EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

БУГУН – БУТУНЖАҲОН ЁВВОЙИ ТАБИАТ КУНИ

Аслида табиатнинг ёввойиси бўлмайди. У хоҳ инсонлар яшайдиган ҳудуд, хоҳ биздан олис манзил бўлсин бир бутун замин, Она еримиз ҳисобланади. Инсон қадами етиб борган ёҳуд камроқ ўзлаштирилган ҳудудлардаги ҳайвонот ва ўсимлик олами биз учун ёввойи саналса-да, бутун тириклик оламидаги умумий занжирнинг бир халқасидир. Демак, ёввойи сифатида қаралган ҳайвон ва ўсимликларни ҳам бирдек қадрлаш, асраб-авайлаш талаб этилади.

Айнан шу боис 2013 йил 20 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси ўз резолюцияси билан кенг жамоатчиликни ёввойи ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида 3 мартни “Бутунжаҳон ёввойи табиат куни“ деб эълон   қилди. Ўша йили табиий хилма-хилликни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган яна бир муҳим ҳужжатнинг 40 йиллиги ҳам нишонланди. У “Ёввойи фауна ва флоранинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган турлар билан халқаро савдо тўғрисида”ги конвенция бўлиб 1973 йил 3 мартда қабул қилинган.

Албатта, бу санани алоҳида эътиборга олишнинг қатор сабаблари бор. Чунки, бундай байрамнинг пайдо бўлиши сайёрадаги биологик хилма-хилликни сақлаш зарурлигини англаш билан боғлиқ. Сана муносабати билан ўтказиладиган қатор тадбирларда ёввойи табиат билан бирга ер юзидаги биохилма-хилликни асраш аҳамияти хусусидаги қатор мунозаралар ўтказилади. Шу баҳона инсонларнинг табиатга нисбатан ижобий муносабати шакллантиралади ҳамда мустаҳкамланади.

Қолаверса, ёввойи табиатнинг мутлақ қиймати экологик, генетик, ижтимоий, иқтисодий, илмий, маърифий, маданий, рекреацион ва эстетик жиҳатлар билан боғлиқдир. Шу боис кўпинча одамлар шовқин-суронли шаҳарлардан кимсасиз, ёввойи табиат қўйнига ошиқади. Унинг бетакрор манзаралари бу олам, ҳаёт нақадар гўзаллигини кўрсатади. Ана шу чиройга дахл қилиш эса инсонийликка хос бўлмаган жиҳат саналади.

Шундай экан, Бутунжаҳон ёввойи табиат кунини бизнинг жонажон диёримизда ҳам кенг нишонлаш фойдадан холи бўлмасди. Унинг доирасидаги қатор тадбирлар  юртдошларимиз, хусусан ёшларимизнинг атроф-муҳит, табиат бағридаги неъматларга бўлган меҳру-муҳаббатини оширишга хизмат қилади.

Абдураҳмон ҒОФУРОВ.