Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

СОМОННИ ЁҚМАНГ!

Бугун мамлакатимиз ғаллазорлари катта меҳнат майдонига айланди. Деҳқонларимиз томонидан ўтган йилнинг кузида ерга қадалган уруғ пишиб етилди. Жойлардаги буғдойзор пешма-пеш ўриляпти. Унинг ортида сомон йиғиштирилиб, ерлар  шудгорланяпти. Чунки, эндиликда бу майдонларда галдаги такрорий экинлар етиштирилади.

Фурсатдан фойдаланиб вилоят аҳолиси, қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерларга 2020 йил бошоқли дон экинлари ҳосили ўрим йиғимини уюшқоқлик билан ўтказиш жараёнида сомонни тўла йиғиштириб олиш, ерларни тозалаш учун уни ёқиб юбормасликни тавсия қиламиз. Чунки, бу ҳолат атроф-муҳитга, ундаги жонли табиат вакиллари, жонсиз  унсурларга каттагина салбий таъсир ўтказади. Жумладан, 1 гектар ер майдонда бошоқли дон пояси ёқилганда атмосфера ҳавосига   азот оксиди,  углеводород,   кул, ис гази ва углерод оксиди (СО) гази ташланади. Тупроқ структураси бузилиб, эрозия кучаяди ва натижада ҳосилдорлик кескин камаяди. 1 тонна хазон ёқилганда  атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ташланади. Битум ёқилганда, ундан ажралиб чиққан қурум инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

Янада аянчи томони, ана шу майдонлардаги тупроқ учун фойдали бўлган минглаб, миллиардлаб микроорганизмлар қирилиб кетади. Ҳолбуки, айнан улар бутунолам тириклик занжирида ўзининг муҳим ўрнига эга.

Шу ўринда сомонни ёқиш учун тегишли жавобгарлик борлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларида белгиланган талабларни бузганлиги учун  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 88- моддаси, 3-қисми ҳамда Адлия Вазирлигидан 2006 йил 25 декабрда давлат рўйхатидан ўтган “Бошоқли дон экинлари пояси ва сомонини ёқиб юборилиши натижасида етказилган зарарни аниқлаш ҳамда ушбу ҳолатларни содир этган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жарималар қўллаш бўйича Низом”га асосан қонун талабларини бузган шахслар жавобгарликга тортилади.

Афсуски, ўтган йилги бошоқли дон экинларини йиғиштириб олиш натижалари шуни кўрсатдики, оз бўлсада айрим фермер-хўжалик раҳбарлари ва фуқароларнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатида сомон пояларини ёқиб юбориш ҳолатлари аниқланиб,уларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўрилди. Шундай экан, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари юртдошларимиз, аграр тизим ходимларидан бошоқли дон экинлари ҳосилини беталофат йиғиштириб олиш, буғдойзорларни сомонлардан тозалаш, чорва моллари озуқаси заҳирасини тайёрлаш жараёнида сомон ва унинг қолдиқларини ёқиб юборилишига йўл қўймасликка чақиради. Зеро, бунинг оқибати асло яхшиликка олиб келмайди.

Андижон  вилояти экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.