EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

САЙЛОВ ЯКУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Мана, бугунга келиб мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим жараён – сайловлар ўз поёнига етди. Хусусан, кеча ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун ўтказилган такрорий сайловдан сўнг ҳар бир партия эгаллаган ўринларнинг якуний  натижаси аён бўлди.

Такрорий сайлов натижаларига кўра, партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ўринлари қуйидагича тақсимланди, яъни, Ўзбекистон Либерал демократик партияси – 53 нафар (35 фоиз), “Миллий тикланиш” демократик партияси – 36 нафар (24 фоиз), “Адолат” Социал-демократик партияси – 24 нафар (16 фоиз), Халқ демократик партияси – 22 нафар (15 фоиз), Ўзбекистон Экологик партияси – 15 нафар (10 фоиз) ўринга эга бўлди.

Очиғини айтиш керак, такрорий сайлов Ўзбекистон Экологик партияси учун асосий сайловга нисбатан анчайин ижобий самара берди. Боиси 150 ўриндан атиги 11 та ўрин олган партия бу сафар 25 ўриндан тўрттасини қўлга киритди. Бошқачароқ айтганда, даставвал умумий натижада 7,3  фоизлик маррани эгаллаган яшиллар такрорий сайловда 16 фоизлик имкониятга эга бўлишди.  Шундай қилиб, яхлит натижалар умумий миқдорда 10 фоиз билан 15 та ўринга айланди. Бу  миқдор 2014  йилги сайловда ажратилган, квоталанган ўринларга мос келди. Ҳартугул янги партияда олға силжиш бўлмаса-да, ортга ҳам кетилмади. Бир ҳисобда натижалар юртимиздаги энг биринчи ташкил этилган Халқ демократик партияси ва анчайин серҳаракат бўлган “Адолат”  социал-демократик партияларига солиштирганда ёмон эмас.

Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмади. Ўзбекистон Экологик партияси бу сайловда нисбатан тажрибасиз, шаклланиш жараёни давом этаётган бўлишига қарамай астойдил курашди. Бошқаларга нисбатан фақатгина вазифаси бор, моддий таъминотсиз фаоллар бутун имкониятни ишга солишга ҳаракат қилдилар.

Энг муҳими, эндиликда нафақат Олий Мажлисда, балки маҳаллий Кенгашларда ҳам Ўзбекистон Экологик партияси депутатлари  бор. Бу яшилларни келгуси сайловгача жамиятдаги ўз ўрнини мустаҳкамлаши, имконият ва салоҳиятини намоён қилиши учун етарли. Асосийси жамият  ва халқ манфаатлари ҳимоячиси, озод ва обод юрт, соф табиат, мусаффо осмон, гуллаб-яшнаган Ватан тарғиботчиси, келажак учун жавобгарликни зиммасига олган партиянинг эртаси албатта порлоқ бўлади.

Демак, олға яшиллар, олға Ўзбекистон Экологик партияси!