EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ОНА ЗАМИН “ЎПКАСИ”

Тириклик оламининг асосий омилларидан бири бу – тоза ҳаво ҳисобланади. Республикамизнинг маълум майдонларини эгаллаган ўрмонлар она заминни ана шу ҳаво билан таъминлаб турадиган “ўпка”ларидир. Уларнинг миқдори қанчалар кўп бўлса, юртимиз ҳавоси шунчалар мусаффо бўлади. Дарахтзорлар инсонларга нафақат тоза ҳаво етказиб беради, балки улардан доривор мевалар, қурилиш  ва саноатбоп материаллар  ҳам йиғиштириб олинади. Шу маънода ўрмонлар миллий бойлигимиз саналади.

Кейинги йилларда уларни кенгайтириш, асраб-авайлаш борасида тадбирлар ўзининг  самарасини бермоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси сайтида қатор маълумотлар келтирилган. Унга кўра   2007 йил 1 январ ҳолатига республика ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ерлар майдони 8,7 миллион гектарни ёки республика умумий майдонининг 18,1 фоизини ташкил қилади. Шундан ўрмон билан қопланган майдон, 2,7 миллион  гектар бўлиб бу  республиканинг умумий ер майдонига нисбатан 5,3 фоизга тенгдир.  Республикада ўрмонларнинг муҳимлиги ва уларни миқдори камлигини инобатга олиб, ҳаракатда бўлган меъёрий ҳужжатларга асосан уларни ёппасига кесиш ишлари тўхтатилган ва фақат ўрмонларни санитария ҳолатларини яхшилаш мақсадида кесиш ишларига рухсат берилган.

Ҳар йили бу турдаги кесиш ишларидан 30-35 минг метр куб ёғоч олиниб, маҳаллий қурилиш ишларида ва ўрмон хўжаликларида ташкил қилинган цехларда халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда ишлатилмоқда. Бундан ташқари ўрмон хўжалиги тизимида ҳар йили бир неча юз тонна ёнғоқ, бодом, писта, мева-сабзавот маҳсулотлари ва доривор ва озуқабоп ўсимликлар тайёрланади.

Ҳар йили республика ўрмон фонди ерларида янги-янги ўрмонзорлар барпо этилмоқда. Тоғли ҳудудларида арча, ёнғоқ,  бодом,   писта ва бошқа турдаги дарахтлар, водий ҳудудларида терак, чинор қайрағоч, мевали дарахтлар ва бошқа тез ўсувчи дарахтлар экилмоқда. Кейинги йилларда уруғдан сепиб маданий ўрмонзорлар барпо этиш яхши самара бермаётганлиги сабабли кўчатдан экиш усули кенг кўламда қўлланилмоқда. Бу ўз навбатида ўрмон билан қопланган майдонга ўтказишни таъминлашда яхши натижа бермоқда. Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида ва Орол бўйи минтақаларида чўл ўсимликларидан иборат ўрмонзорлар кенгайтириляпти. Айниқса, шу йил бошида бу борада кенг кўламли иш бажарилди.  Бу ўз навбатида Орол денгизи тубидан қум ва зарарли туз заррачаларининг ҳавога кўтарилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Охирги йилларда республикамизда янги қурилиш ишлари ниҳоятда ривожланиб бораётганлиги, шу билан биргаликда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кўпайиб кетаётганлиги натижасида манзарали ноёб, қимматбаҳо дарахтлар кўчатларига бўлган талабнинг йилдан йилга  ўсиб боришини хисобга олиб ўрмон хўжаликларида бозорбоп, харидоргир кўчатларни етиштиришга катта аҳамият берилмоқда. Хусусан, республикада талаб юқори бўлган япон сафорасини, элдар қарағайини, арча кўчатларини етиштириш ҳажми кўпайтирилди ва улардан ўрмонзорлар барпо қилинмоқда. Шу билан бирга қўриқхона, миллий табиат боғи ва ўрмон-ов хўжаликлари бошқармаси таркибидаги қўриқхоналарида камёб ҳайвонлар – Бухоро буғулари,  Қизилқум қўйлари, Бурама шохли эчки (мархур) ва Бухоро қўйлари муҳофаза қилинмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, ўрмонларни кенгайтириш, уларни асраб-авайлаш, оқилона фойдаланиш борасидаги амалий тадбирлар ўз самарасини бериши шубҳасиз. Негаки, ўрмончилик ривожлангани сари юртимиз янада обод, турмушимиз фаровон бўлиб бораверади.

Ижтимоий тармоқларга улаш: