EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ДАҲШАТЛИ ҚУМ БЎРОНИ

Очиғи, ўзига хос гўзал табиат, ноёб ҳайвонот ва ўсимликлар оламига эга, доимий яшил қитъа ҳисобланган Австралия аваллари бугунгидек экологик ҳалокат домида қолмаган бўлса керак. Ўтган йилнинг кузида бу ерда бошланган ёнғинлар 8 миллион гектар майдонда ўрмон ва ўсимлик дунёсини, унинг ичидаги ҳайвонот оламига қўшиб куйдириб юборди.

Ёнғинлари ўзининг кенг кўлами билан  бутун мамлакат аҳлини жиддий ташвишга солди. Негаки, бир неча ой давомидаги унга қарши  саъй-ҳаракатлар деярли натижа бермади. Бу ҳам майли, ўтган ҳафтада ёнғинлар ортидан мамлакатга  кучли сел  кириб келди. Бунинг оқибатида ҳосил бўлган  кўчкилар яна табиат ва инсониятга, табиатга катта зарар етказди. Хусусан, ҳозирга келиб табиий офатлардан ҳалок бўлган инсонлар сони 100 нафарга яқинлашди. Яна минглаб ҳайвонлар, ўсимликлар нобуд бўлди.

Таассуфки, Австралия шугина офат билан қутулиб қолмади. Куни кеча Австралияга яна бир табиий офат, даҳшатли қум бўрони  ёпирилди. Соатига юз километр тезликка эга бўлган бу бўрон мамлакатнинг катта ҳудудини вайронага айлантирди. Хусусан, Янги Жанубий Уэльс штатида содир бўлган  шамолнинг тезлиги соатига 100 километрга етган бўлса, унинг кучи айрим жойларда 107 километргача чиққан.

Бўрон ҳам майли, ўтди кетди. Энди маҳаллий ҳокимият аҳолини яна бир офат – тошқинлар хавфидан огоҳлантиряпти. Демакки, табиат нафақат  меҳр беради, балки қаҳрини кўрсатишга ҳам қодир. Шундай экан, унга нисбатан холис муносабатда бўлайлик, асраб-авайлайлик.