22/10/2021

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

КИМЁ ВА ЭКОЛОГИЯ

Бугун   дунёдаги ривожланган давлатларнинг барчаси ўз тараққиётида илм-фанни бош омил деб билади. Хусусан, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ, Европа мамлакатлари илм-фанни ривожлантириш орқали ўз мамлакатларини иқтисодий ўсишга эришди. Бу мамлакатлардаги илм-фанни ривожлантириш, биргина кимёвий технологиялар катта ютуқларга сабаб бўлди. Яна бир муҳим жиҳат, таълим тизимида кимё фанини ўқитилишига бўлган алоҳида эътибор ҳам ижобий натижаларга хизмат қилди. Аммо, баъзи мамлакатларда кимё саноати ривожлана боргани сари экологик муаммолар ҳам юзага келгани айни ҳақиқатдир.  

Бизнинг мамлакатимизда ҳам бошқа фанлар қатори  кимё фанини ўқитиш, унинг ютуқларидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Негаки, асосий ҳудудлари  аграр  соҳага ихтисослашган вилоят ва туманларда эндиликда  кўплаб ишлаб чиқариш, саноат корхоналарини ташкил қилиш шу куннинг долзарб вазифасига айланди. Айнан шу йўл билан юртимизга хориждан импорт қилинаётган қатор маҳсулотларни маҳаллий шароитда тайёрлаш имкони туғилади. Бу биринчидан валютани тежашга ёрдам берса, иккинчидан  янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Учинчидан эса ўзимизнинг ёшлар орасидан билимдон  ва малакали мутахассислар етишиб чиқади. Мутахассислар тайёрлашда эса энг аввало умумтаълим мактабларида кимё фанини ўқитишни янада чуқурлаштириш, бунда замонавий педагогик технологиялар, услуб ва янгиликлардан самарали фойдаланиш зарур бўлади. Аҳамиятли жойи шундаки, эндиликда мамлакатимизда бу масалага етарлича эътибор бериляпти. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан  2020  йил 12 августда имзоланган  “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”   қарори  бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.  

Чунки, қарорга мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар, чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаблар ташкил этилмоқда. Уларда ҳақиқий маънодаги бўлғўси кимёгарлар, соҳанинг чуқур билимдонлари етишиб чиқади.   

Шу ўринда ёшларга кимё фанидан билим беришда бугун бутун дунёга етарлича ташвиш солаётган экологик муаммолар ҳақида ҳам атрофлича  маълумот бериб ўтиш зарур. Чунки, кимё саноати ривожлангани сари атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ салбий ҳолатлар ҳам ортиб боряпти. Бунга аввало ишлаб чиқарувчиларнинг фақатгина фойда олиш масаласини биринчи ўринга қўйиши бўлса, кимё мутахассисларининг табиатни асраш билан боғлиқ масалаларда етарлича билимга эга эмаслиги ҳам сабаб бўляпти. Шуни ҳисобига ҳозирда дунё  миқёсида экологик кризис кўлами кенгайиб “иссиқхона эффекти” муаммоси келиб чиқди. У табиатдаги қуёш нурларини эркин айланиши, сув ва ҳаво ҳаракатига жиддий таъсир ўтказди. Натижада ер юзида йил сайин ҳарорат кўтарилиб боряпти, асрий музликлар эрияпти, катта тўфон ва тошқинлар, ўрмон ёнғинлари ҳамда бошқа   табиий офатлар сони ортиб боряпти. Айниқса, кимё йўналишида ишлайдиган  саноати  корхоналари томонидан атмосферага ташланаётган зарарли моддалар миқдори ғоят ташвишли даражага келган.

БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили   ифлосланган  ҳаводан нафас олиш  натижасида  7 миллион нафарга яқин киши вафот этмоқда.  Инсонларда астма ҳасталиги, болаларда  ақлий ривожланишнинг сусайиши кузатилмоқда. Биргина транспорт воситаси,  енгил автомобиль 1000  километр юрганда чиққан ис гази бир кишининг бир йиллик кислородини ютади. Корхонанинг атроф-муҳитга чиқараётган  заҳарли газлари таъсирида ҳаво софлиги бузилиши, шунингдек кислотали газлар, тутунлар  таъсирида атмосфера ҳавосига ниҳоят катта даражада зарар етказилади. Бундан кўриниб турибдики, бугун кимё фанини ўқитишда ёш авлодга экологик билимларни ҳам чуқур сингдириш зарур бўлади.

Шунингдек, бугун кимё фанини чуқур ўқитилиши тиббиёт, фармацевтика, биотехнология ҳамда кимё саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.    Биргина мисол, ҳозирда бутун дунёга хавф солиб турган Cоvid-19 пандемияси мамлакатимизда тиббиёт ва фармацевтика соҳасига эътиборни кучайтишимиз энг долзарб масалалардан эканлигини кўрсатиб қўйди. Шу биргина мисолни ўзиданоқ кимё, биология, экология фанларига бўлган эътиборни кескин ошириш заруратини кўрсатиб турибди.   

Яна бир муҳим жиҳат, юқорира номи қайд этилган қарор билан  2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кимё ва биология йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча олий таълим муассасалари умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кўп босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – олий таълим муассасаси) кимё ва биология фани бўйича ўзининг олимпиадасини ўтказиш ва 1-3 ўринларни эгаллаган ўқувчиларни олий таълим муассасасининг маблағлари ҳисобидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши белгиланди. Бу ажойиб янглик.  Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган   ислоҳотларининг аксар қисми мамлакат иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга қаратилган бўлиб унда биз кимё фани ўқитувчилари фаол иштирок этишимиз лозим бўлади.

Муҳайё АҲМАДЖОНОВА,

Насиба ЭШОНҚУЛОВА,

Фарғона туманидаги 12-сонли ўрта таълим

мактаби кимё ва биология фани ўқитувчилари.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan