Sesh. Iyul 14th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ҚУРУВЧИМИ, БУЗҒУНЧИМИ?

Таассуфки, кейинги пайтда маҳаллий матбуотда дарахтларга нисбатан кескин муносабатда бўлаётган, турли баҳоналар, хусусан, қурилишни сабаб қилиб маълум майдондаги ўсимлик оламига қирон келтираётан шахсларнинг қилмишига доир қатор хабарлар тарқатиляпти. Яна айрим шахслар эса нафс куйида неча йилда бино бўлган катта-катта дарахтларни атиги бир неча соатда сира иккиланмай увол қилиб юборяпти.

Бунёдкорлик аслида элимизда шарафланадиган касб. Чунки, уларнинг меҳнати билан янги-янги иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, юртдошларимиз учун турар-жойлар барпо этилади.  Жонажон диёримизнинг кундан-кунга чирой очиб бораётганлиги сабабчиси ҳам айнан шу соҳа фидокорларидир. Лекин, беш қўл баробар эмас-да. Қурувчилар орасида шундайлари ҳам борки, улар бу тизимга ё адашиб кириб қолган, ёки касбга садоқатдан кўра бизнес, шахсий манфаат муҳимроқ. Бугун табиатга ўйланмасдан зарар етказаётганлар ҳудди шундайлар сирасига киради.

Фикримизнинг исботини кеча матбуотда тарқалган хабар ҳам тасдиқлайди. Ярим гектар майдонда янги бино қуриш учун 81 туп дарахтга қирон келтирганларнинг қилмишини қандай баҳолаш мумкин?..

Афсуски, бу биргина ҳолат эмас. Шундай кўнгилсизликларни ҳар бир шаҳарда кўриш мумкин. Янги қурилиш баҳонасида кесилаётган юзлаб дарахтлар ҳисобига катта-катта шаҳарлар ҳам тобора чўллашиб боряпти. Авваллари соя-салқин, сўлим ва баҳаво бўлган вилоят марказлари неча йиллик дов-дарахтларнинг кесиб юборилиши оқибатида бугун яланғочланиб қолмоқда.

Ажабланарли томони шундаки, бугун мамлакатимизда юртдошларимизнинг хоҳиш иродаси билан дарахтларни асраб-авайлаш борасида бир қатор қонуний ҳужжатлар қабул қилинаётган бир пайтда бундай хатоларни кечириб бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан яқиндагина, яъни жорий йил 18 февралда қабул қилинган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорга кўра мамлакатимизда 78 хил дарахтларни кесиш қатъиян таъқиқланди.

Тошкент шаҳридаги “Юнус Ражабий” маҳалласидаги ҳолат эса гўёки бу ҳужжатларга “амалий жавоб” бўлгандек. Тўғри, ана шу 81 туп дарахтни кесганлардан Жиноят кодексининг 198-моддаси 4-қисмига кўра 1 миллиард 891,3 миллион сўм моддий зарар ундирилди. Шунингдек  уларга гаров эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда бу ерда янги дарахтзор ҳам барпо қилиняпти. Лекин, бу кўчатлар аввалгиларидек  бўлгунича анча йиллар керак бўлади.

Гапни сирасини айтганда, бирор қурилишни баҳона қилиб дарахт кесадиганлар аслида ўзининг кимлиги ҳақида бир сидра ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди. У қурувчими ёки бузғунчи? Негаки, ҳақиқий қурувчи ишни бузиш, кесишдан бошламайди. Қайтага ана шу дарахтлардан барпо этиладиган бинога қўшимча чирой берадиган кўкаламзор ҳисобида фойдаланади. Бу шунингдек ландшафт дизайни ўрнини ҳам босади. Шундай экан, ҳар бири қурувчидан бу борада эътиборли бўлиш, оқилона қарор чиқариш тарафдоримиз.

Абдураҳмон ҒОФУРОВ.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.