EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

МАЗМУНГА БОЙ УМР

Баъзилар ёши улғайиб қолганида  етарлича ташвишга тушиши бор гап.  Гўёки, у жамиятдаги ўз ўрнини йўқотаётгандек, уйга қамалиб қоладигандек. Бунинг олдини олиш  учун  тўғри фикр юритиш, умр бўйи тўпланган тажрибани ишга солиш кифоя. Бугунги қаҳрамонимизнинг бу борадаги қарашлари бутунлай бошқача. Яъни, одам пенсияга чиққанидан сўнг унинг имкониятларини янада кенгаяди,   шижоати ортади. Буни тўғри йўналтира олиш ҳам жамият, ҳам оила учун бирдек манфаатлидир.  Аллақачон етмишни етаклаб саксон ёш томон сакраб бораётган Муҳаммадқодир ота Турдиев  ана шундай  ғайратли нуронийларимиздан бири ҳисобланади. 

Отахон ёшига нисбатан дадил ва тетик кўринади. Боиси доимо ҳаракатда, изланишда. Салкам эллик йил давомида туман, вилоят миқёсида турли раҳбарлик лавозимларида ишлагани боис одамлар билан муомала қилишда унга етадиган кам. Кучли иқтисодчи, ҳар бир ишнинг истиқболини олдиндан кўра оладиган Муҳаммадқодир отанинг пенсиядан кейинги ҳаёти аввалгиси каби мазмунли. Негаки, у бирор кун бўлса-да жамиятдан ажралмади, қайтага эл хизмати йўлида янги-янги режаларга асос солди, уларни ҳақиқатга айлантириш учун фарзандларини ёнига олди.

-Мамлакатимизда тадбиркорликка, бунёдкорликка катта шароит яратилди, – дейди отахон. – Бундан оқилона фойдаланмаслик асло мумкин эмас. Бунинг учун ёшнинг аҳамияти йўқ. Ўзингиз улгурмасангиз фарзандларингиз, ака-укалар, дўстларни ёнга олиш мумкин. Минг бора шукрки, айни керак пайтда ўғилларим, қўшқанотим – Баҳодиржон ва Ботиржонлар ёнимга киришди. Улар билан азалий ниятларимиз туманимиз иқтисодини мустаҳкамлаш, халқимизга хизмат қилиш, бунинг учун янги иш ўринлари яратиш, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари барпо қилиш ҳаракатини бошладик. Бугун ана шу ҳаракат ўзининг самарасини кўрсата бошлади.

Бўстон  Андижон вилоятининг чекка, қўриқ ва аграр тумани ҳисобланади. Бу йил ўзининг етмиш ёшини нишонлайдиган  ушбу туман ўз тарихида бирорта саноат корхонасига эга бўлмаган. Замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, ёруғ ва шинам фабрикалар йиллар давомида туман аҳли учун фақатгина орзу бўлиб келган, холос. Тумандаги биттагина пахта тозалаш заводи эса мавсумий, фақатгина сентябрь-февраль ойида ишлаган.  Вилоятнинг чекка бу ҳудудида мустақиллик йилларида ҳам каттароқ бирор саноат корхонаси барпо этиш қоғоздан амалга кўчмади. Йиллар давомидаги бу муаммони ҳал қилиш учун пухта ҳисоб-китоб, катта жасорат керак эди. Муҳаммадқодир ота ва фарзандлари бу ишга сира иккиланмай қўл уришди. Собиқ вилоят оналар  ва болалар санаториясини ноль қийматда олиб замонавий ип-йигирув корхонаси қурилишини бошладилар. Бугун  “Sabo textil” дея ном олган мазкур ип-йигирув   корхонасида 300 нафардан зиёд бўстонлик ёшлар меҳнат қилаётир.

-Бу бизнинг биринчи қадамимиз эди ва ғоят хайрли бўлди, – дейди Муҳаммадқодир ота. – Шунинг учун ҳам яна бир шундай корхона қуришни режалаштирдик. Бу ниятимизни амалга ошириш учун ўтган йили тегишли ер майдони ажратилди.   Тезда қурилиш ишлари бошланиб кетди. Бугун бу корхонанинг асосий биноси қад кўтарди.  Олтмиш нафардан зиёд қурувчиларимиз ҳозирда унинг таши ва ичида пардозлаш ишлари олиб боришяпти. Август ойидан бинога ип-йигирув дастгоҳларини ўрнатиш бошланади. Янги  йилда эса ушбу корхонада яна 300 нафар йигит-қизларимиз фаолият бошлайди.

Муҳаммадқодир отанинг қурилишга ишқи тушиб қолгани бежиз эмас. Бунда аввало туманда саноатни ривожлантириш кўзда тутилган бўлса, иккинчидан янги қурилган замонавий бинолар туман кўркига кўрк қўшади. Айнан “Sabo textil” корхонаси биноси ҳам шундай қиёфада юрт жамолига янада чирой бахш этди. Навбатдаги яна бир корхона – “Qadir texstil”  ҳам янада кўркам иншоот бўлиши табиий.

Дарвоқе, бугина эмас. Тез кунларда  ота-бола тадбиркорлар кластер таркибида фермер хўжаликларида етиштирилган пахтанинг чигитидан ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи ёғ-мой заводи қурилиши ҳам бошлаб юборишади.  Бу галдаги саноат корхонаси сифатида қайд этилади. У ўз фаолиятини бошлагач кунига 100 тонна чигитни қайта ишлаб ундан   18,5  тонна пахта ёғи, шунга мос равишда чорвачиликнинг озуқа базаси ҳисобланган  12,5 тонна  шелуха, 54 тонна кунжара ва 15 тонна хўжалик совуни ҳам тайёрланади. Энг муҳими   яна  150 нафар бўстонлик йигит-қизлар янги, замонавий иш ўрнига эга бўлади.

-Киши меҳнати самарасини кўргач, ундан завқ олади, – дейди Муҳаммадқодир ота Турдиев. – Мана бу қурилишлар мени ёшартириб бораётгандек гўё. Шу боис ҳар куни қурилиш майдонига келаман, бунёдкор ёшлар билан суҳбатлашаман, иш сифатини кўздан кечираман. Уларга тегишли маслаҳатимни бериб кейин хотиржам бўламан. Негаки, бунёд этилаётган корхоналар кичкина қурилиш эмас. Катта масъулият, эътибор талаб этади. Қолаверса, мен умримнинг ҳар кунидан ҳикмат излайман. Бизни шу ишларга қодир қилиб қўйгани учун шукр қиламан. Бизни қўллаётган Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдираман. Бугун Муҳаммадқодир ота Турдиев ва унинг фарзандлари етакчилик қилаётган корхона ҳамда кластерда икки мингдан ортиқ юртдошларимиз меҳнат қилишмоқда. Ота йигитларга ҳам қурилиш, ҳам иқтисод, ҳам агротехник тадбирлар, ҳам чорвачиликда бош маслаҳатчи. Бош мақсад фаолиятни кенгайтириш,   қўшимча иш ўринлари яратиш, бугунгидан-да кўпроқ юртдошларимизни моддий манфаатдор қилишдир. Бу йўлда асло тинмайдиган ота эса ўзининг ибратли ишлари билан умрини янада мазмунли этаётир. Зеро, эл хизмати учун ёшнинг ўлчови йўқ, фақат дилда хоҳиш бўлса, бас. Демак, бунёдкор отахонга янада куч-қувват, шижоат, сиҳат –саломатлик  тилаймиз.