Yak. Sen 27th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

Короновирус тартибсизликни кечирмайди

Жаҳон айвонида етарлича кўнгилсизлик туғдирган короновирус пандемияси бугун ҳар бир одамдан етарлича ҳушёрликни талаб этяпти. Карантин талабларига риоя қилиш, ўзи ва яқинларини уйда қолишини таъминлаш, доимий тозаликка эришиш, тиббий маданиятга эътиборли бўлиш асосий шартлардан ҳисобланади. Аксинча, бу борадаги лоқайдлик  ҳар қандай одамга етарлича ташвиш келтиради.

Наманган вилояти Уйчи тумани санитария-эпидемиологик осойишталик маркази  томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони  ва “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.

Туманни бошқа ҳудудлар билан боғловчи йўлларда 5 та назорат постлари ташкил этилди.  56 та маҳалла фуқаролар йиғинларига қарашли  мавжуд кўча, гузар, ташкилот, муассаса  ва 78 мингдан зиёд  хонадонларда, нохуш ҳудудлардан келган 2166 нафар фуқароларнинг яшаш жойларида дезинфекторлар томонидан зарарсизлантириш, тарғибот, эпидемиологик суриштирув ишлари амалага оширилди. Пандемия пайтида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларида тушинтиришлар ўтказилиб, зарур маслаҳатлар берилмоқда. Фуқаролар кўпроқ мурожаат этадиган савдо, банк, шифохона каби  шахобчаларда 2 метрли ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб ва антисептик воситалардан фойдаланиш борасида доимий назорат ўрнатилган.

Ҳудудда тегишли санитария меъёр ва қоидаларига риоя этиш юзасидан туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, санитария-эпидемиологик назорати бўлими, ички ишлар тизими ва  миллий гвардия  хизматчилари  ҳамкорлигида қўшма тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай айрим фуқаролар карантин талабларини қўпол равишда бузишмоқда. Улар бу ҳаракати билан  нафақат ўзларини, балки атрофдагилар, яқинларини ҳам хавфга қўяётганлигини етарлича англамаяптилар.  Айнан шунинг учун бундай шахсларга нисбатан қонун йўли билан тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан ҳозирги кунгача туманда карантин қоидаларига риоя этмаган, транспортини махсус рухсатномасиз, таъқиқланган вақтда бошқарган 451 нафар фуқарога нисбатан 546 миллион 394 минг сўмдан зиёд жарима қўлланилди. Табиийки, бу чора нафақат моддий жавобгарликка тортилганлар, балки, бошқа юртдошларимизга ҳам етарлича хулоса қилишга хизмат қилади.

Қаерда қонун устувор бўлса кўзланган мақсадга албатта,  эришилади. Бу дунё ҳамжимияти томонидан  этироф қилинаётган коронавирусга қарши Ўзбекистон тажрибаси, қўлга киритилаётган натижаларда ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Шундай экан, уйдамисиз, ё рухсат этилган иш жойингизда фаолият олиб бораяпсизми, ҳар қандай ҳолатда ҳам карантин қоидаларига тўла риоя қилинг! Унутманг, ўзини асраганни Оллоҳ ҳам асрайди.

Абдумутал  НИШОНОВ, Уйчи тумани санитария-эпидемиологик осойишталик маркази  бош врачи.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.