EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИК АМАЛИЁТ

Наманган вилояти шифокорлари янги йилда ҳам янада юксак марраларни кўзлаб, соҳа тараққиётини таъминлаш учун астойдил изланмоқдалар. Амалга татбиқ этилаётган янги технологиялар тиббий хизмат сифати ва даражасини янада юқори поғонага кўтариш имконини бераётир. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ўтказилган мураккаб технологик жарроҳлик амалиёти бу борада муҳим қадам бўлди.

Янгиликка филиалнинг нейрожарроҳлик бўлимида қўл урилди. Жаҳон тиббиёти илғор усул ва услубларини вилоят тиббиёти фаолиятига сингдириш мақсадида астойдил интилаётган нейрожарроҳ Сайдулло Шарифбоевнинг изчил саъй-ҳаракатлари ўз маҳсулини берди. Нафақат муассаса, балки республика вилоятлари кесими жарроҳлиги тарихида илк бор бош мияда  олиб борилган нейроэндоскопик амалиёт муваффақиятли якунланди.

–  Япония, Буюк Британия, Россия ва бошқа тиббиёти ривожланган давлатларга хизмат сафарларим чоғида илмий-амалий конференцияларда иштирок этганимда жаҳонга танилган олимларнинг бош мия соҳасида нейрожарроҳлик амалиётларини ўтказиш бўйича маърузаларини тинглаганман. У ерлардаги замонавий тиббиёт аппаратуралари воситасида олиб борилган мураккаб нейрожарроҳлик амалиётларини кўриб, ҳавас қилгандим. Кейинчалик шу хайрли ишларни юртимизда жорий этишга уриниб кўриш ғояси пайдо бўлди, – дейди доктор Сайдулло Шарифбоев.-  Шу иштиёқ бўйича изланиш олиб бордик. Япония элчихонаси эълон қилган грант бўйича лойиҳа туздик. Натижада филиал учун 110 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ютиб олдик. Ана шу пулга Германиянинг “Карл Шторц” компаниясидан “Нейроэндоскоп” аппарати сотиб олдик. Бугун малакатимизда ягона ҳисобланган  мазкур такомиллашган ва қимматбаҳо аппаратни ишга солиб, унинг воситасида биринчи амалиётни ўтказдик.

Мазкур тиббий асбобнинг афзаллиги шундаки, бунда эндоскоп орқали инсон бош мияси асосида жойлашган  ўсмалар мини инвазив усулда олиб ташланади. Биринчи жарроҳлик амалиёти ҳам шу йўсинда олиб борилди. Беморни безовта қилаётган касаллик бўйича бурун  ва сфеноидал бўшлиқ орқали кирилиб, гипофиз бези ўсмаси бартараф этилди. Бутун амалиёт жараёни мониторда акс этиб турди. Бир ярим соат давом этган жуда қийин жарроҳлик амалиёти ижобий натижа билан якун топди.

Аҳамиятли жойи шуки, бу янгилик халқ саломатлигини мустаҳкамлаш сари интилишларнинг дебочаси, холос. Келгусида хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда янада мураккаб ва нозик операцияларни Наманганда амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда. Мақсад -юртдошларимиз узоғини янада яқин қилиш ҳамда жаҳон адозалари асосида нейрожарроҳлик амалиётларини ўтказиш кўламини кенгайтиришдан иборат.

Абдулла ҒОЗИЕВ.