EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТАБИАТ – БУ ОНА ДЕМАК уни қадрлаш, эъзозлаш ҳар бир инсоннинг фарзандлик бурчидир

Бугундан эътиборан интернет тармоғида “Еkopress.uz” веб – сайти ўз фаолиятини бошлади.

Азиз юртдошим!

Бугундан эътиборан интернет тармоғида “Еkopress.uz” веб – сайти ўз фаолиятини бошлади.  

Ушбу интернет – нашрнинг дунёга келишидан аввало,  эзгу ният кўзланган. Яъни, барча тирикликка  Ватан бўлган   Она табиатимизни муҳофаза қилиш, унинг табиий бойликлари, бетакрор неъматлари  даҳлсизлигини таъминлашга баҳолиқудрат ҳисса қўшиш ижодий жамоамизнинг бош мақсадидир.

Сизга яхши маълум.  Бугунги тезкор замонда  инсоният томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётган қатор янгиликлар, ихтиро  ва ишланмалар  ўз навбатида аҳоли  турмушида ғоят қулайликларни юзага  келтиряпти. Бу яхши. Лекин, масаланинг иккинчи жиҳати – ана шу ўзгаришлар соясида табиат  муҳофазаси  билан боғлиқ муаммолар ҳам пайдо бўлмоқдаки, уларнинг ҳар бири  айни дамда маҳаллий, ҳудудий ва  глобал аҳамият касб этади. Яъни, бугун атроф муҳит муҳофазаси ва экологик кризислар дунёдаги мавжуд тўрт муаммонинг биттасига айланиб улгурди. Биргина мисол, ярим аср муқаддам минтақадаги сўлим гўшалардан бири бўлган Орол денгизи  ўрнида бугун қум ва туздан иборат саҳро пайдо бўлди. Бу нафақат  Ўзбекистон, балки, қўшни давлатлар  аҳолиси учун ҳам етарлича ташвишларга сабаб бўлмоқда. Яна бир масала. Бугун дунё миқёсида  кузатилаётган демографик ўсиш ичимлик суви билан боғлиқ муаммони келтириб чиқаряпти. Боиси, ер шарининг тўртдан уч  қисмини эгалаган сувнинг атиги икки  фоизгина  истеъмолга яроқли эканлиги ҳар қандай кишини жиддий  мулоҳаза юритишини талаб этади. Шунингдек, табиат бағридаги ўсимлик ва ҳайвонот оламига нисбатан бағритошларча муносабат натижасида энг ноёб саналган турлар йўқолиб кетди  ва яна бошқалари ҳалокат остонасида турибди.

Эътиборли томони шундаки, Ўзбекистонда истиқлолнинг илк йиллариданоқ табиат ва унинг муҳофазаси масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб қўйилди. Ўтган давр мобайнида бу йўналишда қабул қилинган қатор қонунлар бетакрор ва мафтункор табиатимизни асраб-авайлаш, унинг моддий ва қазилма бойликлардан оқилона фойдаланишга хизмат қиляпти. Шунингдек, экологик муаммоларнинг ижобий ечими учун  курашадиган қатор ташкилотлар, жамғарма ва оммавий ахборот воситалари фаолият олиб боряпти. Ҳаётимизга  экожурналистика  тушунчаси кириб келди. Демакки, экожурналистика соҳасини ривожлантира бориб табиатдаги энг олий жонзот – Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш, ўзаро муқобиллаштиришга хизмат қилиш ҳам долзарб вазифалардан  саналади.

“Еkopress.uz” веб – сайти ижодий жамоаси бу борада барча имкониятларини ишга солади. Интернет-нашримиз  саҳифаларида соҳага оид қонун ва меъёрий ҳужжатлар тарғиботи, аҳолининг, айниқса ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш,  билим ва тафаккурини бойитишга ҳисса қўшадиган, жойларда учраб турадиган камчилик ва муаммоларни кескин танқид остига оладиган мақолалар бериб борилади. Бунда албатта  бизга ҳамкорларимиз – Ўзбекистон экологик партияси, республика табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси вакиллари ҳамда асосан, сиз – азиз юртдошларимиз яқиндан мададкор бўласиз, деган умиддамиз.

Шунингдек, ер курраси бўйлаб экологик ҳамда соғлиқна сақлаш йўналишда содир бўлаётган янгилик ва ҳодисалар,  табиатнинг бетакрор мўъжизалари, унинг бағридаги турфа сиру-синоатлар, қизиқарли хабарлар  саҳифаларимизни безаши турган гап.

Мухтасар қилиб айтганда, “Еkopress.uz” веб-сайти – бу Сизнинг интернет-нашрингиз. Уни кузатиб бориш орқали ўз билимингизни ошириб борасиз, вақтингизни мазмунли ўтказасиз, яқин бир сирдошга эга бўласиз. Шундай экан, барчангизни  янги нашр билан қутлаймиз ва унга нурли келажак тилаймиз.

Абдукарим ҚУВВАТОВ,
бош муҳаррир.

Ижтимоий тармоқларга улаш: