29/07/2021

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЎЗИ – ГУЛ, СЎЗИ – ГУЛ, ИЗИ – ГУЛ

Ўз вақтида роса қаҳрини сочган қишнинг совуғи  чекиниб, кўкда қуёш кула бошлади. Боғларда бодомлар гул очди, ифорини атрофга сочди. Демак, ҳадемай юртимизда кўклам – байрамлар фасли тантана қилади.  Уни эса дилбар аёлларимиз, меҳрибон оналар ва сулув опа-сингилларимизнинг севимли айёми – Халқаро хотин-қизлар куни  бошлаб беради. Мазкур байрам арафасида азалдан фариштасифат бу нозик ҳилқатларнинг таърифига сўз тополмай қийналаётган шоирнинг ороми йўқолади, ёзувчининг уйқуси қочади, ҳофизнинг тинчи бузилади. Хулласи калом, кун мавзуси – муҳтарама аёлларимизни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш борасидаги тадбирларга бурилади.

Аслида аёллар шоиру-ёзувчиларнинг бир умрлик илҳом манбаи бўлиб келган. Нафақат баҳор айёми, балки йил ўн икки ой, уч юзу олтмиш беш кунда улар шаънига бирор лойиқ сўз топиш қалам аҳли учун буюк орзу саналади. Бу борада мақсадига етган  ижодкорнинг  меҳнат маҳсули эса орадан кўп ўтмай яна янги ташбеҳларга эҳтиёж сезиб қолаверади. Шу тариқа ҳамду-санолар, мадҳу-маънолар давом этаверади.

Биз мазкур мақоламиз қаҳрамонини мадҳ этиш фикридан йироқмиз. Фақатгина унинг ҳаёт йўли, бугунги фаолиятига бир қур назар ташлаймиз, холос.  Шунинг ўзигина анча-мунча таърифлардан устун бўлса ажабмас. Чунки, Гулнорахон Аҳмедова ўзининг ҳалол ва самимий меҳнати билан шундай мақомга эришган замондошларимиздан саналади.

Гулнорахон ёшлигидан илмга меҳр қўйди. Қунт билан ўқиди, билим олиш йўлидаги заҳматлардан чўчимади. Ўзини меҳнат қучоғига отди, иш, вазифа танламади. Қаерда, қандай вазифани ишониб топширсалар, уни адо этмоқ учун бутун салоҳиятини ишга солди. Алалхусус  элда обрў  топди, камтарона меҳнатлари эътироф этилди. Шу боис у бугун ҳам ғоят масъулиятли вазифа – Шаҳрихон касб-ҳунарга ўқитиш маркази директори сифатида фаолият олиб боряпти.

Энди мухтасаргина марказ ҳақида. Шаҳрихон касб-ҳунарга ўқитиш маркази республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли буйруғига асосан Шаҳрихон енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи  ўрнида ташкил этилган. Ҳозирда бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020  йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори ижроси доирасида ёшлар  ва ишсиз фуқаролар автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, маиший хизмат, тикувчилик, компьютер саводхонлги, электр монтажчи, электр пайвандчи каби қатор касб-ҳунарлар ўрганишмоқда. Марказ ташкил топганидан бери ўтган вақт давомида уни 318 нафар ёшлар битириб чиқди ва уларга малака сертификатлари топширилди.

Бугун ушбу марказда ҳаёт қайнамоқда. Боиси, марказ ходимлари юртдошларимизни касб-ҳунарга ўқитиш билан бирга улар орасида тегишли касб ва малакага эга бўлган йигит-қизларни шартнома асосида хорижий давлатларга ишга боришига ҳам амалий ёрдам кўрсатаётир.

-Марказимиз ҳозирда Россия Федерациясининг “Пик Индустрия”, “Техстрой”, “Пуск” каби қатор йирик қурилиш компанияларига ёшларимиз орасида зарур мутахассисларни саралаб олишда ёрдам кўрсатмоқда, – дейди Гулнорахон Аҳмедова. – Жумладан, 17-19  феврал кунлари уч кунлик суҳбат давомида яна минглаб ёшлар ана шу компаниялар билан тегишли меҳнат келишувига  эришдилар. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ташқи миграция масалаларига доир шартномага кўра иш берувчи хорижий компаниялар юртдошларимизни Россияга бориш, ишлаш, яшаш, озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизмат ва кафолатланган иш ҳақи борасидаги масъулиятни зиммасига олади. Шуни ҳисобга олган ҳолда биз марказимиз тингловчиларига касб малакаси билан бирга рус тилини ўргатиш бўйича ҳам машғулотлар олиб боряпмиз. Бугунгача 180 нафар битирувчиларимиз шу ернинг ўзида Россия Халқлар Дўстлиги Университетининг  тегишли сертификатини қўлга киритишди. Энг муҳими, айни имконият уларни иш берувчилар билан бўлган суҳбат жараёнида ижобий натижа берди. Рус тилида эркин гаплаша бошлаган битирувчиларимиз биринчилар қаторида хорижий компанияларга ишга қабул қилинди.

Ҳозирда Шаҳрихон касб-ҳунарга ўқитиш марказида 55 нафар мутахассис-педагоглар меҳнат қилмоқда. Улар вилоятнинг Андижон, Асака, Шаҳрихон, Бўстон ва Улуғнор туманидан келган ёшларни касб-ҳунарга ўқитишяпти. Педагоглар орасида соҳада етарли тажрибага эга бўлган Салоҳиддин Олимназаров, Маҳмуджон Маткаримов, Ҳабибулло Тошкенбоев ҳамда Фарҳоджон Қобилов сингари кўплаб изланувчан, инноватор мураббий-устозлар бор. Бугун уларнинг саъй-ҳаракати билан юзлаб касби, иши йўқ  ёшлар касб-ҳунар билан бирга кафолатли иш жойига эга бўляпти. Оиласига барака киряпти.

-Бугун ишсизликни  қисқартириш, айниқса ёшларни касб-ҳунарли қилиш энг долзарб масалалардан бири, – дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари Нигора  Йўлдошева. – Айниқса аҳолиси кўп ва зич жойлашган Шаҳрихон туманида бу ҳолат ҳамиша оғриқли бўлиб келган. Яхшики, туман маркази бўлган Шаҳрихон шаҳрида ҳунармандчилик кенг ривожланган, аммо етмишдан зиёд маҳаллаларимизда, қишлоқларда бу борада ўз ечимини кутиб турган вазифаларимиз етарли. Шу маънода Шаҳрихон касб-ҳунарга ўқитиш марказининг фаолият бошлаганлиги ишсизлик муаммосини бир қадар бартараф этишга ёрдам бера бошлади. Унга раҳбар танлаётганда айнан Гулнора Аҳмедова номзодига тўхталдик. Боиси у ўзининг фидокорлиги, жонсараклиги, тиришқоқлиги билан ажралиб туради. Ҳар бир ёшни ўз фарзанди каби ҳунарли, ишли бўлишига ҳаракат қилади  ва бугун буни амалда исботлаб беряпти. Ҳолбуки, бундай масъулият унча-мунча эркак раҳбарни ҳам шошириб қўйиши турган гап.

Ҳа, бугун шаҳрихонликлар билан суҳбатлашсангиз уларнинг Гулнорахон Аҳмедова ҳақида  ўз ижобий фикрлари бор. Эшитганларимизни бир сафга термоқчи бўлгандик, ушбу мисралар пайдо бўлди:

Ўзин кўрсанг, гулдан ҳусни зиёда,

Сўзлари бол, ўхшаши йўқ дунёда.

Изларидан гул очилар, юрганида пиёда,

Ўз ишининг фидойиси ҳам билимдон,

Гулдек кулган, гулгун аёл – Гулнорахон.

Етук раҳбар, ташкилотчи ва меҳрибон,

Юртда бахтли бўлсин, дейди, ҳамма инсон.

Олам аро бўйласин дер, Ўзбекистон,

Ният эзгу, орзулари оламжаҳон,

Гулдек кулган, гулгун аёл – Гулнорахон.

Мухтасар қилиб айтганда, ўзи – гул, сўзи – гул, изи – гул, ҳаттоки исми ҳам Гулнора  бўлган мана шундай муҳтарама аёлларимиз бор экан, юртдаги ислоҳотлар бардавом, ҳаётимиз мазмунли, турмушимиз фаровон. Биз эса сўнгсўз ўрнида қаҳрамонимизнинг умрига, ишларига барака, соғлик-омонлик ва доимий яхши кайфият ҳамроҳлигини тилаймиз. Келаётган айёмингиз муборак бўлсин!

Абдукарим ҚУВВАТОВ.  

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan