EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

СУВ – ҲАЁТ МАНБАИ

Бугунги   шиддат билан ривожланиб бораётган   дунёда ичимлик сувига бўлган талаб кун сайин ортиб боряпти. Бу эса унинг заҳираларини йилдан йилга камайиб боришига сабаб бўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботларига кўра айни вақда жаҳон бўйлаб 2,5 миллиард нафар инсон тоза ичимлик сувига танқислик сезаётганлиги, ҳар йили дунё бўйлаб 5 миллион нафар инсон   ушбу муаммо туфайли ҳалок бўлаётганлиги таъкидланмоқда.    

Бу муаммо айниқса,   сув заҳираларининг 90 фоизи қўшни мамлакатла тоғли ҳудудларида ҳосил бўладиган Ўзбекистон Республикаси учун энг жиддий масала сифатида доимо  эътиборда. Мутахасислар фикрича, мамлакатимиз чучук сув заҳираси 18.455 миллион кубметрга тенг деб баҳоланяпти. Ер ости чучук сув заҳирасининг 34,5 фоизи  Фарғона водийси ҳудудига тўғри келмоқда.

Айни вақтда ер усти сувларининг ифлосланганлик даражаси юқори бўлиб, ичимлик суви сифатида фойдаланишга яроқсиз ҳисобланади ҳамда ушбу сувларнинг мунтазам сизиб ер ости сувларига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкинлиги қайд этиб келинмоқда. Шу ўринда сифатсиз ёки қайсидир маънода ифлосланган сув истеъмоли онкологик ва ўткир инфекцияли касалликларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳисобга олсак, бугун оддий хушёрликни, фурсатни бой берсак, келажакда сув тақчиллигига дучор бўлиш ҳеч гап эмас.  

Антропоген таъсир натижасида йилдан-йилга шўрланиш, токсик ифлосланиш, пестицидлар, ўғитларнинг қолдиқ миқдори ва оғир металлар   чучук сув заҳираларига ҳам ўз таъсирини кўрсатаётганлиги   инсон саломатлигига  асосий ҳавф сифатида эътироф этилмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда чучук сув заҳиралари ва истеъмол қилиш учун яроқли бўлган сувларни сифат даражасини белгилаш бўйича еттинчи даражадан биринчи даражагача белгилаш стандартлари ишлаб чиқилган. Шу билан бир қаторда, айни вақтда атом абсорбция, спектроскопия, юқори сифатли суюқлик хроматография ва фермент таҳлиллар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда шаҳар аҳолисининг 96 фоизи ичимлик суви билан таъминланган бўлса, қишлоқ ҳудудларда бу кўрсаткич нисбатан паст эканлигини кўрсатмоқда. Қишлоқ ҳудудларда ҳали-ҳануз қудуқ ва суғориш каналларидан ичимлик суви сифатида фойдаланаётган аҳоли мавжудлиги матбуот хабарларига сингдириб борилаётганлигини кўришимиз мумкин. Ушбу сув ҳавзаларидан фойдаланиш айниқса ёзнинг иссиқ кунлари санитария ҳолати янада ёмон бўлиши барчамизга маълум.

Сўнги йилларда оқава сувларни дарёларга оқизиш ҳолатлари кескин камайган бўлса-да, тозалаш ва фильтрлаш ишлари етарли бўлмаётганли аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлигидан ҳам кўриш мумкин. Ишлов берилган сувда аммиак ва нитритлар концентрацияси ортиб бораётганлиги саноати тез ривожланаётган Фарғона вилоятида  ташвишли ҳол ҳисобланади.  Шунингдек, сульфат, хлорид, фторид, симоб, фенол ва кремний концентрациялари ер усти сув заҳирасида ортиб бораётганлиги жиддий муаммо бўлиб, бу ҳолатларни бартараф этиш орқали аҳолини тоза ва сифатли ичимлик сувига бўлган талабини қондириш мумкин.

Мамлакатимизда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасини тартибга солиш мақсадидаги тадбирлар доирасида биргина Фарғона вилоятида 2017 – 2021 йиллар мобайнида 44,2 километр сув қувурлари ётқизилиши, 919,1 километр сув тармоқлари ишга туширилиши, 228 та қудуқлар қазилиши, 165 та сув босим миноралари  ишга тушурилиши 4 та трансфарматор, 239 та насос станциялари ўрнатилиши, 1 та хлорлаш объекти барпо этилиши кўзда тутилган.  

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бутун дунёда бўлгани сингари мамлакатимизда айни вақтда пандемия ўз таъсирини барча соҳаларга кўрсатмоқда. Айниқса, узоқ қишлоқ ҳудудларида тоза ичимлик суви билан боғлиқ масалалар янада кўндаланг бўлиб бораётганлиги хеч кимга сир эмас. Расмий сайтларда сўнгги бир ойнинг ўзида олти марта айни ичимлик суви билан боғлиқ масалалар аҳолининг ҳақли эътирози туфайли куннинг долзарб масаласи сифатида кўтарилди. Тоза ичимлик сувига бўлган талабни қишлоқ жойларда ҳам босқичма-босқич модернизация қилиш орқали шаҳарлар даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилса, бу энг аввало инсонларнинг саломатлигини сақлаш учун ҳам катта ҳисса бўлиб қўшилиши мумкин эканлигини унутмаслик зарур. Зеро, аҳолининг тоза ичимликка бўлган талабини қондирилиши ўз навбатида инфекцион ва онкологик касалликларни кўпайишини 20 фоизга камайтиради. Агар ушбу касаллар давлат томонидан бепул даволанувчи касалликлар сифатида эътироф этилишини инобатга олсак, тоза ичимлик суви билан аҳолини эҳтиёжини қондириш касалликларни бартараф этиш учун сарфланган миллиардлаб маблағни сезиларли камайтиришга ҳисса қўшган бўлар эди.

Равшанбек БЕГМАОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффаржон МАНСУРОВ,  халқ депутатлари Данғара туман Кенгаши депутати.