EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТАБИАТГА МУҲАББАТ – ТИРИКЛИККА МУҲАББАТДИР

Биз яшаб турган курраи замин, унинг бетакрор табиати, атрофимизни ўраб олган муҳит, сон-саноқсиз табиий неъматларнинг барчаси тирикликнинг энг олий вакили инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилади. Бошқачароқ айтганда табиат – бу тириклик манбаи, бизнинг борлиғимиз, турмушимиз асосидир. Шу маънода табиат ва унинг бойликларини асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг бош вазифаси ҳисобланади. Бу борадаги масъулиятимизни асло унутмаслигимиз,  атроф-муҳитни асраб-авайлаш, табиат дахлсизлигига эришиш, неъматларини ардоқлашимиз лозим. Айни йўналишдаги вазифалар ижросини таълимнинг илк босқичидан амалга ошириш талаб этилади.

2019 йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва шу асосда қабул қилинган  Концепцияда умумтаълим мактабларида бажариладиган вазифалар атрофлича кўрсатиб ўтилган. Шу боис бизнинг Улуғнор тумани халқ таълими бўлимига қарашли 3-ўрта умумтаълим мактабида ҳам дастлабки амалий ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, ҳозирда Концепцияда белгиланган илк вазифалар – умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тизими учун белгиланган давлат таълим талаблари ва таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш, умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари мазмунини экологик билим, кўникма, малака ва компетенциялар билан бойитиш, муҳим экологик саналарга бағишлаб ўқувчилар ўртасида табиат қўйнида турли амалий машғулотлар ўтказиб бориш юзасидан ҳаракатлар бошлаб юборилди. Жамоамизнинг Мунаввар Султонова, Муҳаммаджон Бобоқўзиев, Дилором Султонова, Умиджон Холмирзаев  каби тажрибали устозлари бу борада табиий фан ўқитувчиларига  яқиндан ёрдам беришяпти.

Мирабдулла Абдуллаев, Гавҳарой Бекназарова  сингари устозлар эса Концепцияда кўрсатиб ўталган халқаро грант лойиҳалари ҳисобига ўрта таълим мактабларида «Экология бурчаклари»ни ташкил этиш ва мазкур бурчакларни зарур материаллар билан таъминлаш, умумий ўрта таълим тизимида республика миқёсида босқичма-босқич «Энг яхши экологик тоза мактаб», «Энг яхши эколог ўқувчи» кўрик танловларини ўтказиш вазифасининг мактаб миқёсидаги тадбирларига бош-қош бўлишади. Бунинг учун ҳозирда мактабда нафақат экологик бурчаклар ташкил этилади, балки фаолият олиб бораётган 21 тўгарак қаторига “Ёш табиатсеварлар”, “Экология ва ҳуқуқ” тўгараклари ҳам қўшилади.

Шу ўринда экологик билимларни мактабдан пухта ўрганиш зарурати ҳақида алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки, ҳозирда олимлар берган маълумотларга кўра, она табиат бағридаги асосий экологик тизим таназзулга юз тутмоқда. Бунинг натижасида табиатдаги  биохилма-хиллик йўқолиб боряпти. Биргина Ўзбекистонимизда 14900га яқин турни ўз ичига олган ҳайвонот дунёси 850 содда ҳайвонлар, 61 халқали чувалчанглар, 1179 юмалоқ чувалчанглар, 553 ясси чувалчанглар, 223 моллюскалар, 12000 турдаги бўғимоёқлилардан иборат бўлса, улардан  78 турдаги умуртқасиз ҳайвонлар, 5 та синф ва 702 турдаги умуртқалилар, яъни, 84 турдаги балиқлар, 3 турдаги сувда ҳам қуруқликда ҳам яшовчилар, 60 та судралиб юрувчилар, 462 та қушлар ҳамда  107 та сут эмизувчилар миллий “Қизил китоб”га киритилган.

Таҳлилларга қараганда, кейинги тўрт аср давомида инсониятнинг табиатга нисбатан нохолис муносабати, антропоген омиллар натижасида  484 турдан кўпроқ ҳайвон ва 654 турдан кўпроқ ўсимлик йўқолиб кетган. Ҳозирда ҳар куни 10 турдаги ҳайвон, ҳар ҳафтада бир турдаги ўсимлик йўқолиб бормоқда. Бир тур ўсимликнинг йўқолиши таҳминан 30 турдаги ҳашарот ва юмалоқ чувалчанглариинг ҳалокатига олиб келади. Бу эса барчамизни бирдек ташвишга солади.

Шу маънода она табиат, ундаги ҳайвонот ва ўсимлик оламини ҳимоя қилаш борасидаги тадбирларни мактабдаги фарзандларимиздан бошлашимиз керак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 27 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва шу асосда қабул қилинган  Концепция бу борада ғоят муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унинг ижросига йўналтирилган тадбирларимиз келажак авлоднинг табиат ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш билан бирга унга нисбатан меҳр-муҳаббатни кучайтиради. Табиатга муҳаббат эса тирикликка бўлган муҳаббат демакдир.

Элёрбек АБДУЛЛАЕВ,

мактаб директори.