Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ

Бугунги кунда дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда маиший чиқиндилар кўлами тобора ортиб боряпти. Асосий муаммо бундагина эмас, ана шу чиқиндиларнинг белгиланмаган жойга ташлаб кетилиши, аҳоли ўртасида экологик маданиятнинг етишмаслиги кишини ташвишга солади.

Халқимизда поклик – саломатлик, қут-бараканинг асосий омили сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, атроф-муҳит  мусаффолиги, шаҳар ва қишлоқлар ободлиги, кўча ва гузарларнинг саранжом-саришталигини таъминлаш азалий қадриятлардан саналади. Кўчага чиқинди ташламаслик, сувга ахлат супурмаслик, жамоат жойларини ифлослантирмаслик фарзанд тарбиясидаги асосий жиҳатлардан ҳисобланган. 

Шунга қарамай, бугун жойларда чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар тобора жиддийлашиб боряпти. Бу борадаги вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун қатор амалий ишлар қилиняпти. Хусусан, бугун жойларда фаолият олиб бораётган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва унинг шаҳар туман филиаллари жамоаси томонидан чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш борасида тизимли фаолият олиб бориляпти. Айни йўналишда корхонанинг Марҳамат тумани филиалида ҳам эътиборга лойиқ натижалар бор.

– “Тоза ҳудуд” корхонаси Марҳамат филиали тумандаги 17 та маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига хизмат қилмоқда, – дейди филиал раҳбари Раззоқберди Холдоров. – Бунинг учун 9 та махсус автомашиналар хизматидан фойдаланамиз. Фаолият давомида аҳолининг талаб истаклари асосида иш ташкил қилиб хизмат ҳудудидаги ахлат ва чиқиндиларни белгиланган режа асосида, ўз вақтида ташиб кетишга эришиляпти. Бунинг натижасида хизмат сифати ҳамда корхонага тушадиган маблағ миқдори ҳам ортиб боряпти. Мисол учун, ўтган йилнинг ўрталарида ҳам ойлик тушумлар миқдори ўртача 24 миллион сўм бўлгани ҳолда йил охирига келиб мазкур кўрсаткич 80 миллион сўмгача кўтарилди.   

Айни натижа чегара эмас. Яқин кунларда туманда филиал ходимлари учун янги қурилган бино, махсус автомашиналар учун автогараж фойдаланишга топширилади. Ушбу замонавий бинода барча мутахассислар, ходимлар учун зарур шароитлар яратилади. Бу албатта иш самарадорлигини янада ошириш имконини беради.Табиийки, ўз навбатида филиалнинг хизмат ҳудуди ҳам кенгаяди.

-Туманимизда 48 та маҳаллада 170  мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Марҳамат тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари  Адҳамжон Қўчқоров. – “Тоза ҳудуд” корхонаси туман филиали хизмат кўрсатаётган маҳаллаларда ахлат ва чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш борасида ҳеч қандай муаммо учрамайди. Боиси, филиал раҳбари аввал маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлагани боис бу тизимни яхши тушунади, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари билан доимий ҳамкорликда иш олиб боради. Бундан кўриниб турибдики, филиалнинг хизмат ҳудудини кенгайтириш айни муддао бўларди.  

Ҳа, бугун “Тоза ҳудуд” корхонаси Марҳамат тумани филиали ходимларининг масъулияти янада ортган. Яқинда ёғиб ўтган қордан сўнг жойлардаги чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш талаб этилади. Бунинг учун филиалда ҳар бир махсус автомашинадан самарали фойдаланиляпти. Улар юриб ўтган манзиллар, кўча ва гузарларда эса ободлик, саришталик ҳукмрон. Зеро, айни ободлик кўнгилларни ҳам шод этувчи асосий омилдир.  

Дилшодбек ҲОЛҚУЛОВ,

Андижон вилояти “Тоза ҳудуд”

ДУК  бўлим бошлиғи.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.