EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ОЛТИН КУЗ НЕЪМАТЛАРИ

Юртимизда олтин кузнинг сўнгги ойи бошланди. Дарахт ва боғлар ранги уларда пишиб етилган неъматлар каби турфа кўриниш касб этди. Эрта баҳордаги гуллардан  сарҳил меваларга алмашган она замин туҳфаси нафақат бетакрор мазаси, балки шифобахшлик хусусияти билан ҳам ажралиб туради. “Табиатнинг ўзи табиб” номли саҳифамиз орқали уларнинг айримлари ҳақида тўҳталиб ўтамиз. 

Лимон шарбати безгак билан оғриган беморнинг иситмасини тушириш, чанқоғини қондиришда ҳам ёрдам беради. Ундан тайёрланган лосьон(хушбўй сув) билан юздаги ҳуснбузар ҳамда доғларни кетказиш мумкин. Лимон, бор кислотаси ҳамда тимол аралаштирилиб ванна қилиб турилса, оёқ терлашига чек қўйиш мумкин.
Илмий тиббиётда лимон ва унинг шарбати ошқозон-ичак касалликларида, организмда минерал тузларнинг алмашинуви бузилганида истеъмол қилинади. Шунингдек, лимон шарбати ангина, фарингит касалликларини даволашда ёрдам беради.

Жийда халқ табобатида болаларда учрайдиган ич кетиш касаллигида яхши даво ҳисобланади. Дамламаси нафас йўллари шамоллаганда ва ошқозон-ичак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг мевалари сервитамин бўлганлиги туфайли илмий тиббиётда камқонлик, тери қазғоқланиши, бўй ўсмаслигида истеъмол қилиш тавсия этилади. Шунингдек, жийда мевалари организмда туз-сув мутаносиблигини сақлаш ва фикрлаш қобилиятини оширишда ҳам истеъмол қилинса яхши самара беради.

Анор пўстлоғи таркибида ошловчи, смола, бўёқ ва бошқа моддалар бор.
Абу Али ибн Сино анор пўстлоғини қон қусишда, милк ва ичакдан қон кетганда, шунингдек сийдик ҳайдовчи, яра ва жароҳатларга малҳам сифатида ишлатган. Бундан ташқари, олим анор пўстлоғидан тайёрланган қайнатма ичбуруғга даво эканлиги ва у гижжани ҳайдаши тўғрисида маълумотлар беради.

Халқ табобатида анор пўстлоғи , меваси ва мева пўсти, шунингдек ўсимлик гули истиқсо (водянка) , қўтир, йўтал , ичбуруғ, сариқ касалликларга даво сифатида ишлатилади. Анорнинг шарбати зангила (лавша, цинга) касалликларда шифобахшдир. У иштаҳани очувчи неъмат ҳам ҳисобланади. Агар мева пўстлоқларининг кули сариёғ ёки мол ёғи билан яхшилаб аралаштирилиб сурилса, теридаги йирингли ярачаларни тузалишига ёрдам беради. Мева пўстлоғидан тайёрланган қайнатма оғиз бўғилишининг яллиғланишига даво бўлади.

Беҳи мевасининг шарбати билан астма , юрак , сариқ , ҳиқичоқ қорин оғриғи, ичбуруғ касалликларини даволашган. Бундан ташқари , беҳидан бедармонлик, камқонлик, йўтал , меъда, жигар ва буйрак касалликларини даволашда ҳам фойдаланилган.
Абу Али ибн Сино беҳи мевасидан тайёрланган дамламани ичбуруғ, йўғон ичакнинг яллиғланишини даволашда, беҳи шираси билан астма, қон тупуриш ва қайт қилишни тўхтатишда, чанқоқ ва мия оғриғини қолдиришда ишлатган.

Халқ табобатида беҳи уруғи билан узум шарбатининг қайнатмаси камқонликда, ичбуруғда, бавосил касалликларини даволашда яхши таъсир қилади. Беҳи меваси таркибида темир моддаси борлиги туфайли у камқонлик билан оғриган беморларга жуда фойдалидир.

Ёнғоқнинг турган битгани “хазина” дейишади. Унинг тўйимли ва шифобахш мағзигача, метин ёғочидан баргигача фойдалидир. Ёнғоқнинг хомлигидаги қобиқ шираси экзема, дерматоз каби тери касалликларини даволашда ишлатилади.

Абу Али ибн Сино ёнғоқ баргининг ширасини илиқ ҳолда ички қулоқ йиринглаганда томизган. Ёнғоқ пўстлоғидан тайёрланган қайнатмани бачадон қон кетишини тўхтатишда ва гижжа ҳайдовчи омил сифатида тавсия этган. Мағзи эндигина сут йиққан ёнғоқ ниҳоятда фойдали бўлади. Бу даврда унда витаминлар кўп бўлади. Шу боисдан ҳам ёнғоқнинг ҳали тўла пишмаган мевасидан фармацевтика саноатида дори-дармонлар олинади. Ревматизм, рахит ва тери касалликларида ёнғоқ баргларидан тайёрланган дамламали ванна жуда фойдалидир. Унинг барги ажойиб хусусиятга эга, яъни, турли ҳашарот ва куяларга қирон келтирувчи ҳид чиқаради.

Ижтимоий тармоқларга улаш: