Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТОЗА ҲАВОНИ БУЛҒАМАНГ!..

Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атмосфера бўлими  инспекторлари  томонидан мунтазам рейдлар ташкил этиб келинмоқда. Ана шундай рейдлардан бири Олтиариқ туман Азимобод маҳалласидан бўлиб ўтди. Унда маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро М.Азимова томонидан йиғилиб қолган хазон барглари  ёқилаётгани маълум бўлди.

Маълумки, хазон ёқилган вақтда қуриган барглар таркибидаги токсик газлар тутун шаклида атроф муҳитга тарқалади. Бу ҳолат инсон организмида нафас йўли яллиғланиши билан боғлиқ турли хасталиклар, шу жумладан, аллергик касалликларни келтириб чиқаради,. Дарахт ва буталар баргларида йил мобайнида транспорт воситалари, ишлаб чиқариш корхоналаридан ажралиб чиқувчи заҳарли газлар йиғилади. Хазонларга ўт қўйиш натижасида бебаҳо саломатлигимиз учун зарар бўлган заҳарли газлар ҳавога тарқалади. Энг ёмони, зарарли моддалардан иборат тутун ўпка орқали қонга сўрилиб нафақат инсон, балки, жамики нафас олувчи тирик организмларга салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, ҳаво таркибида заҳарли моддалар миқдорининг ошиши турли хасталикларнинг кучайишига ҳам олиб келади. Шу ўринда М.Азимова Ўзбекистон Республикаси МЖТ қонуннинг 88-моддаси, 3-қисми талабларини бузган ва унга ҳуқубузар сифатида ўрнатилган тартибда  маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима қўлланилди.

Шуедан сўнг бошқарманинг атмосфера бўлими инспекторлари Б.Зокиров ва Р.Юсуповлар томонидан  хуқуқбузар ва Азимобод маҳалласида яшовчи фуқароларга  хазонларни ёқиш нафақат атмосфера ҳавоси, балки ён-атрофда яшаётган аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилиши, баъзи ҳолларда эса фожеа билан якун топиши ҳақида батафсил тушунтиришлар бериб ўтилди. Хазон, қуриган барглар, шох шабба ва чиқинди уюмларининг ўзбошимчалик билан ёқилиши натижасида атмосферада карбонат ангидрид ва бошқа заҳарли моддалар миқдорининг кескин ошишига сабаб бўлиши таъкидланди. Бунинг ўрнига хазонларни ёқмай белгиланган компост чуқурларга тўкилиши биринчидан атроф-муҳит тозалиги, шунингдек юртдошларимизнинг саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Ҳа, тобора обод бўлиб бораётган Ватанимиз гўзал ва бетакрор табиати билан барчани ўзига мафтун айлаб келмоқда. Ана шу мафтункор муҳитда соғлом ва бахтли ҳаёт кечирар эканмиз, она табиат мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга асл ҳолича етказиш ҳар биримизнинг инсоний ва фуқаролик бурчимиз эканини унутмаслигимиз лозим.

Гулноза ТЎХТАСИНОВА,

Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг тарғибот-ташвиқот бўлими инспектори.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.