Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ҲАМКОРЛИК ФОЙДАЛИ БЎЛАДИ

Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида “Болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда телевидение, босма нашрлар ходимлари ва блогерлар иштирок этишди.  

Анжуман аввалида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмоновнинг маърузаси тингланди. Нотиқ вилоятда болаларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт масканлари салоҳияти, келажагимиз ворисларининг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида маълумот берди. Шу ўринда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг вужудга келиши ва шаклланиши, муассасада болалар касалликларини даволаш учун яратилган шароитлар, уни кенгайтириш борасидаги интилишлар, чет эл клиникалари билан ҳамкорликда олиб борилаётган изланишлар, қозоғистонлик кардиожарроҳлар билан биргаликда татбиқ этилаётган юқори технологик амалиётлар ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Анжуман ғоят қизиқарли, савол-жавобларга бой тарзда кечди.”Правда Востока“ газетасининг вилоятдаги мухбири Феруза Отахонова, “Аёл ва жамият” журнали мухбири Шаҳло Тошбекова, “Наманганская правда” газетаси мухбири Алтинбек Бойбулатов, “Namangantoday” сайти маъмури Санжарбек Ҳамидов ва бошқалар айниқса фаоллик кўрсатишди. Журналистлар соҳада кечаётган ислоҳотлар самарасидан тортиб, соғлом турмуш тарзи, тиббий маданият, соғлом овқатланиш, чақалоқларни кўкрак сути билан боқиш, соғлом фарзандни дунёга келтириш учун аёллар нималарга эътиборни қаратишлари лозимлиги билан қизиқдилар. Қизлар саломатлиги марказларининг фаолияти, болаларда учраётган туғма урологик ва аллергик касалликлардан  муҳофазаланиш тўғрисидаги ва бошқа кўплаб саволларга марказ мутахассисларидан тегишли жавобларни олдилар.

Матбуот анжуманида аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш орқали болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш, айниқса ота-оналарнинг тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзи ҳақидаги тасаввурларини бойитишга эришиш юзасидан келишиб олинди. Бинобарин, газеталар саҳифаларида, телевидение ва радиода, шунингдек, ижтимоий тармоқларда бу мавзуга оид мақола, кўрсатув ва эшиттиришларга кенг ўрин беришда шифокорлар ва журналистларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова иштирок этди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.