Chor. Okt 21st, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

МАҲАЛЛАДА ЭКОЛОГИК ТАРБИЯ

Маҳалла – маънавият маскани. Жамиятдаги барча эзгу тадбирлар мана шу ҳудуддан бошланади. Таълим, тарбия, миллий қадриятларга ҳурмат, азалий анъаналаримизга эътибор ҳам маҳаллада шаклланади. Шу боис маҳаллага ватаннинг аввали, мамлакатнинг бош бўғини сифатида алоҳида эътибор қаратиляпти. Уни алоҳида  тузилма –  Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида ташкил этилиши замирида ҳам ўзига хос маъно, мазмун бор.

Ҳа, маҳалла жамиятнинг муҳим асоси экан, демак унда бугун инсониятни ташвишга солаётган глобал масала – экологик муаммоларга ҳам етарлича эътибор қаратилиши лозим. Хусусан, ҳар куни гувоҳи бўлаёётганимиз турли экологик ҳалокатлар, иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатлар, сув тошқинларидан тортиб ўрмон ёнғинларигача, қуруқлик ва дарёлардан денгизларгача бўлган кенгликларда тарқалаётган чиқиндилар муаммоси барчани бирдек ташвишга солиши керак. Айниқса, бугун бутун дунё миқёсида нишонланаётган “Халқаро уммонлар куни”да ер юзидаги океанларнинг катта қисмида чиқиндилардан иборат сунъий оролларни пайдо бўлаётганлиги жиддий экологик инқироздан дарак беради.

Сирасини айтганда, бугун башарият бошига тушган асосий муаммолардан бири экологик  инқирозларни енгиллаштириш, унинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, келиб чиқишини олдини олишда экологик маданият, таълим ва тарбиянинг ўрни муҳим. Унинг самарадорлигини таъминлашда ўзбекона тузилма  – маҳалланинг   ўрни жуда асқотади. Экологик маданиятни ривожлантириш учун маҳаллада етарлича асос, пойдевор бор. Негаки, юртимизда азалдан поклик ва саришталикка, чор-атрофни озода сақлаш, юрт оюодлигига алоҳида эътибор қаратилади. Айнан шу экологик барқарорликнинг асосий талабидир.  Шундай экан, мазкур ижобий тадбирлар, эзгу одатларимиз давомийлигини сақлаш лозим.   Бунинг учун аввало, маҳаллаларда экологик вазиятни, яъни атроф-муҳит ҳолатининг инсон-саломатлигига таъсирини тўғри баҳолашимиз, табиатга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига нисбатан нотўғри муносабатнинг салбий оқибатларидан сақланиш, табиат инъомлари, бойликларини, табиий ресурларни муҳофаза қилишимиз, улардан оқилона фойдаланишимиз ва қайта тиклаш масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарур. Маҳаллаларда ҳавони тозалаш хусусиятига эга бўлган, инсонлар саломатлигига хавф туғдирмайдиган, аллергик хасталикларни қўзғатмайдиган мевали ва манзарали дарахт, бута ва гул кўчатларини экишимиз ҳамда аҳоли томонидан чиқиндиларнинг белгиланган жойларга ташлашимиз, уларга ҳамда хазонларга ўт қўймаслигимиз, ўз хонадонимизда ёқилғи, электр ва иссиқлик энергияси ҳамда сувдан тежамли фойдаланишимиз ва беҳуда сарфланишига йўл қўймаслигимиз зарур.

Афсуски бугун барча ҳам бу талабга бирдек риоя қилмаяпти. Айрим юртдошларимиз  томонидан маиший рўзғор чиқиндиларини белгиланмаган жойларга, дала ва йўл четлари, ҳатто очиқ сув ҳавзаларига ташлаб кетиш, уларни ёқиб юбориш холатлари, дов-дарахтларни ноқонуний буташ ёки остидан кесиб юбориш ҳолатлари кузатиляптики, бунинг натижасида ҳудуднинг санитария ва экологик холати бузиляпти. Бундай кўнгилсиз ҳолатларни олдини олиш учун маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришимиз, фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтиришимиз, ёшлар ўртасида экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантиришимиз, фуқароларнинг атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатишимиз, чиқиндиларни турларга кўра саралаб, қайта ишлашимиз, фарзандларимизга ёшлигидан экологик тарбия хақида тушунчалар беришимиз, бунинг учун болаларини «яшил» хаёт тарзи билан таништириб боришимиз лозим.

Шуни унутмаслик керакки, ёшлигидан атроф-муҳит ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлган бола катта бўлганида ана шундай ҳаёт тарзини давом эттиради. Болаларга экологик таълим-тарбия беришни боғча ёшиданоқ бошлаган мақсадга мувофиқ. Боғча ёшдаги болаларга сувни исроф қилмаслик учун тиш тозалаш ва ювиниш вақтида сувни кўп очмаслик, нима учун сув омборларидаги сув захираларини тежаш кераклиги тўғрисидаги эртак ва ҳикоялар эътиборни тортади.  Бу борада республикамизда чоп этилаётган болалар нашрларининг ҳам  ўрни бекиёс. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, болалар нашрларининг болажонларни экологик муаммолардан содда тилда бохабар этиш, уларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириш, бадиий қаҳрамонлар орқали тушунтиришни йўлга қўйиш керак. Бу борада танловлар ўтказиш, комикс-расмлар, наботот ва ҳайвонот олами намоёндалари тилидан сўйланган эртаклар шулар жумласидандир. Улар маҳалла ва оилаларда экологик вазиятни яхшилашга, фарзандларимизнинг экологик саводхонлиги, маданиятини оширишга хизмат қилиши  шубҳасиз.

Зарифахон БОЙНАЗАРОВА,

Ўзбекистон экологик партияси

Фурқат тумани Кенгаши раиси.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.