Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТИББИЁТ – БУ САНЪАТ

Шифокорлик нафақат  бурч, балки  санъатдир. Беморни дори-дармон, турли муолажа, ширин сўз ва ўз шахсий намунаси билан даволаш  инсондан  катта маҳорат ва масъулият талаб этади.  Қаҳрамонимиз – тиббиёт фанлари  доктори, профессор Зуҳриддин Салоҳиддинов  шифокорликни ана шундай санъат мақомига кўтара олган инсонлардан бири. У бугун ўз фидоийлиги билан соҳадаги ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшаётган табаррук устозлардан бири.

Зуҳриддин Салоҳиддинов қарийиб ярим асрдирки эл хизматида. 1971  йилда ўз меҳнат  фаолиятини бошлаган бўлғуси олим ўқиш пайтдаёқ давлат стипендияси соҳиби сифатида, қолаверса,  иқтидори,  нотиқлик санъати  ва салоҳияти билан  барча устозларининг меҳрини қозонган эди.

“Қиз ўсса – уйнинг, йигит ўсса  – элнинг кўрки” деганларидек,  бўлғуси шифокорнинг камолига  ҳамманинг ҳаваси келарди.  Ўшанда у ҳаётда ўз ўрнини топиш, шифокорликдек муқаддас касбни пухта эгаллаш, ҳурматли устозлари  изидан бориб, уларга муносиб шогирд бўлиш  ниятида якдил бўлди. Тинимсиз ўз устида ишлади, ўқиб-ўрганди.  Бу йўлда унга  тажрибали шифокор ҳамда нозиктаъб ижодкор, академик Сайфиддин Юнусов устозлик  қилди. Устозидаги  жамики яхши фазилатларни  ўзлаштириб,  ўрганганларини ўзгаларга ўргатиш, билим ва тажрибаларини етказиш, тиббиётнинг асл моҳиятини  англаш ва англатиш, эл саломатлигини муҳофаза қилиш  йўлида  тинимсиз меҳнат қилди.

Тиббиётни  ўз ҳаётининг мазмуни деб билган  Зуҳриддин Салоҳиддинов “Игна билан  қудуқ  қазиш” йўлини тутди. Номзодлик ва докторлик илмий ишларини муваффақиятли ёқлади, олимлик мақомига эришди. Ҳозирда соҳани замон талаблари даражасида  ривожлантириш, янгилик ва инновацияларга эътибор  қаратиш, билимли ва изланувчан ёшларни  қўллаб- қувватлаш учун янада астойдил изланяпти. Шу билан бирга бадиий ижодга ҳам меҳр қўйган. Ҳаётдан олганлари, ўрганганларидан катта таассурот олди, уларни ўзига хос ибрат сифатида бошқаларга ҳам илинди. Одамийлик ва самимият бобида барчага ўрнак бўлди. Шу тариқа унинг «Оқибат бекаси», «Ибрат маликаси», “Ўзбегим ёшларига бебахо туҳфа” сингари бадиий асарлари дунёга келди. Бундан ташқари шифокор олим биринчилар  қаторида институтда инглиз тилида талабалар анжуманини ўтказди. Ўнлаб монографиялар, ўқув  қўлланмалар, амалиётга татбиқ этилган илмий янгиликлар, рационализаторлик таклифлари, ихтиролар, журнал ва газеталарда чоп этилган  қатор илмий мақолалар муаллифи сифатида ҳамон вақтли матбуотда фаол устозлардан бири.  Албатта, меҳнат қилган асло кам бўлмайди. У ўзининг камтарона, аммо фидокорона меҳнатлари учун алоҳида эътирофга сазовор бўлди. 2011  йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси унвони билан тақдирланган Зуҳриддин Салоҳиддинов 2019  йилда тиббиёт ходимлари куни байрами олдидан “Меҳнат шуҳрати” орденига муносиб кўрилди.

Бу рағбат устознинг кучига янада куч қўшди. Айни тажрибаси тўлишган, билими жўшаётган, уни ёшларга етказишга ошиқаётган шифокор юртимизда илм аҳли, хусусан, аллақачон пенсия ёшига етган бўлса-да жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган олимларни алоҳида қўлаб-қувватланаётганлигидан илҳом олади. Зеро, тиббиётни  санъат даражасига олиб чиқишнинг ўзи осонмас. Эндиликда унинг сиру-синоатларини ёшларга ўргатиш унинг учун қалб амри ҳисобланади.  

Раънохон ҲАЙИТБОЕВА,

журналист.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.