24/09/2021

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

КУННИНГ ДОЛЗАРБ МУАММОСИ

Бугун маиший чиқиндилар куннинг долзарб муаммоларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Айниқса, пандемия муносабати билан нафақат мамлакатимизда, вилоят ва туманлар ҳудудида ҳам тиббий чиқиндиларга алоҳида эътибор талаб этилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан айни вақтда ишлаб чиқилаётган “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мавжуд қонунчиликка янги нормаларни киритиш заруратини кўрсатиб турибди.

Эътироф этиш жоизки, ҳозирда ушбу лойиҳага атроф муҳитни токсик саноат ва тиббиёт чиқиндилари билан ифлосланишини олдини олиш мақсадига хизмат қилувчи “хавфли ҳусусиятга эга бўлган махсус тиббий ва биологик чиқиндилар” тушунчаси киритилмоқда. Айни вақтда патоген микроорганизмлар билан зарарланган тиббиёт чиқиндилари алоҳида зарарсизлантириб борилаётган бўлса-да, карантин муносабати билан аҳоли томонидан турли ниқоб, тиббий қўлқоплар ва бошқа тиббий чиқиндилар маиший чиқиндиларга аралаш ҳолатда ташлаб юборилаётганлиги кўзга ташланмоқда. Бу турли инфекция ва вируслар ўчоғи бўлиб, зарарсизлантирилмаган тиббий чиқиндилар вируснинг кенг ёйилишига сабаб бўлиши мумкинлигини унутмаслик зарур. Демак, аҳоли орасида нафақат тиббий маданиятни, шунингдек, экологик маданиятини юксалтириш, бунда маиший чиқиндилар билан ишлаш кўникмаларини шакллантиришга етарлича аҳамият қаратиш лозим бўлади.  

Бу борада Данғара туманида бир қатор амалий ишлар бор. Айни вақтда вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК туман филиали ходимларининг саъй-ҳаракати билан жойлардаги маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмоқда. Лекин, айрим узилишлар бўлаётганлиги ҳам бор гап. Шу ўринда яна бир масалани кўндаланг қўйиш вақти келди. Чунки туманимизда мавжуд маиший чиқинди полигони 23 гектарни ташкил этиб у аллақачон тўлиб бўлган. Қайта ишлаш ёки инвестиция жалб этиш чоралари ҳозирча кўриб чиқилгани йўқ. Айрим ҳаракатлар эса  қоғозда қолиб кетяпти. Чиқинди полигонини тўлиб қолганлиги “Махсустранс” ва “Тоза ҳудуд” ДУК транспорт воситаларини полигоннинг  ички қисмига кўтарилиши ва чиқиндини бўшатишда муаммоларни келтириб чиқармоқда. Оқибатда тездагина носоз бўлиб қолаётган транспорт воситалари  аҳоли яшаш ҳудудларидаги маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетишга улгурмай ҳам қоляпти.

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ёки маиший чиқинди билан ишлаш кўникмалари уларга кўрсатилаётган хизмат турларининг қай даражада тезкорлигига ҳам боғлиқдир. Мутасадди соҳа вакилларидан ушбу муаммоларни бартараф этиш кун мавзуси эканлигини инобатга олган ҳолда зарур чораларни кўришларини сўраб қоламиз. Халқимиздан эса тиббий чиқиндиларни шунчаки ташлашдан аввал ўйланг, ушбу чиқинди нафақат сизнинг, балки бошқа бир инсонларнинг хаётига хавф солмасин. Негаки, жамият саломатлиги бугун ҳар биримизга боғлиқ муҳим масаладир.

Равшанбек БЕГМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Музаффаржон МАНСУРОВ,

халқ депутатлари Данғара туман Кенгаши депутати.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan