Chor. Okt 21st, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ОЛҒИРЛИКНИНГ ОҚИБАТИ

Орамизда шундай одамлар борки ўзини ғоят тадбирли, эпчил ва олғир деб ҳисоблайдилар. Улар бу борадаги “салоҳияти”га ишонган ҳолда хатто амалдаги қонунларни четлаб ўтиб ҳуқубузарликка қўл урадилар. Афсуски, бундай устомонлик ҳамиша ҳам ўтавермайди. Куза кунда эмас, кунида синади.  Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан жойларда ўтказилган тадбирлар давомида ана шундай шахсларнинг қилмиши фош этилди.

Андижон вилояти экология ва атроф- муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси Жалақудуқ тумани инспекцияси томонидан   2020 йил 5 июнь  куни туманда ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида Тешиктош қишлоғи ҳудудида жойлашган туман захира ер майдонидан фуқаро Розиқ Мансуров (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзига тегишли “Samsung” экскаватори ёрдамида ноқонуний равишда тупроқ олаётганлиги аниқланди. Табиат бағридаги бу унсурни ўзининг бойлик манбаига айлантирмоқчи бўлган бу “уддабурон” эндиликда қилмишига яраша моддий жавобгарликка тортилди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 70- моддаси, 1- қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробори  –  2 230 000 сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Вилоятимизнинг Избоскан туманида ўтказилган мана шундай яна бир тадбирда  экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Избоскан туман инпекцияси ҳамда  туман  прокуратураси, туман ички ишлар бўлими ходимлари ўзаро ҳамкорлик қилишди. Мазкур тезкор назорат тадбири – рейд давомида Азиз Ботиров шахсий эксковатор ёрдамида туманнинг “Қўғай” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи «Майлисой» ўзанидан кенг тарқалган фойдали қазилма бойликлари ҳисобланган қум ва шағални қатор транспорт воситаларига юклаётган пайтида тўхтатилди. Албатта, ўзоқни кўзлаган Азиз ҳам белгиланган тартибда моддий жавобгарликка тортилди. У ҳам Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 70- моддаси, 1- қисми билан  базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баробари, яъни 6 690 000 сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилди ва бу    ўз вақтида ундириб олинди. Унинг томонидан қазишда фойдаланилган техника воситалари дарё ўзанидан чиқариб юборилди ва кенг тарқалган фойдали қазилма бойликларидан ноқонуний фойдаланишининг олди олинди.

Табиат муҳофазасига масъул ходимлари шу каби ҳолатга Андижон туманида ҳам рўбарў келдилар. Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  соҳасидаги  назорат бўйича  Андижон туман  инспекцияси мутасаддилари томонидан ўтказилган тезкор назорат тадбирида Қорадарёнинг туман ҳудудидан ўтувчи қисмидан фуқаро Фарид  Асланов ўзига тегишли “Samsung” эксковаторидан фойдаланиб ноқонуний  шағал олаётганлиги аниқланди.  Жалақудуқ туман  инспекцияси ходимлари эса  тумандаги “Ўзбекистон” МФЙ  ўрмида яшовчи фуқаро Юнус Шокировнинг ҳам айнан шу усулда ноқонуний равишда шағал ковлаб олаётганлигининг гувоҳи бўлишди. Пахтаобод туманида эса  экологлар Азамат Давронов ҳамда Комил Азимовларни  «Майлисой» муҳофаза худудидан  ноқонуний равишда шағал олаётганликларини аниқлашди. Албатта, ушбу фуқароларнинг барчасига тегишли тартибда  маъмурий жарима қўлланилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бугун аксарият юртдошларимиз қир ва адирлар, сой ва дарё ўзанларидаги қум ва шағал каби табиий ресурсларни эгасиз деб ҳисоблаб уни ўзлари истаганча идора қилмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, халқ мулки ҳисобланган бу бойликлардан  ўзбошимчалик билан фойдаланиш қонуний жавобгарликка асос бўлади. Буни ҳамма билиши шарт.

Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.