EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ҒОЯТ МУҲИМ ҚАДАМ

Курраи замин тириклик занжирида ҳар бир ўсимлик ва ҳайвнот дунёси вакилининг ўз ўрни бор. Табиатда ҳеч бир унсур ўз-ўзидан яралиб қолган эмас. У хоҳ жонли, хоҳ жонсиз бўлсин  катта аҳамиятга эга. Хусусан, кейинги йилларда жойлардаги биохилма-хилликнинг сезиларли камайиши буни айни ҳақиқат эканлигини кўрсатди. Демак, бугун айни масала ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслиги лозим. Шу маънода ҳукумат қарори билан 2019 – 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси тасдиқланганлиги ғоят муҳим қадам ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биохилма-хиллик Комиссиясининг 2010 йилдаги ҳисоботига кўра бугунги кунда ер юзидаги ҳайвон ва ўсимликларнинг 40 фоизи йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Агар вазият шу даражада сақланиб қоладиган ёки тезлашадиган бўлса, у ҳолда яқин ўн йилликда кўплаб ҳайвон ва ўсимлик турлари йўқ бўлиб кетиши аниқ. Бу муаммо устида ер юзида истиқомат қилиб келаётган ҳар бир инсон ўйлаб кўриши керак. Чунки она еримизда биохилма-хиллик йўқолар экан глобал экологик муаммолар пайдо бўлиши шубҳасиз.

2019 – 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси ҳақида маълум қилган “Ҳуқуқий ахборот” каналида таъкидланганидек, ушбу ҳужжат доирасида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилади. Пировардида юртимиздаги  муҳофаза қилинадиган табиий майдонлар мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказилади. Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилаётган ўрмонлаштириш ишлари янда кенгроқ қулоч ёзиб унинг умумий  майдони 1 миллион икки юз минг гектар бўлади.

Жумладан, ҳайвонот дунёсининг ноёб вакилларига бўлган эътибор кучаяди. Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомнигида жайронлар бош сони 1000 га етказилиши таъминланади. Давлат қўриқхоналаридаги эталон экотизимларда биохилма-хиллик компонентлари учун мониторинг олиб боришнинг марказий бўғинли ягона тизими ишлаб чиқилади.

Янада муҳими шуки, эндиликда замонавий геоахборот технологиялари  асосида биохилма-хилликнинг давлат мониторинги ва давлат кадастри ягона ахборот маълумотлар базаси ишга туширилади. Ҳар йили 2 миллион гектар майдонда табиий яйловлар ва пичанзорлардаги ўсимликлар геоботаник текширувдан ўтказилади. Шу билан бирга  биохилма-хилликни сақлаб қолиш масалалари иқтисодиётнинг барча тармоқларига интеграция қилинади. Маълумотларга кўра кейинги беш аср давомида саноат ривожланиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши туфайли ёввойи табиатда ҳайвонларнинг 320 дан ортиқ тури йўқ бўлиб кетган. Бундай аянчли вазиятни ўсимликлар дунёси мисолида ҳам кўриш мумкин. Таассуфки, бизнинг юртимиз табиати ҳам бу борадаги қатор йўқотишлардан ҳоли эмас.  2019 – 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси шу маънода ҳам ўзининг муҳим аҳамиятига эга.

Ижтимоий тармоқларга улаш: