EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

КЕЛАЖАК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

Маданият ва маърифат инсонни эзгуликка бошловчи маёқдир. Шу маънода маданиятнинг турли кўринишлари бор. Экологик маданият кишилар орасида эндигина шаклланиб бораётир ва унгача бўлган даврда Она табиатимиз муҳофазаси билан боғлиқ муаммолар кишилик жамиятига жиддий хавф солиб улгурди. Шу маънода экологик маданият дунё миқёсидаги   глобал экологик кризисларни йўқота олмаса-да, янги ҳалокатларнинг келиб чиқишига етарлича қаршилик қилиши мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, шахснинг экологик маданияти экологик таълим ва тарбия маҳсулидир. У болалигимиздан табиатга нисбатан шаклланган ижобий муносабатимиз, меҳримиздан бошланади, албатта. Бу меҳр ва муносабат аввало, ҳовлимиз, кўчамиз, маҳалламизни озода тутиш, кўкаламзорлаштиришда кўринади. Демак экологик тарбиянинг дастлабки босқичи оилада шаклланади ва таълим жараёнида мустаҳкамланиб  боради. Бугун мамлакатимизда бу борада амалий ишлар олиб бориляпти. Хусусан, 2019  йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва шу асосдаги қабул қилинган  Концепцияга кўра,  мактабгача таълим, умумтаълим ва олий таълим тизими ва ундан кейин ҳам экологик таълимни такомиллаштириш йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, Концепция доирасида мактабгача таълим муассасаларида «Болажон» таянч дастури қайта кўриб чиқилади, дастурда болаларда она табиатни асраб-авайлаш борасидаги илк тасаввурларни уйғотишга ҳамда уни асраб-авайлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги мавзуларни кўпайтиришга эътибор қаратилади.

Умумтаълим мактабларида эса Концепцияда белгиланган илк вазифалар – умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тизими учун белгиланган давлат таълим талаблари ва таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш, умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари мазмунини экологик билим, кўникма, малака ва компетенциялар билан бойитиш, муҳим экологик саналарга бағишлаб ўқувчилар ўртасида табиат қўйнида турли амалий машғулотлар ўтказиб бориш кўзда тутилган. Шунингдек, халқаро грант лойиҳалари ҳисобига ўрта умумтаълим мактабларида «Экология бурчаклари»ни ташкил этилади, мазкур бурчакларни зарур материаллар билан таъминлаш, умумий ўрта таълим тизимида республика миқёсида босқичма-босқич «Энг яхши экологик тоза мактаб», «Энг яхши эколог ўқувчи» кўрик танловларини ўтказиш ҳам экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

Мазкур Концепция олий таълимда ва ундан сўнг ҳам давом этади. Жумладан, у аҳоли ўртасида ҳам экологик маданиятни  юксалтиришга хизмат қилади. Чунки, халқимизда азалдан ободлик, тозалик, табиий ресурсларга нисбатан холисона муносабат, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш  алоҳида аҳамият касб этган. Хаттоки, ўз даврида бобомиз, Соҳибқирон Амир Темур  томонидан ободончилик, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш, боғу-роғлар яратиш борасида олиб борилган ишлар бунга мисол бўла олади.   

Сирасини айтганда экологик маданият нафақат ёшлар қалбида табиатга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш, балки катталар учун ҳам ўзига хос ибрат мактаби бўлиши лозим. Зеро, табиат бу инсониятнинг ўзлиги, борлиғи, яшаб турган Ватанидир. Унга нисбатан эътиборсизлик яхши оқибатларга олиб келмайди. Негаки, бизнинг бугунги ҳар қандай хатоимиз бугундан бошланажак келажак учун хиёнат билан баробардир.

Зарифахон БОЙНАЗАРОВА,

Ўзбекистон экологик партияси Фурқат тумани Кенгаши раиси.