Yak. Sen 27th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТАБИАТНИ АСРАШ – ЎЗЛИКНИ АСРАШДИР

5 июнь – Бутун жаҳон атроф -муҳитни муҳофаза қилиш  куни. Бу сана  халқаро миқёсда нишонланадиган экологик саналар орасида мазмуни, моҳиятига кўра ўзгача аҳамият касб этади. Уни халқ орасида экологлар байрами, дея юритилишининг ўзиёқ   экологик тақвимдаги бош байрам, барча экосаналарнинг асосийси, муқаддимаси эканлигини исботлайди. Мазкур сана БМТ Бош Ассамблеясининг 1972 йил 15 декабрда ўтказилган 27-сессиясида таъсис этилган. Анжуманда шунингдек, янги ташкилий тузилма –Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича БМТ Дастури – ЮНЕП (United Nations Environment Program)га  асос солинган. Шундан бери ЮНЕП раҳбарлигида ҳар йили бутун жаҳон бўйлаб Атроф-муҳит куни нишонланади.

Мазкур сана учун нега айнан 5 июнь  танланган, деган савол туғилади. Жавоб оддий: айнан 5 июнда Швеция пойтахти Стокгольмда БМТнинг Атроф-муҳит масалаларига бағишланган конференцияси ўз ишини бошлаган эди. Стокгольм конфренцияси якунлари юзасидан қабул қилинган резолюцияга мувофиқ таъсис этилган экологик сана – Ер юзида истиқомат қилувчи барча инсонларни табиат муҳофазаси билан боғлиқ фаолиятга жалб этиш, кенг жамоатчилик онги-тафаккурида табиий ресурсларни асраш, улардан оқилона фойдаланиш орқали табиий бойликларни келгуси авлодларга безавол етказиш масъулиятини англатишга қаратилган.   Хўш, ушбу сана нимаси билан муҳим?

– инсоният фаровонлиги, атроф-муҳит соғломлиги, иқтисодиёт самарадорлиги еримизда мавжуд бўлган табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорона фойдалана олишимизга боғлиқдир.

– ҳозирги кунда ер шаридаги кўплаб экотизимларнинг захиралари деярли бутунлай тугаб, ортига қайтариб бўлмайдиган салбий жараёнларга юз тутган, бунинг устига бутун дунёда аҳолининг ўсиб бориши, иқтисодий ривожланиш каби омиллар мазкур муаммонинг янада чигалланишига олиб келяпти

– 2050 йилга келиб дунё аҳолиси сони 9,6 миллиардга етишини инобатга олганда, табиий ресурсларни ҳозирги суръат ва ҳажмларда истеъмол этишимизни, маҳсулот ишлаб чиқаришимизни давом этаверсак, келажакда бизга ҳозирги ер шаримизнинг катталигидаги яна учта сайёра керак бўлади.

Мазкур сана нафақат она-ер туҳфаларини қадрлаш, еримизда мавжуд бўлган бой биологик хилма-хилликни асраш кунидир. Ушбу кунда биз барчамиз она-еримизни қандай қилиб муҳофаза қилишимиз, унинг табиатини қандай асрашимиз, ҳозирда долзарб бўлиб қолган экологик муаммоларни қандай ечишимиз мумкинлиги тўғрисида чуқур ўйлашимиз, ер-шаримизни янада гўзалроқ, соғломроқ қилиш йўлларини излашимиз лозимдир.

Бутунжаҳон атроф-муҳит куни мазмун-моҳиятига кўра, инсоният олдида турган кенг кўламли ва чуқур илдиз отишга улгурган муаммоларга ечим излашга йўналтирилган сана. Атроф муҳит куни нафақат экологларнинг касб байрами, балки атроф-муҳит муаммолари ҳақида яна бир карра ўйлаш, мулоҳаза юритиш фурсати ҳамдир.

Ҳеч кимга сир эмас, йилдан йилга сайёрамизда экологик вазият кескинлашиб бормоқда. Бугунги кунда тараққиёт сари одимлаётган, цивилизацияга интилаётган ҳар бир мамлакатда атроф-муҳит муҳофазаси учун жавобгар бир қатор ташкилотлар мавжуд. Бу тузилмалар доимий равишда табиатни муҳофаза қилишга доир турли акциялар ташкил қилинади. Бундан ташқари, БМТ доирасида ҳар йили сувни, ҳавони ва бошқа табиат ресурсларини муҳофаза қилиш кунлари ўтказиб келинади. Бу каби саналар муносабати билан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилади.  Бутунжаҳон атроф-муҳит кунида ҳам бутун дунё бўйлаб турли тадбирлар уюштирилади, бу эса инсониятнинг экология муаммоларига бефарқ эмаслигидан, табиат ҳақида қайғураётганлигидан дарак беради.

Жумладан, Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ҳам ҳар йили  “Экоҳафталик” тадбири ўтказиб келинмоқда. Ҳафталик, биринчи навбатда, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида атроф-муҳит соғломлиги, мусаффолигининг аҳамияти борасида жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва вилоятда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни ёритишга қаратилган.  Бу йил ҳам бошқарма томонидан “5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни”  олдидан ишлаб чиқилган дастурлар режасига мувофиқ жорий йилнинг 31 майидан 6 июнгача экоҳафталик тадбирлари ўтказилади. Бу йилги “Экология хафталиги”нинг дастури атроф-муҳитни муҳофаза қилишга йўналтирилган бир қатор қизиқарли тадбирларни ўз ичига олади,   айтиш жоизки, олдинги йиллардан фарқлироқ ушбу сана арафасида бошқарма томонидан кўпроқ туризм соҳасига йўналтирилган тадбирлар, кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар режалаштирилиб, ўтказиб келинмоқда.

Фарғона вилоятида мавжуд 1037 та маҳалланинг 571 таси ёки 55 фоизи маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиш хизматлари билан қамраб олинган бўлиб, бу республика миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан 11 фоизга кам. Ушбу маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда вилоятда санитар тозалов соҳасида 17 та ҳусусий бизнес вакиллари фаолият кўрсатмоқда. Шуни ҳисобга олиб, республикада биринчи бўлиб  Фарғона вилоятида давлат ва хусусий шерикчилик асосида қатор кичик саноатга асосланган чиқиндини йиғиш ва қайта ишлаш кластерлари ташкил этилади. Бу ишларни амалга ошириш учун лойиҳа ташаббускорлари, молия манбалари ва шерикликни амалга ошириш механизми аниқ белгилаб олинди. Лойиҳа доирасида давлат хусусий-шерикчилик асосида 11 та янги кичик чиқиндини кайта ишлаш корхоналари ташкил этилиб, янги техника ва ускуналар олиб келинади. Бу мақсадлар учун ташаббускорлар томонидан 10 миллион  740 минг доллар инвестиция киритилади. Натижада, вилоятдаги 1037 та маҳалла тўлиқ чиқинди ташиш хизмати билан қамраб олинади ҳамда вилоятда ҳосил бўлаётган чиқиндининг 48 фоизи қайта ишланади. Энг асосийси соҳада 1225 та янги иш ўринлари яратилади. 

Ҳудудларда экологик назоратни кучайтириш, ушбу жараёнга фуқаролар ва бошқа жамоатчилик вакилларини кенг жалб этиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш мўлжалланган. Жумладан, жамоатчилик экологик назоратни кучайтириш, вилоят бўйича мавжуд 73 та экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари сонини маҳаллалар сонига  мос равишда кескин кўпайтирилади.  «Ёзёвон чўллари» табиат ёдгорлиги ҳудудидан ноқонуний равишда курилишда фойдаланиш учун қум хом-ашёсини олишга йўл кўйилган. Ёдгорликнинг релъеф шаклига зарар етказиш ва «Қизил Китоб»га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси  популяцияси ҳамда экотизимнинг бузилишини олдини олиш мақсадида жамоатчи   инспекторлар гуруҳларини   ташкил   этиш орқали назорат кучайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сонли “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан вилоят бўйича фаолият юритувчи 747 та ташкилотларга тегишли кўрсатмалар тарқатилиб,  934 та чиқинди қутилар  ўрнатишга эришилди.

2020 йил 7 январ куни Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси,  вилоят ИИБ ЙХХБ,   вилоят автомобилъ йўллари ҳудудий бош бошқармаси ҳамкорликда чора-тадбир режалари ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил  2 октябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Санитария жиҳатдан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари” талаблари ижроси бўйича Қўқон, Марғилон ҳамда Қувасой шаҳарлари, Сўх, Бувайда ва Риштон туманларига 6.15 рақамли “Чиқинди йиғиш жойи” йўл белгисини ўрнатилди.

Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 2020 йил 1-чораги давомида жами 1051та хат ва аризалар келиб тушган.  Республика давлат қўмитасидан  245 та, маҳалий ҳокимят органларидан 212 та, прокуратура оргинларидан  42 та, адлия органларидан 4  та ва корхона ва ташкилотлардан 480 та хат ва мурожаатлар келиб тушган. 2020 йил 1-чораги давомида фуқаролардан экология ва атроф муҳитни муҳофазаси соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхонаси ва юқори ташкилотларга қилинган мурожаатлари сони жами 68 тани ташкил этади.

Шулардан Ўзбекистон Републикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан 27 та, маҳаллий ҳокимят органларидан 6 та, прокуратурадан 2 та, адвокатлик бюросидан 1 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар жойида бориб ўрганилиб, ижобий ҳал қилинмоқда.

Она-еримизни сақлаб қолиш, инсонларни қашшоқликдан халос қилиш, иқтисодий юксалиш. Буларнинг ҳаммаси битта кураш доирасида эришиладиган мақсадлардир. Иқлим ўзгаришига қарши кураш, чучук сув танқислиги, энергиянинг етишмовчилиги муаммоларини ҳал қилиш, бутун дунёда соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалаларни ечиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз даркор. Бир муаммонинг ечими қолган барча муаммоларни ҳам ечишга ёрдам бериши лозим.  

Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун жаҳон миқёсида долзарб бўлган экологик муаммолар тўғрисида халқаро жамоатчиликни хабардор этиб, шу муаммоларни ечишга дунё халқларини чорлайди. Йиллар оша мазкур кун 100 дан ортиқ мамлакатда нишонланиб келиб, ҳозирда экологик муаммоларни ечишга ёрдам берувчи муҳим бир замин бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу кунда барча халқлар бирлашиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, она-еримизни асраб қолишга ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш имконига эга бўладилар.

Бутунжаҳон атроф-муҳит кунини нишонлаш – тез суръатда кечаётган кундалик ҳаёт ташвишлари оғушида қолган замонамиз кишилари эътиборини экологик муҳит ва ер куррасида ҳаётни сақлаб қолиш каби глобал муаммолар  ечимига қаратади. Муҳими, ҳар бир инсон атроф-муҳит муаммоларини бартараф этишда ўзининг иштироки нечоғли аҳамиятли эканлигини англаши, бу хайрли ишга имкон қадар ҳисса қўшишга интилиши керак. Сабаби, инсоният фақат барқарор ва соғлом экологик муҳит шароитидагина тараққий топган келажак сари одимлай олади.

Баҳром ЖУМАНОВ,

Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.