EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЎСИМЛИК ДУНЁСИ

Юртимиз ўсимлик дунёси ғоят хилма-хил. Улар орасида тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Сино замонидан бери кишилар дардига дармон бўлиб келаётган шифобахш турлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Қишлоқ хўжалигида етиштриладиган маданий ўсимликларнинг аҳамияти ҳақида эса алоҳида эътироф этиш зарур. Хусусан, бугун юртимиз қир-адирлари, дала ва тоғларда етиштирилган мева ҳамда сабзавотларнинг дунё миқёсидаги харидорлари кун сайин ортиб боряпти. 

Ўзбекистон ўсимликлар дунёсининг хилма-хил вакиллари бугун мамлакат халқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институтида олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, юртимизда  166 оилага мансуб 4500 га яқин юксак ўсимлик турлари борлиги маълум бўлди. Буларнинг аксарият қисмини қоқиўтдошлар (260 га яқин тур) карамдошлар, ялпиздошлар,  шўрадошларлоладошларчиннигулдошлар, говзабондошлар, ёронгулдошлар ҳамда раънодошлар каби йирик оилаларнинг вакиллари ташкил этади.

Ўзбекистон флораси пайдо бўлиши, тарқалиши, тур, туркум ва оилаларининг умумий ўхшашлиги жиҳатидан Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар, хусусан, Эрон, Афғонистон ўсимликлар дунёсига жуда яқин туради. Ўзбекистон флораси узоқ тарихга эга. Палеоботаник тадқиқотлар республика худудида қуруқликдаги юксак ўсимликларнинг (ксилофитлардан тортиб) барча эволюцион даврларга оид ўсимлик қолдиқлари борлигини кўрсатди. Ҳатто ҳозирги Қизилқум чўлларидан бир вақтлар бу ерларда ўсган хурмочинортерак каби дарахт ва буталарнинг қолдиқлари топилган.

Ўзбекистонда ўсимликлар ўсмайдиган жой йўқ. Уларни текисликдаги қумли чўллардан тортиб, қорли баланд тоғларгача бўлган турли релъеф ва тупроқ шароитида учратиш мумкин. Ўзбекистон ўсимликларнинг тарқалишини ёритиш учун тавсия этилган 4 тик (вертикал) минтақа (чўл, адир, тоғ, яйлов) асос қилиб олинди. Ҳар бир минтақа ўзига хос релъеф, иқлим, тупроқ ва ўсимликлар дунёсига эга.

Юртимиз табиатида маданий ўсимликлар алоҳида ўрин эгаллайди. Дала экинлари – пахта, дон, полиз экинлари, йўл четлари, ариқлар бўйлари, суғориладиган ерлар атрофи ҳамда ҳовлиларда экилган манзарали дарахтлар атрофга ўзига хос бетакрор манзара бахш этади.

Шунингдек, тиббиёт ва табобатда қатор доривор гиёҳлардан унумли фойдаланилади. Масалан, оддий газанда, гулхайри, зубтурум, далачой, бўйимодрон каби ўсимликлар  Ўзбекистоннинг деярли барча вилоят ва туманларида тоғли ва зах ерларда, йўл ёқаларида, бутазорларда, уй атрофи, экинзорларда учрайдиган ўсимликлар сирасига киради. Уларнинг барг, илдизларидан дори сифатида фойдаланилади. Бу гиёҳлар ўз таркибида  С, К1, В2 витаминлари, каротин, пантотен кислота,   крахмал, қандлар,  органик кислоталар, сапонинлар, аччиқ, ошловчи модда ва бошқаларни сақлайди  ва қатор касалликларга шифо ҳисобланади.  

Шунингдек, юртимиздаги бошқа қатор ўсимликларнинг ҳам шунга ўхшаш фойдали жиҳатлари кўп. Шу боис уларни муҳофаза қилиш, кўпайтириш фойдадан ҳоли эмас.

Ижтимоий тармоқларга улаш: