Sesh. Iyul 14th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ИСТИҚБОЛИ ПОРЛОҚ ОЛИМ

Қўқон давлат педагогика институтининг ҳурматли устозларидан бири, жамоа орасида қадрли бўлган  фидойи инсон, талаба-шогирдларнинг севимли устози Лутфилло Абдуназаров ўз умрини табиат муҳофазасига бағишлаган олимларимиздан саналади. Бугун у ўз билим ва салоҳиятини ёшларга сингдириш, ўргатиш билан машғул.

Фарғона вилоятининг Данғара тумани, Каттақўрғонча қиш­ло­ғи­да ишчи оиласида таваллуд топган қаҳрамонимиз болалигиданоқ илмга чанқоқ, атроф-муҳитга нисбатан қизиқувчан, зеҳнли, теран фикрлай оладиганлардан эди. Шу боис мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ устозлари, ўртоқлари меҳрини қозонди. Бир неча бор мактаб, туман, вилоят ва республикада ўтказилган фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллади. Мактабни аъло баҳоларга битириб Фарғона давлат университетининг табииёт факультети талабасига айланди.

Унинг олимлик сари йўли шу ердан бошланди. У мазкур даргоҳдаги профессор-ўқитувчилардан илм сирларини пухта ўргана бошлади. Ўқиш давомида университет, вилоят, республика миқёсида ўтказилган тадбирларда қатор натижаларга эришди. Олий даргоҳни мувафаққиятли тамомлаган ёш ўқитувчи иш фаолиятини мана шу университетда, шогирд-тадқиқотчи сифатида давом эттирди. 2001 йилдан Қўқон давлат педагогика институти жамоаси изланувчан ёш олимни ўз бағрига қўшиб олди.

Лутфулло Абдуназаров Қўқон олийгоҳида ўзининг бор иқтидорини ишга солди. Натижада унинг қатор шогирдлари, хусусан,   Ғ.Бердиев, О.Тобиров каби иқтидорли талабалар Мирзо Улуғбек,  Алишер Навоий номидаги давлат стипендиялари совриндорлари бўлдилар. Иш фаолияти давомида, яъни 2009 йилда Германия таълим тизими билан яқиндан танишиб, тажриба алмашиб қайтган устоз институтда ўқитувчилик қилиш билан бирга табииёт ва география факультети деканининг ўқув ишлари бўйича, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари,   кафедра катта ўқитувчиси лавозимларида  ишлади. 2019 йилдан эса Қўқон давлат педагогика институти география ўқитиш методикаси кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқда.

Истеъдодли устоз ҳозирги вақтда география фанлари доктори,  профессор Асқар Нигматов илмий раҳбарлигида “Экологик таълим-тарбиянинг назарий асосларини такомиллаштириш” мавзусида илмий тадқиқот иш­ларини олиб бормоқда. Илмий тадқиқот юзасидан 2017 йилда Қозоғистон Республикаси Нурсултон (Остона) шаҳрида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда  “Ўзбекистонда экологик таълим-тарбия концепсиясини ишлаб чиқиш” номли маърузаси билан иштирок этди. Ҳозиргача унинг илмий -тадқиқот ишларига оид 1та монография, 2 та услубий, 1 та ўқув қўлланма, 45 тадан ортиқ хорижий, республика миқёсидаги илмий журнал, илмий-амалий конференция тўпламларида мақола ва тезислари чоп этилган.

Лутфилло Абдуназаров ўқув, илмий фаолияти билан биргаликда республикада олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳалардаги ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. У  Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси. Партия ишларини юритишда ўзининг  фаол ғоя ва таклифларини киритиб боради. Хусусан, 2019 йилда Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистонда экологик таълим Концепсияси”ни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди. Энг муҳими унинг атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги изланишлари ҳали давом этади. Демак, мамлакатимизда табиатни асрашга даъват қиладиган олимларимиз яна кўпайиб боради. Истагимиз уларнинг сони тобора ортаверсин.Зеро, табиатни асраш, авайлаш барчамизнинг энг аввалги бурчимиз, вазифамиздир.

В.ИСАҚОВ,

Қўқон давлат петдагогика институти профессори.

Х.АБДУНАЗАРОВА,

катта ўқитувчи.

М.МАНСУРОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти

Кенгаши раисининг оммавий ахборот воситалари

масалалари бўйича ўринбосари.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.