаҳримиз ўзининг қатор хусусиятлари билан олис шарқ мамлакатидан анчайин фарқ қилади. Қолаверса, эндиликда бу гўшани Швейцарияга ҳам қиёслаш шарт эмас. Чунки, келгуси йилларда швейцарияликларнинг ўзи бизга ҳавас қила бошлайди.

Ўзбекистоннинг бетакрор табиий иқлими, саҳоватли заминида пишиб етилган неъматларни бугун дунёнинг бошқа давлатларида топиш мушкул. Қўли қадоқ  бободеҳқону, миришкор сабзавоткорлар, уста боғбонларнинг меҳнати билан эл дастурхонини безайдиган меваларимиз, полиз маҳсулотларимизнинг таърифи етти иқлимда машҳур. Авваллари мана шу неъматларга қизиққан дунё аҳли бугун юртимизнинг бетакрор манзараларидан ҳам баҳра олишяпти. Мамлакатимизда туризм, хусусан, экотуризм шиддат билан ривожланиб боряпти. 

Мен сўзимнинг аввалида бежизга Япония давлати ҳақида тўхталмадим. Негаки, у Марказий  Осиё, бизнинг юртимиз учун кунчиқар мамлакат бўлса, Хонобод Ўзбекистонимизнинг қуёшни биринчи бўлиб қарши оладиган шаҳри ҳисобланади. Яъни, субҳидамдаги офтобнинг илк заррин нурлари даставвал Хонобод заминини чорағон этади. Хўш, нима бўлибди, шу ҳам янгиликми, дейишингиз мумкин. Ҳа, ушбу янгилик ортидан бўлаётган бунёдкорлик, яратувчилик, экотуризмни ривожлантириш йўналишидаги амалий тадбирлар кўлами ҳар қандай одамнинг ҳушини олади. Ҳаттоки, шаҳар ҳокими сифатида ўзим шошиб қоламан баъзида.

Келинг, гапни чўзмай мақсадга ўтай, шаҳримизнинг яқин келажаги учун тузилган режалар, унинг бошланган ибтидоси ҳақида батафсилроқ тўхталай. Хуллас, Хонободнинг бугунги янги ҳаёти давлатимиз раҳбарининг шаҳримизга 2017  йилнинг июнидаги  тарихий ташрифидан бошланди. Қутлуғ қадамлари қувонч келтирган Президентимиз шаҳарни иқтисодий-ижтимоий  жиҳатдан ривожлантиришнинг янги истиқболларини очиб берди. Шу асосда ўша йилнинг 28 июлидаЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “2017 – 2019 йилларда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  Биргина ушбу қарор ижроси доирасида 3200 дан зиёд лойиҳа доирасида 450  миллард сўмликдан зиёд саноат, сервис  хизмати, йўл-транспорт инфратузилмалари, ирригация тизимларини яхшилаш, коммунал хизмалар самарадорлигини ошириш, қатор объектларни реконструкция  ва модернизация қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектларини барпо этиш тадбирлари бажариляпти.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 май кунги ташрифи Хонобод учун янада янги, ғоят истиқболли режаларга бой бўлди. Президентимизга шаҳарнинг шарқий қисмидаги Андижон сув омбори ҳудудида барпо этиладиган экотуризм  комплексини қуриш юзасидан лойиҳа тақдим этилди. Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда  ягона ҳисобланган бу комплекс мамнуният билан маъқулланди  ва ҳозирда унинг лойиҳа, бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди.

Энди эътиборингизни айнан шу лойиҳа мазмунига қаратаман. “Андукан  сайёҳлар юрти”  дея ном олган мазкур комплексни  “Andukan Travel Countri”  масъулияти чекланган жамияти барпо этади. Сув омборининг юқорисидаги қарийиб 5  минг гектардан зиёд майдонни эгаллайдиган ушбу ҳудудда 55  миллион АҚШ доллари  қийматига тенг бунёдкорлик ишлари олиб борилади. Туристик мажмуа таркибида замонавий, юлдузли меҳмонхоналар, юзлаб меҳмон уйлари, денгиз соҳилида эса махсус чўмилиш майдонларига эга пляж барпо этилади. Меҳмон уйларининг кўриниши ҳам маҳаллий, ҳам европача ва осиёча услубда бўлади. Уларда ўта сифатли хизмат кўрсатилади. Дам олиш хоналари, ошхона ва ресторанлар, кўнгилочар масканларда ўз ишининг устаси бўлган ҳақиқий мутахассислар меҳнат қилади.

Табиати гўзал, ҳайвонот дунёси бой бўлган тоғ этакларида хорижий меҳмонлар, асосан араб мамлакатларидан келадиган сайёҳлар учун махсус ов ҳудудлари яратилади. Сайёҳларнинг мажмуанинг юқори манзилларида сайру-саёҳат  қилишига имкон берадиган, замонавий  ва қулай,  20 километр узунликдаги симли  осма йўл қурилади.  Шунингдек, меҳмонлар учун денгизда сузишга хизмат қиладиган замонавий катерлар, яхталар келтирилади.

Ушбу бунёдкорлик натижасида Хонобод шаҳри бир қадар кенгаяди. Унинг иқтисодий имкониятлари кескин ўсади. Ёшларимиз учун муносиб иш ўринлари яратилади. Юртимизнинг довруғи дунёга достон бўлади. Қолаверса, шаҳар ҳудудидаги ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган, ЮНЕСКО  рўйхатига киритилган қатор тарихий-маданий ёдгорликлар гавжумлашади. Жумладан, Бешкапа, Тошохур, Сўғд  ғорлари, Найнаво, Кампирравот, Кампир тош, Хон тахт, ер ости йўли, Фозилмон ота зиёратгоҳи  ва ўтган асрнинг бошида қурилган темир йўл вокзали ана шундай объектлар сирасига киради. Бу албатта, шаҳар аҳолиси учун ҳам катта янгилик. 

Мухтасар қилиб айтганда, Хонобод улкан янгиланиш, кенг кўламдаги бунёдкорлик остонасида турибди. Юқорида қайд этилган лойиҳа асосидаги тадбирлар ижроси унинг чиройига-чирой, довруғига -довруқ қўшади. Зеро, шаҳарнинг иқболи кулди, унинг толъе  қуёши порлади. Бу қуёш ана шу, энг аввал Хонободдан  чиқиб бутун юртимизни чорағон қиладиган Бобоқуёшдир.

Мусохон МАМАДАЛИЕВ,

Хонобод шаҳар ҳокими.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.