EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

БЕМИННАТ «ШИФОКОР»ЛАР

Бу ёруғ  оламда, чексизликларга чўзилган табиат бағридаги неки неъмат бўлса, тирикликнинг энг олий вакили-инсон  ва унинг манфаатлари учун хизмат қилади. Табиатда кечадиган турли мураккаб жараёнлар натижасида вужудга келадиган турфа маҳсулотларнинг кишилар ҳаётида тутган ўрни беқиёс. Бу ўринда шифобахш асал ҳақидаги айрим маълумотларга тўхталиб ўтишни жоиз  топдик.

Айни вақтгача инсониятга маълум ширинликлар ичида энг шифобахши ҳамда ноёби ҳисобланган асални минг дардга даво, дейдилар. Унинг тенгсиз хосиятлари тўғрисида ҳатто муқаддас китоб – Қуръони Каримда ҳам зикр этилган. Бу борада ҳадиси шарифлар ва катта-катта китоблар мавжуд. Биз бугун айнан асал ва унинг шифобахшлиги тўғрисида эмас, балки унинг яралишида катта ўринга эга заҳматкаш асаларилар тўғрисида маълумот берамиз. Негаки, буни ҳамма ҳам билавермайди.

Асал қўлга ўргатилган бирдан-бир пардақанотли ҳашарот — асаларилар (боларилар) воситасида ўсимлик гулларининг нектари(шарбати)дан тўпланади. Олимларнинг маълумотларига қараганда, асаларилар 1 килограмм асал тўплаш учун камида 200 000 та гулга қўниб нектар йиғиши ва бунда уя билан гул оралиғида қатнайвериб, тахминан 360 000 километрдан дан ортиқ масофани, яъни Ер экваторидан қарийб  9 марта кўп бўлган масофани учиб ўтиши керак экан. Шу боис ҳам асалариларни ҳақли равишда табиатнинг бетакрор мўъжизаси, дея таърифлайдилар.

Асалари оиласи она, ишчи ва эркак арилардан иборат. Она ари битта бўлиб, тухум қўйиш ва оилани бошқариш вазифасини бажаради. Ишчи арилар оилада 60-70 мингта бўлиб, шира олиб келиш ва гул чангини йиғиш, нектарни асалга айлантириш, мум ишлаш, қуртларни боқиш, уяни қўриқлаш каби вазифаларни бажаради. Эркак арилар эса ёзда она арилар урчийдиган даврда яшайди, қиш кириши олдидан уларни ишчи арилар ҳайдаб чиқаради. Эркак ариларнинг вазифаси насл қолдириш бўлиб, улар тайёр овқат ҳисобига яшайди.

Ҳа, асал  кишилар учун севимли неъмат. Шу боис мамлакатимизда асал етиштириш билан шуғулланадиган ҳамюртларимиз тобора кўпайиб боряпти. Уни сиз билан бизга етказиб берувчи асаларилар эса беминнат «шифокор»лардир.

Ижтимоий тармоқларга улаш: