22/10/2021

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

МАҚСАДИМИЗ – ЭЛ ХИЗМАТИ, ХАЛҚИМИЗ РОЗИЛИГИГА ЭРИШИШ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташриф буюрди  ва сафари доирасида кутилмаганда Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига борди. Табиийки, маҳалладиги ҳолат давлатимиз раҳбарининг қатъий эътирозига сабаб бўлди. Жумладан, Президентимиз бу маҳалладаги ички йўлларнинг носозлиги юзасидан республика Автомобил йўллари қўмитаси раҳбарига ҳам жиддий танбеҳ берди.

Дарҳақиқат, йўллар у хоҳ маҳаллага тегишли, хоҳ  маҳаллий ёки давлат аҳамиятига молик бўлсин аввало халқ турмуши фаровонлигининг асоси, иқтисодиётнинг қон томирлари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларнинг созлиги, равон ва сифатли бўлиши, сақланиши ҳамиша долзарб вазифа бўлиб қолаверади. Шунинг учун ҳам бугун ҳудудлардаги ислоҳотлар асосида асосий магистраллар билан бир қаторда қишлоқ ва маҳаллаларнинг ички йўлларини таъмирлаш, уни бугунги кун талаби даражасига келтириш борасида жойлардаги   алоқадор тизим мутасаддилари, ишчи-хизматчилари бутун имкониятларни ишга солишяпти.  

Жумладан, бизнинг Улуғнор тумани автомобиль йўлларидан  фойдаланиш унитар корхонаси жамоаси ҳам туманимиздаги  157 километр узунликдаги йўлга хизмат кўрсатади. Уларнинг 81  километри давлат аҳамиятидаги, 76  километри маҳаллий аҳамиятдаги йўллар ҳисобланиб,  ўтган йил давомида 17 километр узунликдаги автомобиль йуллари таъмирланди ва бунинг учун давлат бюджетидан 1 796 895 минг сўм сарфланди.  Бу маблағнинг асосий қисми, яъни 1 200 765 минг  сўми 9  километр узунликдаги давлат ахамияти эга  автомобиль йўлларини таъмирлашга ишлатилди.

Шунингдек, «Марғилон-Сойбўйи-Мингбулоқ», «АБЗ-Мингбулоқ-Урганжи-Овулмат», «Такали-Оқбош-Жумашуй»,  «Оқ олтин-Улуғнор», «Балиқчи-Мингбулоқ-Жумашуй»,   «Марғилон-Сойбўйи-Мингбулоқ»,  «Чинобод-Ўрмонбек-Сариқсув» сингари  автомобиль  йўлларида    асфальт  қопламасини таъмирлаш, йўл ёқасини мустаҳкамлаш, йўл чизиқларини чизиш, йўл белгилари ва йўл четига темир ҳамда бетон тўсиқларни ўрнатиш каби тадбирлар бажарилди. Бунинг учун 596  миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

2020  йил давомида республика инқирозга карши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан  2  миллиард сўмликдан зиёд  жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.  Мазкур маблағ эвазига   ташкилотимиз  хизмат доирасига кирадиган 12,3  километр  йўл таъмирдан чиқарилди.  Туманимиздаги Янгиобод, Овулмат, Обод, Учкўприк, Сариқсув  каби қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги ўндан зиёд ички кўчаларнинг 4,4 километрида тупроқ устига шағал ётқизилиб,  970 миллион 723 минг сўмлик  жорий таъмирлаш ишлари  бажарилди. 

Ўтган пандемия йилида корхона ишчи-хизматчиларини моддий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратишга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, корхонамизга 29 нафар янги ишчи-хизматчилар ишга қабул қилиниб, умумий ходимлар сони 100 нафарга етказилди. Бугун улар орасида ўз ишига масъулият билан ёндошадиган, жамоада ҳурмат-эътибор қозонган  Носиржон Нуриддинов, Машҳурбек  Мухторов, Гулмира Толипова, Насиба Хўжаева, Абдураҳим Болтабоев, Бобуржон Ҳасанов сингари мутахассис-ходимлар, Ғуломжон Бурҳонов, Муродилло Садирдинов, Маъруфжон Мамадалиев ҳамда Шавкатбек Шерғозиев каби ишчи-хизматчиларимиз номини алоҳида таъкидлаш лозим. Айнан уларнинг жонсараклиги, меҳнатсеварлиги билан жамоамиздаги фаолият самарадорлиги тобора ортиб боряпти.

Бу албатта ўзимизнинг натижаларимиз, ишимизнинг ижобий томонлари. Лекин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, соҳада муаммолар ҳам етарли. Жумладан, қўриқ туман ҳисобланган Улуғнорда автомобиль йўлларини сақлаб туриш осон эмас. Тупроқ шароити оғир, йўл ости ва атрофи асосан қумликлардан иборатлиги уларни тез ва осон емирилишига олиб келади. Бундан ташқари давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларда оғир юк ташувчи транспорт воситаларининг керагидан зиёд кўп ҳаракатланиши уларнинг юк кўтариш қобилияни пасайтириб, бузилиб кетишини тезлаштиради.

Бу билан биз ўзимизни оқламоқчи ёки баҳона излаш пайидан бўлмаяпмиз. Чунки, бу туман шароитидаги мавжуд вазият ҳисобланади. Демак, бугун ўз фаолиятимизга танқидий-таҳлилий баҳо беришимиз, иш самарадорлигини ошириш учун керагидан икки ҳисса ортиқ меҳнат қилишимиз талаб этилади. Шу орқали нафақат давлатимиз раҳбари ишончини оқлаймиз, балки элимизга ҳалол хизмат қилиш, халқимиз розилигига эришиш бош мақсадимиздир.

Исроилжон МАМАРАСУЛОВ,

Улуғнор тумани автомобиль йўлларидан 

фойдаланиш унитар корхонаси директори.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan