26/02/2021

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЭРТАМИЗ ЭГАЛАРИГА ЭЪТИБОР

Фарзанд  нафақат оиланинг, балки жамиятнинг устуни, келажаги ҳисобланади. Шу маънода унинг тарбияси, жисмоний ҳамда маънавий камолоти нафақат етти маҳалла, балки  бутун жамоатчиликнинг бош вазифасидир. Шунинг учун ҳам бугун мамлакатимизда маорифнинг илк бўғини – мактабгача таълим муассасалари фаолиятига алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони билан   Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши соҳадаги ислоҳотларда туб бурилиш ясаб берди.

Мактабгача таълим тизимини алоҳида вазирлик сифатида ташкил қилиниши билан соҳага қўйилган талаб ва масъулият салмоғи кескин ортди. Негаки, унгача бўлган даврда мактабгача таълим муассасаларига бўлган эътибор нафақат тарбияланувчиларнинг ота-оналари, хаттоки тизимда ишлаётган ходимлари-да қониқтирмасди. Эски қолипдаги иш услуби, таълим сифати ва самарадорлигига эътиборсизлик, номигагина ташкил қилинадиган турли тадбирлар, замонавий дастурларнинг жорий этилмаслиги, болаларни мактабга тайёрлаш бўйича содда ва натижадор услублар йўқлиги, таълим муассасаларида иш олиб бораётган тарбиячи-мутахассисларнинг асосий қисми етарли маълумотга эга эмаслиги болаларни мактаб таълимига  зарур даражада тайёрлашга, кўзланган мақсадга эришишга халал берарди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони билан мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, болаларни мактабгача таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олиш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Соҳани жадал ривожлантириш, ислоҳ қилиш ва ривожлантириш учун бир қатор   қонун, фармон ва  қарорлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқдаки, пировардида жойларда мактабгача таълим муассасалари ва улар томонидан қамраб олинган тарбияланувчилар сони аввалгига нисбатан кескин ортиб кетди. Энг муҳими, қурилганига бир неча ўн йил бўлишига қарамай аранг фаолият кўрсатаётган муассасаларни капитал таъмирлаш, янгиларини қуриш мақсадида давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратила бошланди. Шу билан бирга нодавлат, хонадондаги, хусусий ва давлат шерикчилиги асосидаги янгича йўналишга асосланган мактабгача таълим муассасалари ҳам фаолият бошлади.

Аҳамиятли жойи шундаки, айни тадбирларнинг фойдаси дарров ўзини кўрсатди. Авваллари уч-тўртта қишлоққа биттагина болалар боғчаси тўғри келган бўлса,  бугун деярли ҳар бир маҳаллада давлат ёки хусусий мактабгача таълим муассасалари иш олиб боряпти. Айрим ҳудудларда эса мактабгача таълим муассасаларига тарбияланувчиларни қамраб олиш даражаси олтмиш фоиздан ҳам ортиб кетди. Ҳолбуки, илгари бу кўрсаткич атиги 20-25  фоизнигина ташкил қиларди.

Очиғини айтиш лозим. Бу тизимдаги ислоҳотларнинг илк меваси, холос. Бу борада бажариладиган тадбирлар салмоғи улкан. Чунки, олдинда мактабгача таълим муассасаларига қамровни юз фоизгача етказиш масъулияти бор. Негаки, шундагина бу муассасалар тарбияланувчиларни мактабга тўла-тўкис тайёрлай олади. Шу ўринда яна бир масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Тизимда фаолият кўрсатаётган педагог-тарбиячилар малакасини ошириб бориш ҳам диққат марказидаги вазифадир.  

Бугун бизнинг Бўстон тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 1-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ҳам ҳамқишлоқларимиз фарзандларини комил инсон қилиб тарбиялаш, уларни   мактаб таълимига пухта тайёрлаш борасида ўз билим ва тажрибасини ишга солмоқда. Хусусан, Гулноза Араббоева, Машхура Комилжонова, Гуллола Ғаниева ҳамда Фарида Эгамқулова сингари малакали ходимларимиз салкам икки юз нафар болажонлар камолоти йўлида сидқидилдан меҳнат қилишаётир.

Уларнинг саъй ҳаракати билан мактабгача таълим муассасамизда тарбияланувчиларни интеллектуал салоҳиятини ошириш, жисмоний жиҳатдан чиниқтириш, ахлоқ-одоб қоидлари асосида тарбиялаш, миллий удумларимиз, азалий қадриятларимиз билан таништириш ва мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида қатор тўгараклар иши йўлга қўйилган. Уларда ўтилаётган машғулотлар ўғил-қизларимизни билим олишга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишини оширмоқда.  Кун аввалида ўтказиладиган эрталабки бадантарбияда эса тарбиячи ва тарбияланувчилар бир сафдан жой олишади. Бу уларнинг ҳам соғлиги, ҳам маънавий тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.

Албатта, бу натижалар яхши ва у ўзимизники ҳисобланади. Аммо бугун биздан – мактабгача таълим тизими ходимларидан янада чуқурроқ масъулият талаб этиляпти. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг бу галги  парламентга Мурожаатида   2021 йилга мамлакатимизда“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф этиш билан бирга янги йилда тизимни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича қуйидаги кенг кўламли ишларни амалга ошириш йўналишлари ҳам белгилаб берилди.  Хусусан,  келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадимиз – боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат. Жорий йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказиш, бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча равишда 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилиши, 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олиниши таъкидлаб ўтилди.  

Бу мактабгача таълим тизими учун катта эътибор ва ғамхўрлик демакдир. Унга лойиқ бўлиш, Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаш учун тинмай изланишимиз, ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишимиз керак бўлади. Энг муҳими, бунинг учун зарур шароитлар ҳам яратиб бериляпти. Демак, эндиликда фақатгина олға босиш, эртамиз эгаларига етарлича эътибор кўрсатиб таълим-тарбия самарадорлигини ошириш орқали бугунги кун талабига амалий жавоб беришимиз лозим.

Барнохон АБДУРАҲМОНОВА,

Бўстон туманидаги 1-мактабгача таълим ташкилоти мудираси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan