EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЭКОАКЦИЯ ДАВОМ ЭТАДИ

Данғара Фарғона вилоятининг кундан-кун чирой очиб бораётган туманларидан бири. Тадбиркорлик, саноат ишлаб чиқариши, ҳунармандчилик ва бошқа  йўналишлардаги ижобий натижалар туман аҳлининг турмуш фаровонлигини оширяпти. Янги барпо этилаётган иншоот  ва турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари туман маркази ҳамда  қишлоқларни янада обод бўлишига ҳисса қўшяпти. Муҳими, бу ишда аксарият данғараликлар фаол иштирок этяпти.

Юртимизда баҳор нафаси уфураётган  шу кунларда Ўзбекистон Экологик партияси туман Кенгаши фаоллари ўзига хос ташаббус билан чиқдилар. Туман марказида катта экологик акция ўтказилди. Унга кўра партия фаоллари, мазкур сиёсий партиядан депутатликка сайланган халқ вакиллари дарахтзор яратиш ҳаракатини бошлаб юборишди. Улар қаторига тумандаги қатор ташкилот ва корхоналар ишчи-хизматчилари, ёшлар вакиллари  келиб қўшилдилар.

Ушбу тадбирга экопартия фаоллари бош бўлишининг ўзига хос сабаби бор албатта. Чунки, биз ҳали депутатликка номзод пайтимизда мазкур ғояни ўртага ташлаган эдик. Яъни, сайловчилар билан учрашувлар жараёнида депутатликка сайланадиган бўлсак, албатта туман марказида катта бир дарахтзор яратимиз, кўча ва йўл бўйларига манзарали кўчатлар экамиз, дея ваъда бергандик. Бугун ана шу ваъдани бажариш фурсати келди.

Аслида ҳам шаҳар ва қишлоқларимиз кўркамлиги, атрофнинг гўзаллиги, ҳавонинг софлиги, соя-салқин ва сўлим бўлишида дарахтларнинг аҳамияти катта. Афсуски, бугун жойларда ушбу оддий ҳақиқатга амал қилмаётганлар ҳам бор.  Биз уларга қарши қатъий кураш олиб боряпмиз. Бугунгидек тадбирлар эса бу борада юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги, экологик маданиятини юксалтиради, ўсимлик дунёси, хусусан дарахтларга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотишга хизмат қилади.

Акция давомида ташаббускор-фаоллар томонидан кўчат экишга чиққан иштирокчиларга 1000 туп ноёб павлония дарахти кўчатларини етказиб берилди. Бугун жойларда тез ўсадиган, қимматбаҳо  ва саноатбоп бу дарахт кўчатига талаб ғоят кучли. Чунки, бир йилда беш метргача бўй оладиган павлониянинг нафақат танаси, балки гул ва япроқлари ҳам ғоят фойдали. У манзарали ўсимлик сифатида ҳам кўркам кўринишга эга. Айниқса, гули асаларичиликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Дарҳақиқат, чўп суқсанг бехато кўкарадиган заминимиз бор. Уни дарахтзору боғ-роғларга айлантириш ўз қўлимизда. Табиат эса бизнинг бу меҳримизга ўзининг чексиз саҳовати, туганмас неъматлари билан жавоб беради. Шундай экан, барча юртдошлармизни кўчат экиш, боғ ва гулзорлар яратишга чорлаймиз.

Бугунги экоакция эса Экологик партия  депутатлари ва фаолларининг бу борадаги илк қадами ҳисобланади. Бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам ташкил этилади.

Равшанбек БЕГМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати.

Ижтимоий тармоқларга улаш: