EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ОБОД ЮРТ ОДАМЛАРИ

Кўчат экиб боғ яратиш, гулзорлар барпо этиш халқимизнинг ўзига хос эзгу одатларидан саналади.  Аждодларимиз ерга бир туп ниҳол қадаб, унга меҳр эътибор беришни бола тарбиясига қиёслашган. Боғдорчилик, кўкаламзорлаштириш анъанаси ҳам ана шундай теран масъулият асосида шаклланган. 

Бугунги кунда боғдорчилик илмининг миллий ва замонавий услубини уйғунлаштириб дунёга довруғ солаётган фарғоналик миришкор боғбонлар билан фахрлансак арзийди. Негаки, уларнинг сафдошлари, издошлари тобора кўпайиб боряпти. Хусусан, кўклам олдидан вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида янги дарахт ҳамда гул кўчатлари экиш, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш тадбирлари бошлаб юборилди.

Хусусан, Фарғона вилояти  экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва  Фарғона шаҳар  ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида шаҳарнинг «Тадбиркорлар» ва Додхоҳ номли кўчаларида кенг қамровли кўчат экиш ишлари олиб борилди.

Ташаббускорлар бинолар пойида янгитдан барпо этилган гулзорлар, ноёб манзарали дарахтлар ансамблидан иборат кичик боғ мажмуалари яратишди.Албатта, бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Унинг ортида кўплаб кишиларнинг машаққатли меҳнати  бор.

Демак, барча ҳудудларда экологик мусаффоликни сақлаш, ўсимликлар дунёсига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, энг муҳими ободонлаштириш тадбирларида намуна кўрсатиш қалб амримиз бўлиши керак.

Албатта, мазкур тадбир эндиликда нафақат шаҳар, балки барча туманлар, қишлоқ ва маҳаллалар миқёсида қулоч очади. Жойларда дарахтор ва гулзорлар яратиш нафақат юртимизни обод ва кўркам қилади, балки ёш авлодга табиатга нисбатан меҳр уйғотишга ҳам хизмат қилади.

Гулноза ТЎХТАСИНОВА,

Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг тарғибот-ташвиқот бўлими инспектори.

Ижтимоий тармоқларга улаш: