EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЎЗБЕКИСТОН ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИ

Мамлакатимиз ўзининг бой ҳайвонот дунёсига эга. Қир ва адирлар, далалар, тоғларда яшайдиган минглаб жониворларнинг табиатда ўз ўрни бор. Афсуски, мана шу оддий ҳақиқатни англаган ҳолда табиатга жиддий зарар етказилди. Очиқдан-очиқ, баъзида яширинча қилинган ов ҳамда барконерлик ҳаракатлари кўпгина ҳайвонларнинг кескин камайиб кетиши, баъзиларини эса бутунлай йўқ бўлиб кетишига олиб келди. Ўзбекистон “Қизил китоби”нинг саҳифалари кўпайиб борди. Бугун эса бу масалага алоҳида эътибор билан муносабатда бўлиш, табиатни асраб-авайлаш зарур. Чунки, ана шу ҳайвонот дунёси табиатнинг ажралмас қисми сифатида инсоният ҳаётида муҳим ўрин тутади.  

Йигирманчи асрнинг кейинги ярмида Ўзбекистон табиатининг хилма-хиллигига анчагина путур етказилди. Авваламбор, собиқ иттифоқ даврида марказлашган режалаштириш асосида йирик қишлоқ хўжалиги ва саноат лойиҳаларининг  амалга оширилиши юртимиз табиати, атроф – муҳитга салбий таъсир кўрсатди. Арзон қишлоқ хўжалик ва геологик хом ашё етказиб берувчи ички экспортер сифатида қаралган диёримздаги табиий жараёнларнинг издан чиқиши ҳеч кимни ташвишлантирмади. Натижада бутун бошли денгиз – Орол таназзулга учради, хилма-хил ҳисобланган фауна жиддий зарар кўрди. Буларнинг ҳаммаси  Ўзбекистонда экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келувчи салбий жараёнларнинг ривожланишига сабаб бўлди. Хусусан, бу эътиборсизлик оқибатида Орол денгизи экологик фалокатидан ташқари Жанубий, Марказий ва Шимоли-Ғарбий минтақалардаги ерларнинг иккиламчи шўрланди, тарихан шаклланган сув экотизимларининг ўзгариб кетди, сунъий ташлама сув ҳавзалари тармоқларининг ҳосил бўлди  ва  атроф муҳит ўта хавфли дефолиантлар ва пестицидлар билан заҳарланди. Бу омиллар чўллардаги ноёб, баъзи хуусиятлари бўйича бетакрор чўл биологик мажмуаларининг (Фарғона чўли, текислик дарёлари ўзанларидаги тўқайзорлар, Амударё дельтаси ва ҳоказо) йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлди. Бундай жараёнларнинг республикадаги санитария-эпидемиология ва паразитология ҳолатлари кескинлашувига, шунингдек минтақадаги умумиқлимий ўзгаришларга таъсир этаётганлиги ҳаммага аён.

Ўзбекистоннинг  Ўрта Осиё минтақасидаги бир қанча биогеографик ўлкалар туташган ҳудудида жойлашганлиги унинг ҳайвонот оламининг ниҳоятда ранг-баранглигини белгилайди. Чўл ва саҳролардан иборат кенг текисликлар, тоғ даштлар, ўрмонлар, яйловлар, тўқайзорлар, сув ҳавзалари, маданий ландшафтлар буларнинг барчаси ўзига хос фаунистик мажмуаларга эга экотизимларни ташкил этади.

Республика фаунаси жуда қадимий бўлиб, у мураккаб генетик ришталар билан боғланган. Бу ўлкада Турон ва Туркистон эндемик ва автохтон турларининг аҳамияти катта. Шу билан биргаликда тарихий ўтмишда бу ерга бошқа ўлкаларидан Марказий Осиёдан, Ҳинди-Хитойдан,  Ўрта Ер денгизи атрофларидан, Евроосиё чўлларидан кириб келган ҳайвон гуруҳларининг ҳам муайян ўрни мавжуд. Фаунанинг бир қисми эса Узоқ Шарқ, Кавказорти, Европа, ва Америкадан олиб келиб иқлимлаштирилган ёки тасодифан келиб қолган турлардан иборат. Умуман олганда замонавий  Ўзбекистон фаунасида умуртқали ҳайвонларнинг 688 тури (сутэмизувчилар 105, қушлар 441, судралиб юрувчилар 60, амфибиялар 3 ва балиқлар 76) мавжуд, умуртқасиз ҳайвонлар турлари эса 15 мингдан ортиқни ташкил қилади.

Сўнгги ўн йилликлар давомида, табиатдан фойдаланишнинг кучайиши оқибатида,  Ўзбекистондаги кўплаб ҳайвон турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди. Айниқса ов объектлари сифатида катта амалий аҳамиятга эга бўлган сутэмизувчилар ва қушларнинг йирик турлари, шунингдек инсон томонидан аёвсиз ўзлаштирилаётган, ташқи таъсирга унчалик чидамли бўлмаган экотизимларнинг тарқалиши чекланган ва эндемик турлари катта хавф остида қолди. Жумладан, турон йўлбарси, гепард, туркман қулони, Орол сулаймон балиғи каби ҳайвонлар умуман йўқ бўлиб кетди. Қоплон, сиртлон, тўхта тувалоқ, Сирдарё ва Амударёнинг кичик ва катта куракбурунлари, Орол баҳриси кабилари йўқ бўлиб кетиш арафасида турибдилар. Устюрт ва Бухоро қўйлари, морхўр, қорақулоқ,  Ўрта Осиё қундузи, оқбош ўрдак, вишилдоқ оққуш, мармар чуррак, йўрға тувалоқ, оқбовур, хентоғ тўгаракбоши, Фарғона тарғил калтакесакчаси, Орол мўйлабдори, чўртансифат оққайроқ, айрим моллюска ва ҳашаротлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганлар. Кўплаб ҳайвон турларининг сони ҳозирда танглик поёнида бўлмаса-да, лекин узлуксиз камайиб бормоқда. Буларнинг барчасига сабаб ҳудудларнинг хўжалик мақсадларида ўзлаштирилиши, атроф муҳитнинг ифлосланиши, биологик ресурслардан меъёрсиз фойдаланишдир. Демак, бугун юртимиз ҳайвонот дунёси ҳам алоҳида эътиборга, меҳрга муҳтож. Негаки, ҳар бир ҳайвон ёки парранда, қуш ва ҳашарот ҳаётнинг тириклик занжирида ўз ўрнига эга. Ана шу занжирнинг узилиши эса табиий ҳалокат ибтидоси бўлади. Уни олдини олиш биз – бугунги авлод вакилларининг асосий вазифасидир