EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТУРКИСТОН ОҚ ЛАЙЛАГИ (Asian White Stork)

Кўпчиликка  маълум, йигирманчи асрнинг кейинги ярмида инсоният томонидан табиатга нисбатан мислсиз зуғум ўтказилди. Унинг табиий кўринишига раҳна солиш билан бирга юзлаб фойдали ўсимлик ва ҳайвонот турлари бутунлай қирилиб кетди. Яна кўпчилик турлар эса йўқолиб кетиш арафасида турибди. Шу боис ҳам бу ҳақда қайғуриш, табиатни асраб авайлашга эришиш вазифаси бугунги замондошларимиз зиммасидаги асосий масъулият ҳисобланади. Мазкур вазифани баҳолиқудрат адо этишга ҳисса қўшиш мақсадида сайтимизнинг “Қизил китоб” саҳифаларида” деб номланган рукни орқали мамлакатимизда давлат муҳофазасига олинган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакиллари ҳақидаги маълумотларни бериб борамиз. 

Мамлакатимиздан учиб ўтувчи турнинг кенжаси ҳисобланган Туркистон оқ лайлаги Сирдарёнинг ўрта оқими, Чирчиқ дарёсининг қуйи ва ўрта оқими, Фарғона водийси, Туркистон тоғи этаклари ва Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ҳамда Самарқанд воҳаларида учрайди. Шунингдек, бу қушни мамлакатимиздан ташқарида,  Ўрта Осиё  мамлакатлари, Хитойнинг ғарби, Ҳиндистон, Шри-Ланка(қишлаш), Европа, Африкада ҳам учратиш мумкин бўлиб улар асосан воҳалар, суғориладиган майдонлар, ботқоқликлар ва дарё бўйларида яшайдилар.

Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган бу турнинг 1960-1980  йилларда мамлакатимизда учраши одатий ҳол эди. Ҳозирга келиб улар диёримизда кам миқдорда уялайди.  Уларнинг асосий қисми ҳам асосан Фарғона водийсига тўғри келади.

Лайлаклар асосан колония бўлиб, дарахт шоҳлари, сув миноралари усти ва симёғочларда уялаб, апрель-май ойларида 3-5 та тухум қўяди ва 32-34 кун босиб ётади. Полапонлари июнь-июль ойларида уча бошлайди. Майда балиқлар, қурбақалар, судралиб юрувчилар ва сувда яшовчи умуртқасизлар билан озиқланади. Буларнинг баҳорги учиб ўтиши февраль-март ойларига, кузги учиб ўтиши эса август-сентябрь ойларига тўғри келади. Текисликлардаги сув режимининг ўзлаштирилиши, нам ерларнинг қуритилиши  ва кишилар томонидан қисман овланиши уларнинг  камайиб боришининг бош омили саналади. Шунингдек, уларни табиатда кўпайтириш чоралари ҳам кўрилмаган. Шу боис бу лайлакларни овлаш қатъиян таъқиқланган.