EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ХОНАДОНДАГИ ХАЗИНА

Ер – бебаҳо бойлик. У ўз бағридан биз инсонлар учун жами керак неъматларни етказиб беради. Уни ардоқлаган эса асло кам бўлмайди. Ерга қадалган ҳар қандай уруғ ёки ниҳол кун келиб униб, ўсиб ўзи билан оилага, элга барака олиб келади. Бунда аҳоли ихтиёридаги томорқаларнинг аҳамияти беқиёс. Ўзбекистон Экологик партияси Фурқат тумани Кенгаши фаоллари тумандаги қишлоқларда бўлиб бу борадаги амалий ишлар, айрим муаммолар билан танишдилар.

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ҳам ерни эъзозлаган, ундан самарали фойдаланиб  турмушини обод этаётган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, тумандаги “Ҳайит” қишлоғи Мустақиллик кўчасида яшовчи Хайрулло Эргашев  ўзининг олти сотихли томорқасининг асосий қисмига иссиқхона жойлаштирган бўлиб унда лимон, бодринг, помидор парвариш қилмоқда.

-Кузнинг охири, қишнинг бошида иссиқхонадаги лимонни сотамиз, – дейди у ўз тажрибаси билан ўртоқлашар экан. – Шундан сўнг ерларни помидор ва бодринг экишга тайёрлаймиз. Кўчатларни ўзимиз етиштирамиз. Шу боис йил бошида экилган ниҳоллар бугун бир текис ҳосилга кирган. Пишиб етилган бодринг ва помидорни бозорга олиб боришимиз ҳам шарт эмас. Харидорлар, савдо-сотиқ билан шуғулланувчи дўкондорларнинг ўзи хонадонимиздан олиб кетишади.

Дарҳақиқат, ер билан тиллашиб яхшигина даромад олаётган қишлоқдошларнинг ҳаракати эътиборга лойиқ. Мазкур қишлоқдаги  Шарифа Боратова хонадонида ҳам помидор ва бодринг аллақачон ҳосил бера бошлади. Насибахон Қодирова оиласида эса саккиз сотихли ерда  турли резаворлар яхшигина фойда келтиряпти. Мевали дарахтлар остида эса асалари боқиляпти. Эсонали Мадалиев,  Гўзалхон Узоқовалар томорқасида етиштирилган  картошка, саримсоқ пиёз каби сабзавотлар эрта индин бозорга чиқади.  

Албатта, қишлоқда бу каби эътиборга лойиқ ишлар қаторида ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ечимини топишда маҳалла фаоллари ва алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти.

-Ўрганишлар давомида “Ҳайит”  қишлоғида 47 нафар ишсиз фуқаро борлиги аниқланди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси фаоли, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Назирахон Зокирова. – Уларни иш билан таъминлаш учун сектор раҳбари – туман ҳокими Дилмурод Солиев раҳбарлигида мутасаддиларнинг ёрдамига таянилди. Натижада шу куни ушбу фуқароларнинг 35 нафари ҳудуддаги иккита фермер хўжалиги ва битта хусусий корхонага  ишга жойлаштирилди. Шунингдек, қолган 12 нафар фуқарони ҳам ишга жойлаш бўйича амалий ҳаракат давом этмоқда.

Шу куни партия фаоллари қишлоқдаги ёшлар вакиллари билан ҳам атрофлича суҳбат ўтказишди. Ташриф якунида бир қатор кам таъминланган оилалар холидан хабар олинди.

Зарифахон БОЙНАЗАРОВА,

Ўзбекистон экологик партияси

Фуркат тумани Кенгаши раиси.