EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ҲАЛОКАТ ЁҚАСИДАГИ ҲАЙВОНЛАР

Бундан салкам эллик йил аввал, яъни 1973 йил 3 март куни Вашингтонда «Йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисида»ги конвенция имзоланди. Бу ноёб жонивор турларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур чора эди. Аммо, шунга қарамай йилдан-йилга йўқолиб кетиш хавфи рўйхатидаги ҳайвон ва ўсимликлар сони камаймаяпти.

Таассуфли жойи шундаки, йўқолиб кетиш арафасидаги ҳайвонлар ҳалокатига  асосан инсон омили – браконъерларнинг ноқонуний фаолияти сабаб бўляпти. Хусусан, бу борада ўзгача чиройга эга бўлган Узоқ Шарқ леопарди браконьерлар  учун омадли ўлжа ҳисобланади.  Шунингдек, Африка фили ҳам фақатгина нафсини ўйлаган жоҳилларнинг бозорини чаққон қилган. Ушбу филнинг суяги ва тишига қора бозорда талаб катта. Натижада бугун уларнинг сони кескин камайиб кетди. 

Бугун дунёдаги умумий сони атиги  4 000 тагина қолган Қор барси ҳам асосан браконьерларнинг бошқа жониворларни овлаш учун қолдирган темир тузоқларидан азият чекмоқда. Терили тошбақалар ҳалокатига ҳам инсонлар сабабчи. Асосан медузалар билан озиқланадиган тошбақалар одамлар томонидан сувга ташланган пластик халталарни медуза деб ўйлаб еб қўйишади ва бўғилиб ўлишади. Соҳил бўйидаги қурилишлар эса уларни етарлича тухум қўйиб кўпайишига халақит беряпти.

Йўқолиб бораётган яна бир жонзотОқ каркидоннинг шоҳига қора бозорда ғоят талаб катта. Шу боис браконъерлар уларни сира ўйлаб ўтирмай ов қилишган. Натижа эса аянчли. Бугун уларнинг сони   дунё бўйича бори-йўғи 10 тани ташкил этади. Улардан фарқли ўлароқ йўқолиб бораётган Амур йўлбарсининг сони бугун 550 тагача кўпайди. Бироқ улар яшайдиган ҳудуднинг етишмаслиги жониворлар учун катта муаммога айланди. Ўрмонларнинг кесилиши вазиятни ёмонлаштирмоқда.

Қизиқ жойи шуки, браконъерларнинг қадами узоқ Арктикага ҳам етиб борган. Шундоқ ҳам глобал исиш, Арктиканинг ифлосланишида азият чекаётган Оқ айиқлар одамлар томонидан ҳам аёвсиз ов қилиняпти. Бугунги кунда дунёда 22 — 31 мингта оқ айиқ қолган бўлиб, агар қатъий муҳофаза қилинмаса бу миқдор янада озайиб кетиши табиий.

Эътиборингизга йўқолиб кетиш арафасида турган ўнлаб жониворларнинг энг асосийлари ҳақида маълумот берилди. Биз санаб ўтмаган, ер юзининг турли минтақаларида ҳалокат ёқасига келиб қолган яна бир қатор ҳайвонот олами вакиллари бор. Уларни асраб қолиш эса бугунги авлод учун энг долзарб масала. Зеро, табиатни асраш –  инсониятни асраш демакдир.