Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТОМОРҚА – БЕБАҲО БОЙЛИК

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан эртадан, яъни 10  июлдан бошлаб 1 августгача мамлакатимизда яна карантин чоралари кучайтирилади. Бу албатта барча соҳаларда қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан карантин даврида аҳолини етарли озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавот билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни, томорқаларда қўшимча маҳсулот етиштириш, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб иқтисодий самарадорликни ошириш, юртдошларимизни иш билан банд этишни талаб этади.

Аҳамиятли жойи шундаки, бу борада эндиликда давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 30 июнида имзоланганАҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини  оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Ушбу ҳужжатга кўра республикада деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган  тизимли ишларни янада кучайтириш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, “Томорқа хизмати” МЧЖ моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳоли томорқаларини хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада кўпайтириш мақсад қилиб олинган.

Хусусан, қарор асосида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифига кўра аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖларга иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратилади. “Томорқа хизмати” МЧЖлар кузатув кенгашлари таркибига, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси аъзо бўлиб киради. Аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб бериш, маҳсулотларни сотишни ташкил қилиш учун вилоятлар ва туман-шаҳарлар марказий деҳқон бозорларида, аҳоли гавжум пунктларида “Томорқа хизмати” МЧЖлар учун махсус савдо майдонларини ажратилади. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан  аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутгичлар барпо этиш учун кредитажратиш, тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз Оn-lineтарзда томорқа ер эгаларига микрокредитлар ажратиш механизмини жорий этиш кўзда тутилган.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан эса 2023 йил 1 январга қадар “Томорқа хизмати” МЧЖ ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик берилади.   Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида камида 30 та аҳоли томорқаларини суғориш учун ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш харажатларининг 70 фоизини, бироқ 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплашга субсидия ажратилади.

Айни имкониятларнинг барчаси бизнинг  мева-сабзавотчиликка ихтисослашган аграр туманимиз – Янгиқўрғон боғбон ва  миришкорлари учун қўшимча шароитлар яратади. Чунки, туманимизда  15690  гектар  ер майдони  908 та боғдорчилик ва сабзавотчилик фермер хўжаликлари ихтиёрига берилган. Фермерларимиз асосан боғдорчиликда сархил мевалар етиштиришади. Шунингдек, ушбу майдоннинг 8264 гектарида ғалла парвариш қилинди. 

Деҳқончилик маданиятига алоҳида эътибор қаратаётган миришкорларимиз жорий йилда ғалла, мева ҳамда сабзавот етиштириш ва аҳоли дастурхонига етказиб бериш борасида астойдил меҳнат қилишяпти. Айниқса, бугунги пандемия шароитида аҳолини иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ер ва томорқалардан самарали фойдаланиш бош вазифага айлаган. Яъни, тумандаги 39307 хонадон ихтиёридаги 2548 гектар томорқанинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиб ҳар йилгидан кўра мўл ҳосил олишга эришилди. Жумладан, томорқаларда асосан картошка, пиёз, сабзи  ва дуккакли экинлар ҳозирда аҳоли дастурхонини тўкин қилиш билан бирга эхтиёждан ортиб бозорга ҳам чиқариляпти.

Бундан ташқари тегишли дастур доирасида 100 нафар фуқарога ҳажми 1 сотихли иссиқхоналар қуриб берилди. Камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, ёш оилаларни иш билан таъминлаш мақсадида тузилган кооперативлар  тузилиб бу ерда ҳам 100 нафар фуқароларга 20 сотихдан ер майдони ажратилди.

Шунингдек, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан  Тинчлик, Янги Боғистон ва Боғистон маҳалласига ичимлик суви ҳамда томорқани суғориш учун 15  фоизлик кредит ажратилди ва бу маблағ ҳисобидан  артезин қудуқлари ишга солиняпти.

Бундан ташқари туманда картошкачиликни ривожлантириш мақсадида аниқ тадбирлар бажариляпти. Яъни, бунинг учун “Картошка уруғчилик томорқа хизмати” МЧЖ очилиб, унга жамғармамиз томонидан 3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳозирда ушбу МЧЖ мазкур маблағ эвазига хорижий давлатларидан 6 хил сифатли ва сара уруғ олиб келди ҳамда деҳқон ва томорқа эгаларига етказиб берди.

Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг  яқинда қабул қилинган Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини  оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори янгиқўрғонликлар учун янги истиқбол марралари сари йўл очади.

Ғайратжон ЮЛДАШЕВ,

Янгиқўрғон тумани фермер, деҳқон ва

томорқа ер эгалари Кенгаши раиси.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.