EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ИСЛОМ ВА ЭКОЛОГИЯ

Мўъжизаларга тўла борлиқ, атроф-муҳит – бу Яратганнинг инсонларга беқиёс инъоми, унинг буюклигидан дарак берувчи ҳақиқатдир. Ислом дини бунда ҳақиқатнинг мустақил соҳасини эмас, балки энг юқори даражасини акс эттирган ойнани кўради. Бу дунё ҳақида ўйлаш ва унинг сақланиши ҳақида ғамхўрлик қилиш мўминнинг вазифаларидан биридир. Қуръони Каримда табиатда Аллоҳ томонидан ўрнатилган донолик борлиги бир неча бор таъкидланган. Ушбу тартибни сақлаш ва унга риоя этиш инсонга ишониб топширилган.

Тирикликнинг энг олий вакили бўлмиш инсоният нақадар юксакликка эришмасин шу заминнинг бир бўлаги, бўлаги бўлганда ҳам борлиқ ичра  жуда кичик жонзот эканлигини унутмаслиги лозим. Чунки, башарият ўз ақлу-заковати билан нақадар тараққий этмасин кези келганда табиат тилсимлари, синовлари олдида жуда ожиз қолмоқда. Айрим ҳолларда эса одамлар табиий офатни ўз бошига ўзи сотиб оляпти. Бу атроф-муҳит устидан назоратга интилиш, табиат ва унинг бойликларидан тартибсиз фойдаланиш, унга нисбатан истаганча ҳукм ўтказиш оқибатда табиат ва коинот қонунларини бузилишига олиб келади.  Одамлар бу борадаги тартибларга амал қилмаса, табиатдан истаганча фойдаланса тириклик таназзул сари юз тутади. Яъни, Қуръони Каримда айтилганидек; «Агар ҳақиқат уларнинг хоҳишларига боғлиқ бўлса, унда осмон, ер ва улардаги одамлар йўқ бўлиб кетади». (Сура- 23, «Мўминлар»  оят- 71).

Бошқача айтганда, инсон фаолияти атроф-муҳит хавфсизлиги муаммолари билан чамбарчас боғлиқ. Аммо бу билан Ислом иқтисодий ўсишни ёки технологик ривожланишни чеклашга чақиради, дегани эмас. Қуръонда таъкидланишича, ривожланиш доимий технологик тараққиёт билан давом этади, бунда  инсон экологик мувозанатни бузмаса бас. Аммо агар одамнинг кенгайиши табиатда мавжуд бўлган мувозанатни бузса, у ҳолда табиат жавоб беради: «Сизга ҳар қандай офат фақат қилган ишингиз учун етказилади». (сура- 42 «Кенгаш», 30-оят).

Бугун бутун дунёда инсоннинг атроф-муҳитга антропоген таъсири кўлами ғоят кенгайди. Ер ресурсларидан фойдаланиш уларнинг табиий кўпайиш тезлигидан ошиб кетди. Чиқиндилар, ишлаб чиқаришнинг қўшимча маҳсулотлари ва кундалик ҳаёт биосферани ифлослантирмоқда ва ундаги моддалар айланишини бузяпти. Бу ўзининг дастлабки белгиси – инсон саломатлигига таҳдид солиш билан бирга кўплаб жониворлар, ўсимликлар дунёси вакилларининг ҳалокатига сабаб бўлмоқда.

Олимлар ҳали ХIХ аср охирида юзага келиши мумкин бўлган экологик муаммолар ҳақида бонг ура бошлагандилар. Орадан юз йил ўтиб, яъни йигирманчи асрнинг охирида «барқарор ривожланиш» атамаси кенг қўлланила бошланди, бу ҳозирги ва келажак авлодларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, тинчликни сақлаш, сайёра ресурсларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш ва одамларнинг эҳтиёжларини оқилона қондиришга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ва экологик ривожланиш демакдир.

Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва сайёрамизнинг ресурсларининг камайиши табиатда бевосита одамлар иштирокидаги антропоген хусусиятга эга, шунинг учун Ислом ушбу муаммоларнинг ечимини инсон фаолиятини мақсадли тартибга солишда, қийматга йўналтирилган экологик маданиятни шакллантиришда кўради. Демак, бошқа йўналишлар қатори экологик маданиятни ривожлантириш динимизнинг эзгу мақсадларидан биридир. 

Зиёдулло ИСОМИДДИНОВ,

Бўз туманидаги Абдуназар ота

масжиди имом-хатиби.