EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

Талаблар юмшаяпти, лекин…

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, бугун, 2020 йил 17 май соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2746   нафарни ташкил қилмоқда. Бугун қайд этилган 8 нафар янги касалланиш ҳолатлари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар орасидан аниқланган. Айни пайтда юртимизда соғайиш кўрсаткичи 81 фоизни ташкил қилиб, 2245 нафар фуқаро коронавирус инфекциясидан бутунлай фориғ бўлди. Қолган барча беморларга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Пандемияга қарши кураш чоралари натижасида вазият аста-секин ижобий томонга ўзгариб боряпти. Шу боис давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан юртимизда карантин тадбирлари бир мунча юмшатиб бориляпти. Аммо, у ҳали  бекор қилингани йўқ. Демак, ҳамон  карантин тадбирларига риоя этишимиз лозим. Шундагина мазкур хавфни буткул енгишга эришамиз. Шундай экан, ҳар бир юртдошимиз бу борадаги хушёрликни асло сусайтирмаслиги керак.   Айниқса, республикамизда эртадан, яъни 2020 йилнинг 18 май кунидан маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларига рухсат бериш бўйича вақтинчалик тартиби эълон қилинганлиги яна бир бора масъулият демак. Шундай экан, юртдошларимизга тегишли тавсияларни бериб ўтиш, муҳим маълумотлардан хабардор қилиш жоиздир.

Шундай қилиб мазкур тартибга мувофиқ – авиа ва темир йўл хизматидан фойдаланиш истагида бўлган йўловчилардан коронавирус инфекциясига тест топширгани, таҳлил олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган, манфий таҳлилли махсус маълумотномага эга бўлишлари керак.  Бундай маълумотномани олиш учун энг аввало Наманган шаҳар ва Поп тумани санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз билан мурожаат этинг. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш Вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 2020 йил 16 майдаги № 74-Ф сонли буйруғига асосан коронавирус инфекцияси таҳлили учун  224 минг 415 сўм миқдорида пуллик хизмат кўрсатилади.  Тегишли маълумотномани эса 24 соат давомида олишингиз мумкин. Шундан сўнг  ҳозирда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган  Наманган шаҳри ва Поп туманидаги темир йўл вокзаллари орқали кўзланган манзилга жўнашингиз мумкин бўлади. 

Шуни унутмангки, сизга ушбу маълумотномасиз онлайн усулда чипта харид қилишга рухсат берилмайди. Мазкур темир йўл вокзалларида йўловчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади. 37 даражадан юқори бўлмаган пассажирлар дезинфекторлар ёрдамида зарарсизлантирилади. Бир марталик ҳимоя ниқоби ва қўлқопларда транспортга чиқарилади. Юқори ҳароратдаги йўловчиларга аэропорт ва темир йўл хизматидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

Пассажирлар аэропорт ва темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда, йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланиши шарт. Умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шаҳобчаларининг фоалият юритишига йўл қўйилмайди.

Қатнов вақтида:вагонлар бўйлаб ҳаракатланиш таъқиқланади. Манзилга етгунча бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларни ечишга руҳсат берилмайди, ҳожатхона ҳамда тамбурларда тўпланишларига йўл қўйилмайди. Ушбу чоралар барчани кўнгилсиз вазиятга тушиб қолишдан ҳимоя қилади. Демак, ҳар кимнинг соғлиғи – ўз қўлида. Карантин қоидаларига қатъий амал қилиш нафақат короновирус, балки ҳар қандай хасталикдан сақланиш омилидир.               

Рустамжон ҲАМРАҚУЛОВ,

Наманган вилояти санитария-эпидемиологик

осойишталик маркази  бош врачи.