Chor. Okt 21st, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ИННОВАЦИЯЛАР САМАРАСИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг  маълумотларига кўра ҳар йил  ўртача 20  миллион  нафар одам бош мия  қон  айланишининг  ўткир бузилиши ҳасталигига дучор  бўлади.  Уларнинг  15 миллион  нафари  ногиронликка юз тутади, тўртдан бир қисми  тиббий-ижтимоий  кўмакка  муҳтожлик сезади ёки оламдан ўтади.  20 фоиздан ортиқ бемор  эса  беш йилдан сўнг қайта  инсультни  бошидан кечиради. Афсуски, бундай  муаммо Ўзбекистонда  ҳам  кузатилмоқда. Айниқса,  ишемик ва геморрагик  инсультга учраганлар сони  шаҳарларга нисбатан  қишлоқларда ортиб бормоқда.

Шифокорларимиз аҳоли ўртасида  мазкур касалликнинг олдини олиш борасида астойдил изланмоқдалар. Бу саъй-ҳаракатлар аввалида  юртдошларимизнинг тиббий саводхонлигини оширишга  қаратилган  интилишлар турса, иккинчи муҳим  йўналиш сифатида бош мия қон  айланиши  ўткир бузилишини  барвақт  аниқлаш ва касалликни жарроҳлик  йўли билан  бартараф этишга  аҳамият қаратилмоқда.

Дарҳақиқат,  инсульт олди хасталигидан беморларни халос  этиш борасидаги мураккаб  технологик  жарроҳлик амалиётлари ҳозирга  қадар фақат  пойтахтимиздаги нуфузли  тиббиёт  марказларида олиб борилар эди. Республика  шошилинч  тиббий ёрдам  илмий маркази Наманган филиалида ҳам  жарроҳлик  амалиётларини муваффақиятли равишда бажаришга киришилди. Бир йилдирки, филиалнинг қон-томир жарроҳлиги бўлими  мудири  Абдулҳоди Йўлдошев ва шифокор Аҳмаджон  Болтаевлар йигирма   нафардан зиёд беморларни  умрини  узайтиришга муваффақ  бўлдилар.

-Бош мия  қон айланишининг етишмовчилиги аорта  равоғи томирларининг зарарланиши билан кечади. Бу жараён  50 фоиз ҳолларда  белги бермайди. Инструментал  текширув пайтидагина томирларнинг  шикастланганлиги аниқланади. Бу касалликнинг  илк босқичи ҳисобланади. Иккинчи босқичида транзистор ишемик  ҳуруж кузатилади.  Агар ҳасталикнинг  илк босқичларида зарур  чоралар кўрилмаса охир оқибат мудҳиш ҳолатлар  юзага  чиқиши табиий, – дейди  Абдулходи Йўлдошев. -Узоқ  йиллар давомида  раҳматлик устозимиз Бахтиёр Раҳимов бошчилигида  изланишлар олиб бордик. Эзгу мақсадни рўёбга чиқариш биз шогирдларга насиб этди. Республика хирургия ангионеврология  ихтисослаштирилган тиббиёт маркази таниқли олим  ва тажрибали шифокорлари мадади билан уйқу артерияларида реконструктив жарроҳлик амалиётларини Наманганда йўлга қўйдик. Натижада 20 нафар беморда ишемик типдаги  инсультга барҳам берилди. Пировардидада  аҳолининг ногиронлик  даражасини камайтиришга эришдик. Шунингдек, беморларнинг  узоқ муддат  шифохоналарда даволанишига чек қўйдик. Бундан  ташқари  ушбу амалиёт самараси  ўлароқ   қайта инсультга чалиниш  ва ўлимнинг олди олинади. Яна бир муҳим  жиҳат    оиладаги  ижтимоий муаммолар ечим топди.

Улуғ мақсад сари  интилишлар бардавомдир. Тиббиётдаги инновациялар баробарида одамларнинг дардига даво изланиб, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва умрини узайтириш чоралари  кўрилмоқда. Шу билан бирга  аҳоли ўртасида  мия қон-томир  етишмовчилиги касалликларини камайтиришга  йўналтирилган  профилактик  тадбирларга  урғу берилмоқда. Тиббиёт  тараққиётини замонавий   билим ва  малакага эга  кадрлар  таъминлашини назарда тутган ҳолда бўлим шифокорлари илмий салоҳиятини юксалтиришга ҳам алоҳида аҳамият  қаратилмоқда. Шу кунларда  врач Аҳмаджон Болтаев  “Уйқу  артерияларидаги жарроҳлик амалиётлари натижасида ишемик  инсультнинг  олдини олиш” мавзусида илмий-тадқиқот ўтказяпти. Жасурбек Юсуфжонов Туркияда малака оширмоқда. Бу изчил  саъй – ҳаракатлар пировардида яна кўплаб  мураккаб технологик  жарроҳлик амалиётлари  РШТЁИМ  Наманган  филиалида  ўтказилишига  ишончимиз комил.

Абдулла ҒОЗИЕВ.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.