Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

САРИШТАЛИК САБАБЧИЛАРИГА САҲОВАТ

Қиш, ҳаво совуқ. Айни пайтда кўчада, очиқ майдон, хиёбон ва гузарларда меҳнат қилаётган ободонлаштириш бошқармаси ходимлари – саришталик сабабчиларини кўрасиз. Ишидан нолимайди. Қўлини бир-бирига ишқайди-да, бироз тин олади. Кейин яна олға, боиси ҳали анча ишлар кутиб турибди. Шаҳар катта, кўчалар бисёр, кўп қаватли турар-жойлар ундан кўп. Бу манзилларни чиқиндилардан тезроқ ҳоли қилиш лозим, вақт кутиб турмайди.

Аксарият шаҳарликлар ҳар куни бу одамларни кўришади, аммо эътиборсиз ўтиб кетишади. “Ҳа энди ўз ишини бажаряпти-да”, дея ўз ташвиши билан андармон бўлади. Қарангки, ободонлаштириш ходимларининг ишига бефарқ бўлмаган инсонлар ҳам бор экан. Ўтган куни улардан бир гуруҳи бирлашиб “Покиза инсонлар” акциясига асос солишди. Акция доирасида Фарғона шаҳрининг турли ҳудудларида ўз хизмат вазифасини бажараётган саришталик посбонларига иссиқ қаҳва ва егулик, ишда фойдаланиш учун иссиқ қўлқоплар улашилди.

Фарғона вилояти экология ва табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” ДУК вилоят филиали, Фарғона шаҳар мактабгача таълим бўлими, адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, “Azia uz” савдо гуруҳи вакилларидан иборат саҳоватпеша инсонлар ободонлаштириш бошқармасининг 800 нафардан зиёд ишчи-хизматчиларига ана шундай эътибор кўрсатишди.

Табиийки, бу эътибор уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Шугина саҳоватдан мамнун бўлган онахонлар қўлларини дуога очдилар. Йўқлаб келувчиларга ўзларининг самимий  миннатдорчиликларини билдирдилар.

Ўз навбатида биз ҳам саҳоватпеша ташкилот вакилларига ўзимизнинг ташаккуримизни билдирамиз. Чунки, саранжом-саришталик тизимда меҳнат қилаётган ходимларнинг меҳнатини улуғлаш орқали улар ҳам юрт ободлигига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Дарвоқе, акция давом этади. Кейинги манзил Марғилон шаҳри. Унда иштирок этмоқчи бўлган саҳоватпешалар, кўнгиллилар бизга қўшилинг. Шу орқали  юртимиз озодалигини таъминлашга ҳисса қўшган бўласиз. Бу аслида ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир!

Гулноза ТЎХТАСИНОВА,

Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг тарғибот-ташвиқот бўлими инспектори.                          


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.