EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ГУЛЛАРНИНГ САРАСИ

Баҳор келиши билан ер юзини турфа гуллар, чечаклар безайди. Уларнинг бетакрор чиройи эса замин узра ажиб сеҳрли манзара касб этади. Айниқса, бу дамда гулсеварларнинг, табиат шайдоларининг қалби шодлик билан лиммо-лим тўлади. Кўкламнинг охирига етмай гулларнинг сараси-атиргул ҳам очилади. Ўзгача чирой ҳамда  бўйга эга бўлган бу гулнинг таърифу-тавсифи асрлар давомида тилдан-тилга кўчиб келади. Биз ҳам баҳорнинг илк кунларида эътиборингизга айнан шу гул ҳақидаги баъзи маълумотларни ҳавола этишни лозим топдик. Зеро, қулфи-дилингиз ҳамиша гулдек очилиб юрсин, чеҳрангиз айнан атиргулдек нурафшон бўлсин.

Атиргул ҳақидаги энг биринчи маълумотлар кўҳна ҳинд ривоятларида учрайди. Ривоятларда бундай дейилади: Ҳиндистонда атиргул шу даражада эъзозланар эканки, ҳатто унга бағишланган махсус қонун ҳам бўлган. Қонунга кўра, кимки ҳукмдорга атиргул олиб келса, ундан кўнгли тилаган ҳар нарсани сўрамоғи мумкин экан. Брахманлар ибодатхоналарни атиргул билан безашар, худолар шарафига ўтказиладиган тантанали маросимлар пойига гул тўшар эканлар. Подшоларнинг хилқатига гуллар билан оро берилган, солиқлар ва ўлпонлар гул билан тўланган…

Лекин булар ҳали ҳолва. Афсонада айтилишича, жаҳондаги энг соҳибжамол аёл-Лакшми атиргул ғунчаларидаги 108 йирик ва 1008 майда баргдан яралган. Бутун коинот ҳукмдори Вишну тенги йўқ бу гўзални кўриб, уни ўпиб уйқудан уйғотади ва шундай қилиб уни ўзининг тан маҳрамига айлантиради…

Атиргул ҳақидаги ривоятлар бутун Шарқни ҳарир пардадек чулғаб олган. Аммо шундоқ бўлса-да, атиргулнинг бош паноҳгоҳи қадимги Эрон бўлди-унинг шоирлари гулнинг ҳусни-таровати тўғрисида минглаб ғазаллар битдилар. Форс шоирларидан бирининг сўзлари билан айтганда, гул Оллоҳнинг туҳфаси экан.

Атиргулга муҳаббат ва унга беҳудуд муштоқлик форслардан туркларга, аниқроқ айтганда, барча мусулмонларга ўтибди.  Улар атиргулнинг Меърож тунидаги Муҳаммад алайҳиссалом баданидаги терлардан униб чиққанига астойдил ишонадилар. Шунинг учун мусулмонлар гулда ва гул сувидан тайёрланадиган гулобда мўъжизавий куч бор, деб ҳисоблайдилар.

Қадимги дунёнинг заковат маркази ҳисобланмиш Юнонда ҳам атиргулни худолар туҳфаси деб ҳисоблаганлар. Юнон шоирлари ҳам унинг пайдо бўлишига бир талай афсоналар бағишлаганлар. Уларнинг айтишларича, атиргул денгиздан чиқаётган Афродита (Венера)нинг баданини қоплаган қордай оппоқ кўпикдан туғилган эмиш. Севги илоҳасининг гўзалликда унинг ўзидан қолишмайдиган гулини кўрган худолар қойил қолганларидан унга мангулик ширасини сепишибди. Шира туфайли атиргул ажиб бир мўътабарлик касб этибди. Лекин мангулик насиб этмабди-бунга аллақайси худонинг ҳасади имкон бермабди…

Исо пайғамбар ҳақидаги ривоятлардан бирида атиргул ҳақида ҳикоя қилинади. Салбга тортилган Исо пайғамбарнинг қони салбдан оқиб туша бошлаган. Фаришталар уни олтин пиёлаларга йиғиб олишган. Аммо шунга қарамай, бир неча томчи қон майса устига тушган. Майса қонни увол бўлишдан ва таҳқирланишдан асраш учун шоша-пиша ўзига шимиб олган. Кейинчалик бу майсадан жуда ҳам гўзал тўқ қизил рангли гул униб чиққан. Бу гулнинг ранги гуноҳларимиз учун тўкилган қонни мангу эслатиб туришга хизмат қилмоғи керак. Бундан ташқари, католикларнинг ривоятларида атиргул эзгу ишларнинг самовий ҳимоячиси сифатида ҳам кўринади. XI асрдан бошлаб эса Папа, энг машҳур эзгу ишлар эгаларини қимматбаҳо тошлар билан безатилган олтин атиргул билан тақдирлаган. “Атиргул якшанбаси” деб аталган кунда Папа Авлиё Пётр черковида жамики кардиналлар иштирокида атиргулни шарафлаб дуолар ўқиган ва кечган йил мобайнида ўзини энг муносиб тарзда намоён этган подшоҳга гулни туҳфа тарзида юборган.

Атиргул жамики христиан давлатлари орасида, айниқса, Францияда катта муҳаббатга эга бўлган. Бу ерда уни шу қадар юксак қадрлаганларки, ҳатто уни ўстиришни ҳаммага ҳам ишонавермаганлар. Бундай имтиёзга мушарраф бўлган одам ҳар йили шаҳар кенгашига муайян байрам кунлари атиргул олиб бориб туриши шарт бўлган.

XVI асрда Францияда бир анъана расм бўлди. Қирол кенгаши деб аталмиш олтита руҳоний ҳамда олтита дунёвий шахсдан таркиб топган мажлисда шу нарса одат тусига кирдики, бирортасининг судга дахлдорлиги чиқиб қолса, у қирол кенгашининг ҳамма аъзоларига атиргул совға қилади. Мажлис қошида ҳатто атиргул билан таъминлаб турадиган махсус мансаб ҳам белгиланди.

Орадан кўп ўтмасдан Париж яқинида боғбонлар орасида ҳар йили атиргул қиролини сайлаш одати туғилди. Бундай қиролнинг салтанати бутун йил мобайнида давом этарди ва у турли-туман иззат-икромларга мушарраф бўларди…

Атиргул Англия тарихида ҳам дастлабки даврларда қайғу-алам гули бўлди. У бу ерда XVI асргача маълум эмас эди. Атиргул инглиз қиролларининг саройида Йорк ва Ланкастер хонадонлари ўртасида рўй берган қонли низолардан бироз олдинроқ пайдо бўлди. Пайдо бўлибоқ, у бу хонадон вакилларини гўзаллиги билан шу қадар ошуфта этдики, уларнинг ҳар бири атиргул тасвирини ўз гербига кирита бошлади. Йорклар оқ атиргулни, ланкастерлар қизилини танлаб олишди. Шунинг учун ҳам Генрих VI Ланкастер билан Эдуард Йорк ўртасида Англия тахти учун олиб борилган кураш Қизил ва оқ атиргуллар уруши деб аталади. Атиргул  ҳақида яна кўплаб афсона ва ривоятлар бор. У гулга  нисбатан ер юзидаги аксарият мамлакатларда турлича қарашлар мавжуд. Аммо уларнинг барчаси замирида унга нисбатан муҳаббат мужассам. Шу боис ҳам атиргул доимо муҳаббат ва гўзаллик рамзи бўлиб қолаверади.

Ижтимоий тармоқларга улаш: