Sesh. Iyul 14th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

КИТОБ – НАЖОТ ДЕМАК

Бугун бутун инсониятни ташвишга солган короновирус пандемияси сабаб  дунё манзараси ҳам ўзгариб бормоқда. Ўз навбатида мазкур вазият замондошларимизни ўзига хос синовдан ҳам ўтказмоқда. Бундай ҳолатда тавсия этилаётган энг маъқул машғулот – китоб мутолааси зўр имкониятдир. Бугун “уйда қолинг” челленжи амалда экан, биз ҳам  барча аҳоли қатлами учун турли қизиқарли машғулотларни таклиф қилишимиз зарур.

Бу борада аввало аҳолининг, айниқса, ёшларнинг маънавий иммунитетини ривожлантириш долзарб масала. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг бири ҳам айнан китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган. Бугун ушбу тарғиботни онлайн ҳолатда амалга ошириш, турли онлайн мусобақалар ўтказилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Чиройли гаплардан қочиб реал воқеликка ўтсак. Мамлакатимизда 2019 йилнинг 22 декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлиги учун сайловлар бўлиб ўтди. Касбий фаолиятимиз туфайли сайловолди тарғиботи давомида аҳоли билан кўп маротаба учрашишга ҳам тўғри келди. Учрашувлар давомида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди платформасида китобхонликни ривожлантириш орқали инсон маънавий камолотига эришиш ҳақида билдирилган фикрларга аксар аҳоли “совуқ уйда кўнгилга китоб сиғадими?”, деган кинояли гаплар билан жавоб қилгани ҳам ёдимизда. Ҳа, балки ўшанда кўнгилга сиғмагандир. Бугун мана ҳаволар иссиқ, кунлар нисбатан узун. Кун бўйи ҳеч қандай юмуши бўлмаган инсон китоб ўқиш орқали маънавий комолотини ошириш учун бир имкон эмасми?

Касб тақазоси туфайли ёшлар билан кўп мулоқотда бўлишга тўғри келади. Айрим машҳур романларни ўқишни тавсия қилсангиз “ахир унинг киноси борку”, деган  жавобни айтишади. Миллий адабиётимиз дурдоналаридан саналмиш А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, “Меробдан чаён” романлари, Ғ.Ғуломнинг “Шум бола” асарлари кино тасмаларидаги воқеликдан анча фарқ қилади. Бадиий китоб мутолааси инсоннинг тасаввур дунёсини кенгайтиради. Сўз бойлигини оширади, нутқдаги турли нуқсонларни йўқотишга хизмат қилади. Ҳаёт қийинчиликларини матонат билан енгиб ўтишга ўргатади. Китоб инсонни бахтли яшашга, ўзгаларга нисбатан эзгу муносабатда бўлишга ўргатади. Инсон маънавиятини юксалтирувчи энг асосий қурол бу – китоб дейиш мумкин.

Айни карантин муносабати билан туманимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш учун хизмат қилувчи “Мен тавсия этган ўнта китоб” ёки онлайн китобхонлик мусобақаларини уюштириш борасида туманимиз марказий ахборот маркази ходимлари ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлари ўйлаб кўришса  мақсадга мувофиқ бўлармиди? Бу фикр албатта. Чунки плюрализм фикрлар хилма-хиллиги мамлакат ривожининг энг асосий омили ҳисобланади. Балки бундан ҳам яхшироқ фикрлар бордир эҳтимол. Қолгани иш жараёнида ҳал бўлади.

Биз бугун юртдошларимизга жаҳон адабиёти ва миллий адабиётимизнинг нодир намуналарини онлайн ўқиш имкониятдан оқилона фойдаланинг деймиз. Балки, бунга ҳам қайсидир ҳолатлар имкон бермас, унда ўзингизни китоб жавонингиздаги китобларни яна бир бор ўқишни тавсия қиламиз. Бу ўринда Абу Али ибн Синонинг Афлотунни “Метофизика” асарини 200 марта ўқиганлигини айтиб ўтиш мумкин. Шунингдек, адабиётшуносларимиз А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини етарлича тушуниш учун камида уч марта ўқишни тавсия қилганлар. Шундагина асар моҳиятини теран англаш мумкин. Биз сизга Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, Жек Лондоннинг “Мартин Иден” асарларини тавсия қиламиз. Бу асарлар ёшларни қийинчиликларни сабот билан енгишга, ҳар қандай ҳолатда ҳам олға қадам ташлашга, мақсад сари интилишга ўргатади. Бугунги карантин кунларида олинган мана шундай маънавий озуқа клажакда сизга бир умрлик ҳамроҳ бўлиши ҳам аниқдир.

Равшанбек БЕГМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Музаффаржон МАНСУРОВ,

халқ депутатлари Данғара туман Кенгаши депутати


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.